Дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 700 мингдан ошди. Ҳар 15 сонияда бир киши CОVID-19 қурбонига айланмоқда

0
817
Фото: REUTERS/Jose Cabezas

Reuters нинг берган маълумотларига кўра, 5 август чоршанба куни дунё бўйича коронавирус туфайли вафот этганлар сони 700 мингдан ошди. Ҳозирда АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон ва Мексика энг кўп ўлим қайд этилган мамлакатлар бўлиб турибди.

Reuters ахборот агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб ҳар куни ўртача 5900 киши коронавирус қурбонига айланмоқда. Бу CОVID-19 ҳар соатда 247 кишини ёки ҳар 15 сонияда бир кишини ҳаётдан олиб кетаётганини англатади.

Ҳозирда АҚШ ва Лотин Америкаси пандемиянинг янги ўчоғига айланган бўлиб, бу икки ҳудуд вирус тарқалишини тўхтатишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Лотин Америкасига коронавирус бошқа жойларга нисбатан кейинроқ кириб келганди. Лекин, бу ҳудуддаги камбағаллик ва шаҳарларда одамларнинг жуда зич жойлашгани вируснинг кенг тарқалишига асосий сабаблардан бўлди. БМТ маълумотларига кўра, 640 миллионга яқин аҳолига эга Лотин Америкасида 100 миллиондан ортиқ одам харобаларда яшайди. Аҳолининг кўп қисми норасмий ишларда ишлайди ва шунинг учун уларнинг ижтимоий ҳимояси яхши эмас. Улар пандемия даврида ҳам ишлашни давом эттирмоқдалар.

330 миллион кишининг ватани ҳисобланган АҚШ дунёдаги энг бой мамлакатлардан бири бўлишига қарамай вирусдан жиддий зарар кўрмоқда. АҚШ ҳукуматининг инфекцион касалликлар бўйича бош эксперти Антони Фаучининг душанба куни айтган сўзларига кўра, мамлакатдаги вирус кенг тарқалган штатлар карантин чекловларини қайта жорий қилиш ҳақида бош қотиришлари лозим. Фаучи кузги грип мавсумига қадар коронавирусга чалиниш ҳолларини камайтириш кераклигига урғу берган.

Дунёнинг баъзи қисмларида коронавирус тарқалиши тўхтатилгандек кўринган бўлсада, шу кунларда кўплаб мамлакатларда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик рекордлар янгиланмоқда. Бу эса кўринмас душман билан кураш ҳали бери тугамаслигини кўрсатмоқда.

Мисол учун, Австралия, Япония, Гонгконг, Боливия, Судан, Эфиопия, Болгария, Бельгия, Ўзбекистон ва Исроилда сўнгги кунларда коронавирусни юқтириб олганларнинг сони рекорд даражада кўпайган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг