Толибон Ийд Ал-Адҳа муносабати билан уч кун давомида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади

0
130
Фото: Reuters

Толибон жангарилари 29 июль куни мусулмонларнинг диний байрамлари бўлган Ийд Ал-Адҳа муносабати билан ҳарбий ҳаракатларни уч кун давомида тўхтатишларини эълон қилишди. Бу муддат жума кунидан бошланади.

“Бизнинг халқимиз Ийд кунларини хурсандчилик билан ўтказишлари учун барча жангчиларимизга ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмасликлари бўйича кўрсатма берилди” деб ёзди Толибоннинг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўзининг твиттер саҳифасига. Лекин, Мужоҳиднинг қўшимча қилишича, агар бу уч кунлик даврда Афғонистон ҳукумати ҳужум қилса, Толибон жанчилари ҳам уларга жавоб қайтаришади.

Афғонистон президентининг матбуот котиби Седиқ Седиқининг маълум қилишича, ҳукумат Толибоннинг ўт очишни тўхтатиш бўйича қарорини хурсандчилик билан кутиб олди. Шунингдек, Седиқи афғон халқи давомли тинчлик бўлишини хоҳлашини ва тинчлик бўйича Толибон ва ҳукумат ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларни бошлаш кераклигини таъкидлаган.

АҚШ ва Толибон ўртасида шу йилнинг февраль ойида келишувга эришилганди. Унга кўра, Толибон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун баъзи шартлар эвазига ҳукумат билан музокаралар олиб боришга рози бўлганди. Аммо, афғон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги маҳбусларни алмашиш бўйича келишмовчиликлар ҳамда тинимсиз урушлар тинчлик музокаларининг бошланишини ортга сурмоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг 28 июль куни қилган нутқида маълум қилишича, февралдаги АҚШ-Толибон келишувидан бери Афғонистон хавфсизлик кучларининг 3560 нафар ходими Толибон билан тўқнашувларда ҳалок бўлган.

27 июль куни БМТнинг Афғонистондаги Ёрдам миссияси бу мамлакатда 2020 йилнинг дастлабки олти ойида 1280 нафар фуқаро ўлдирилганини хабар қилди. Улар асосан Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги урушларда қурбон бўлган.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг