Олимлар коронавирусни иккинчи марта юқтириб олиш эҳтимолдан йироқ эканини айтишмоқда

0
252
Фото: Reuters

Дунёдаги тиббиёт экспертларининг фикрларига кўра, коронавирусга чалинган ва тузалган беморларда унга қарши иммунитет шаклланади. Аммо, бу иммунитет қанчалик кучли ёки у қанча муддат давом этиши номаълумлигича қолмоқда.

Дунё бўйлаб коронавирусдан тузалганидан бир нечта ҳафта ўтиб яна тест натижалари мусбат чиққан одамлар ҳақида хабарлар тарқалганди. Бу эса баъзиларда коронавирус қайта юқиши мумкинлиги ҳақидаги фикр шаклланишига сабаб бўлди. Аммо, экспертларнинг айтишича, коронавирусга чалиниб ундан тузалганлар текширувдан ўтганларида уларда вируснинг қолдиқлари аниқланган бўлиши мумкин.

Шунингдек, бу беморларнинг тест натижалари нотўғри бўлган бўлиши ҳақида ҳам эҳтимоллар мавжуд.

Олимлар ҳозиргача коронавирусдан тузалиб чиққан ва кейинги тестда яна CОVID-19 аниқланган одамларнинг бу вирусни бошқаларга тарқатгани бўйича исботланган ҳолат қайд этилмаганини айтишмоқда.

Коронавирусга ўхшаган вируслар устида олиб борилган тадқиқотлардан маълум бўлишича, инфекцияга чалинган одам тузалганидан кейин уч ойдан бир йилгача бўлган муддатда яна бу касалликка чалиниши мумкин. Лекин, бу ҳолат коронавирус билан ҳам содир бўлиши мумкинлигини айтишга ҳали жуда эрта.

“Коронавирус ҳақидаги билимлар эндигина пайдо бўлмоқда”, дейди АҚШнинг Бостон коллежидаги жаҳон соғлиқни сақлаш дастури директори доктор Филип Ландриган.

Ўтган ҳафтада АҚШда олиб борилган кичик тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, инсондаги коронавирусга қарши курашувчи антитаналар бир неча ойгина сақланиб қолади. Бу эса вирусга чалинган инсон яна унга қарши ожиз қолишини англатади. Лекин, антитаналар организмда вирусга қарши курашувчи ягона ҳимоя эмас. Чунки, иммунитет тизимининг бошқа таркибий қисмлари ҳам коронавирусдан ҳимояни таъминлашда ёрдам беради.

Коронавирусга қайта чалиниш мумкинми ёки бундай эмасми деган саволга жавоб топиш муҳим масала ҳисобланади. Агар вирус иккинчи марта юқиши юз берса, бу коронавирусга бир марта чалиниб соғайган одамларга “иммунитет паспортларини” бериб, уларни иш жойларига қайтариш мумкин, деган фикрларни пучга чиқаради. Шунингдек, бу ҳолат юз берган тақдирда ҳимояси узоқ муддат давом этадиган вакцинани яратиш бўйича умидлар ҳам барбод бўлади.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг