ТошДУ яхшими ёки ЎзМУ?

0
624
Фото иллюстрация

Туяларни қайтариш дардида ёзилган мақола

Талабалик давримизда уч-тўрт дўстлар бирикиб, кунни тунга, тунни тонгга улайдиган суҳбатлар қурар эдик. Ҳали уникида, ҳали буникида дўппидай ош қилиниб, бирор мавзу устида узоқ тортишиб, эрталабгача фалсафа, дин, адабиёт, сиёсату иқтисоднинг ҳамма кўчаларини кезиб чиқар эдик.

Шундай суҳбатларнинг бирида, 1998 йилда эди адашмасам, Тошкент давлат университети номининг Ўзбекистон Миллий университетига айлантирилиши устида баҳслашдик. Биров бу ишни миллий тикланиш стратегиясига мос иш бўлди, деб маъқуллади, яна биров эски номида қолиши тарафдори бўлди.

Даврамизда асосан гапга кўнмас – “чаппа резба”лар кўпроқ эди, шунинг учун тортишавериб чарчаб қолдик. Охири, орамиздан кимдир, бир гап айтиб қолди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, ким ҳақида айтгани аммо тафсилотлари бир умр ёдимда қолди. Унинг айтишича, домлаларимиздан кимдир туш кўрган эмиш. Ўша домла тушида, аввал бир тўп туяларнинг университет бош биносининг олдида тўпланиб ётганини кўрибди. Яқин бориб қараса, уларнинг устидаги чиройли ҳуржунларга китоблар юкланган эмиш. Сўнг туялар бир-бир ўринларидан туриб, кета бошлашибди. Домла буни кўриб ҳаяжонга тушибди, аммо ҳеч нарсани тушунмабди. Шунда биров унинг ёнига келиб, шундай дебди: «Кўрмаяпсанми? Бу ердан илм кўтарилди.. Олимлар бизни ташлаб кетаяпти..»

Мен мистикага ишонмайман. Пессимист ҳам эмасман. Аммо бир мусулмон ўлароқ ғайбга иймон келтираман. Фол очувчилар, фолга ишонувчилар ва таъбирчилардан фарқли ўлароқ, ислом ақийдасига кўра солиҳ тушларни инкор этмайман. Аммо ўша домланинг туши доим мени ўйлантириб келади.

Тошкент давлат университети Марказий Осиёнинг энг яхши университети мақомини 80 йил ўзида сақлаб келган. СССРнинг энг кучли ўнта университетларидан бири бўлган.

Ўзбекистоннинг ва бутун Марказий Осиёнинг энг етук олимлари, фан арбоблари, ёзувчилари ва шоирлари ТошДУнинг кадрлари эди. Ишонинг ТошДУни битирган машҳур одамларни санаш учун ҳам кунни тунга улаш керак бўлади.

Энг асосийси ТошДУга ишонч билан келган, ҳар бир толиби илмнинг бу даргоҳга кириш имконияти катта эди. Чунки бу ерда коррупция, деярли йўқ, бўлса ҳам жуда ими-жимида қилинар, кўзга ташланмас эди. Домлалар билимдон, маъсулиятли ва энг асосийси ориятли эди. Улар талабалар билан доимо дўстона муносабатда бўлар, шунга яраша ҳурматлари ҳам жойида эди.

Аммо, 1998 йилдан сўнг, олган ойлиги бир марталик тушлик қилишга етмайдиган домлалар ҳақиқатан ҳам университетни ташлаб кета бошлади. Фалсафа фанлари номзоди бўлган бир домламиз, ишни ташлаб “буғалтир”лик курсига ўқиди. Чунки ўша пайтлар олимлар қолиб, буғалтиру кассирлар, экспедиторлару завхозлар, фирмачлар, умуман моддий бойликлар билан олди-берди қиладиган касб эгалари обрўли бўлиб қолди.

Олимларнинг кўпи ҳорижга, Ватанни кўзи қиймаганлари Ипподромга, Чорсуга ёки тижорат фирмаларига кета бошлади. Ўша йиллари университетда кўпроқ фидоий ўқитувчиларнинг кам қисми, асосан уй-жойи тайин, моддий таъминланганларигина қолишди. Уларнинг кўпчилигини, уйларида бошқа таъминловчиси бўлган оилали аёллар ва қариялар ташкил қилган.

Шундан сўнг бу даргоҳни турли тоифадаги чаламуллалар эгаллай бошлади. Коррупция авжига чиқди. Август ойидаги тест кунини “ҳосил байрам” деб атайдиган, орсизлар армияси ўзлари каби ипирисқи талабалар билан муқаддас даргоҳни тўлдириб ташлади. Илм ҳам, олим ҳам хор бўлди.

Энди эса, амалдорлар университетнинг нега дунё рейтингида 4080 ўринга тушиб кетганини муҳокама қилишни бошлашди. Яна устига-устак университет олдига 2030 йилга қадар ТОП-500 таликка кириш талабини қўйганмиш. Ақли бор одам бундай талаб қўйиши мумкин эмас. Чунки 2030 йил қайда-ю, биз қайда. Унгача ким бору ким йўқ. Афандининг айтганидай ўн йил ичида “ё эшак ўлади, ё хон алмашиб кетади”.

Бугунги кунда университет раҳбарияти ҳамма ўқитувчиларни Scopus базасидаги ёки бошқа импакт фактори юқори бўлган журналларда мақола чиқаришга мажбурлашни бошлашган эмиш. Ўқитувчилар таълим сифати бир ёқда қолиб, уч тўрттаси бирлашиб 200 доллардан ташлаб, ископусчи (ҳозир шундай касб бор, улар ОТМларда изғиб юриб, мақола чиқармоқчи бўлган чаласаводларни искаб топади) излаб юрибди.

Натижада эса Scopusнинг нархи ошаяпти, университетнинг рейтинги эмас. Буни қаранг бу ерда яна аферистлар пул ишлашни бошлади. Яна университет илмни тижоратга айлантириб, обрў топишга уринаяпти. Аммо бу билан муаммоларга ечим топиб бўлармикан?

Яхшиси туяларни қайтариш керак!

ТошДУ номини ҳам қайтаришса ёмон бўлмасди..
Мухтасар қилдим!

 

Муаллиф: Анвар Буранов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг