“Худо биздан кўпроқ рози бўлади”: Бу йил Ҳажга бора олмаган афғонистонликлар ватанларидаги камбағалларга ёрдам беришмоқда

0
140
Фото: AP

Саудия Арабистони коронавирус пандемияси туфайли бу йил Ҳаж қилиш учун четдан мусулмонларни қабул қилмаслигини маълум қилгач Афғонистоннинг Қобул шаҳрида яшовчи Тажуддин Сангравал вақтини ва Ҳаж учун тўплаган маблағини ўз мамлакатидаги камбағлларга ёрдам бериш учун ишлатмоқда.

“Балки, бу йил Ҳаж қилиш менинг тақдиримга ёзилмагандир. Биз бунинг ўрнига муҳтож одамларга ёрдам берганимиз яхши бўлади, чунки шунинг ўзи ҳам Ҳажга боришдек савобни беради. Масжиддаги ваъзхонлар ва радиода берилган хабарларга кўра, Афғонистоннинг турли ҳудудларидаги одамлар коронавирус пандемияси сабаб қийин аҳволга тушиб қолишди. Шунинг учун биз барча имкониятларимизни ишга солиб уларга ёрдам беришга қарор қилдик” дейди 42 ёшли Тажуддин пандемия сабаб Афғонистонда одамлар ишсиз қолганини ва ҳаётий эҳтиёжларни қондира олмаётганини таъкидлар экан.

Афғонистонда 27 июль ҳолатига кўра 36 мингдан ортиқ одам коронавирус билан касалланди ва уларнинг 1259 нафари вафот этди.

Саманган провинциясида истиқомат қилувчи оқсоқол Ҳимат Шоҳ шундай дейди:

“Худо бизнинг Ҳаж қилишимизга ёки ибодатимизга муҳтож эмас. Лекин, у бизнинг одамларга хайрия қилишимизни яхши кўради. Эҳсон орқали муҳтожларнинг танглиги ва очлигини камайтиришга ёрдам берамиз.”

Сангравал ва Шоҳ Афғонистонда Ҳажга тўплаган пулларини улашаётган ягона одамлар эмас. Бу йилги Ҳаж бекор қилинганидан кейин Афғонистондан бу ибодатни амалга ошириш учун Саудияга борадиган 30 мингга яқин афғонлар хайрия ишларига киришдилар. Масалан, Қобуллик Раҳматулло Ҳажга бориш учун йиғган 5 минг АҚШ долларининг ярмини муҳтожларга тарқатмоқчи.

“Мен кўп йил тикувчилик қилиб Ҳаж учун мисқоллаб пул тўплагандим. Лекин, Каъбатуллоҳнинг эшиклари бу йил биз учун очилмаслиги маълум бўлди. Бу хабарни эшитиб бошида мен жуда хафа бўлдим. Аммо, бу ҳақда қанча кўп ўйлаганим сари қувона бошладим ва бу пулларни камбағалларга, беваларга, етимларга ва уруш ҳамда коронавирус туфайли тирикчилик манбайидан маҳрум бўлган одамларга бериш яхшироқ деган қарорга келдим. Худо бизнинг тавбаларимизни ҳар ерда эшита олади. Агар мен ва бошқалар камбағалларнинг очликдан ўлмасликлари ва яшаб қолиш учун нотўғри ишларга қўл урмасликлари учун уларга ёрдам берсак, Худо биздан кўпроқ рози бўлади” дейди Раҳматулло.

Раҳматуллонинг қўшимча қилишича, унинг бу йил Ҳаж ва Умрага бормоқчи бўлган баъзи қўшнилари, дўстлари ва оила аъзолари ҳам ўзларининг тўплаган маблағларини муҳтожларга ёрдам беришга сарфлашган.

Афғонистон Иймон ва Дин ишлари вазирлигининг нашриёт бўлими бошлиғи Фазл Аҳмад Ҳусайни бу йилги Ҳажни ўтказиб юбораётган афғонларни ўз маблағларини муҳтожларга тарқатишга ундади.

“Одамлар бизнинг бу даъватимизни яхши қабул қилишди. Чунки, биз Исломий давлатмиз, бу ердаги одамларга ёрдам керак ва ҳар бир каттаю кичик ёрдам аҳамиятга эга” дейди Ҳусайни.

 

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг