Бизда ШАХСлар борми?

0
351
Очиқ манбалардан олинган фото иллюстрация

Аслида саволни «Биз уларнинг шаклланишига йўл бердикми? » деб қўйсак тўғрироқ бўларкан. Жавоб ҳам осон: ЙЎҚ!

Совет пайтида ҳам, ундан кейинги постсовет даврида ҳам бизда шахснинг шаклланишига хавотир билан қаралган. Масалан, етук олим, дунёвий фикрлай оладиган зиёли кўпроқ жамият ва халқ манфаатига эмас, ҳукмрон мафкура ва сиёсат тарғиботига жалб қилинган.

Эҳтимол шундан бугун урфга кирган «маддоҳ» бренди тўғри шаклланмай, гибридлашиб қолган шу бечораларнинг пешонасига тавқи лаънатдай ёпиштирилаётгандир…

Фақат бу эмас: ишчи-ходимлар «тарбияси» ҳам бизда ёзилмаган қонунлар асосида тартибга солиб турилган. Яъниким бунга комплекс ёндашилган.

Дейлик, катта бир корхонага ишга борасиз. Раҳбар қабул қилади. Раҳбарки, ёши тўқсонни қаршилаган бамисоли рамақижон. Пуф, десанг учиб кетадигандай… Оғзи қимирлаётганини ҳисобга олмасанг, тириклигигаям ишонгинг келмайди. Бироқ ўта «блатной». Дунёнинг билмаган сири қолмаган будда роҳибидай хотиржам…

— Хуллас, ука, бизда жамоа катта… Биринчи қиладиган ишингиз цехингиздаги, қолаверса, бутун заводдаги ходимлар орасидаги гап-сўзлардан мени бохабар қилиб турасиз. Мен нима бўлаётганини билишим керак…

Мен, деб гап бошлайсиз сиз… Гапимни бўлманг, айтиб турасиз, шунга яраша мояна бўлади… Сезган бўлсангиз, сиздан чақимчилик талаб қилиняпти ва бу тартибли ишчининг фазилати, дея малакаланяпти.

Энг қизиғи, бу бобой бу топшириқни заводда мингта одам бўлса, ҳаммага берган. Демак, ҳамма ҳаммани чолга чақиб туради. Энди бу тартиб бутун жамиятга татбиқ қилинганини ўйласангиз, нега шахслар эмас, ҳаммаёқни маддоҳу ўламсалар босиб кетгани бир қадар ойдинлашади…

Биз узоқ йил шу тартиб билан яшадик. Бугун Президент одамларнинг тафаккури ўзгариши керак, деб жон койитади. Бироқ бунга анча вақт ва парвариш керак, назаримда. Жамият ва миллий тафаккур парвариши… Қалб ва онг парвариши…

Ҳеч эътибор қилганмисиз, кейинги чорак асрда жамият онгида ғалати инстинктлар пайдо бўлди.

Масалан, сизга ўртоғингиз қўнғироқ қилади. Гапни бошлаши билан уни бўласиз, «кўришганда гаплашамиз…» Уйдан болаларингиз телефон қилади, «уйда гаплашамиз…» Қишлоқдан жигарингиз телефон қилади. Унга ўшқирасиз, «телефонда бунақа гапларни гапирма…»

Қизиқ савол туғилади, унда телефонни нимага кўтариб юрамиз, нимадан бунча қўрқамиз?..

Руҳиятдаги сабаби тушунарсиз мана шунга ўхшаш қўрқув ва ҳадик мудом бизнинг қалбларимизни, тафаккуримизни ўлдириб келмаяптимикан, чақимчилик, фисқу фасод кўланкаси атрофимиздаги тирик шахсиятларни қовжиратмаяптимикан?..

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг