Ақийда билмаган шайтона элдур…

0
596
Очиқ манбалардан олинган фото иллюстрация

Сўз айтиш маъсулияти ёхуд қалам ва қалб уйғунлиги ҳақида мулоҳаза

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ақийда билмаган китоб ёзмасин экан. Сўфи Оллоёр бекорга “ақийда билмаган шайтона элдур” демаган шекилли, бу гап қайсидир маънода ижодкорларга ҳам тегишли бўлса ажаб эмас.

Мустақилликка қадар қўлига қалам тутган ёзувчи ёки шоир борки, Ленин ёки партия ҳақида ёзмаса бўлмасди. Бошланғич синфларда ёзиладиган диктантлардан қалбимизга сингиб жой олган бу маддоҳлик иллати бутун онгимизни қамраб олган эди. Иншо ёзсак ҳам, курс иши ёзсак ҳам аввал Маркс, Энгельс, Лениндан мақтамасак бўлмасди. Яна устига устак даврига қараб давлат раҳбарларининг “бугун бир тийинга қиммат” бўлган, аммо вақтида “ҳикмат” ҳисобланган сўзларидан иқтибослар келтириларди. Бу иллат қалбимизга шунчалар ўрнашим кетган эдики, мустақилликдан кейин ҳам ундан қутулишнинг иложи бўлмади. Айниқса, ёзувчилар, шоирлар, олимларга қийин бўлди.

Кўпчилик, нега Совет давридаги китоблар, кутубхоналар йўқ қилинди?, дея ажабланади. Ахир бу китобларни йўқ қилишда айнан китоб ёзган ёзувчи, шоир ва раҳбарлар бош-қош бўлишган. Чунки, замон ўзгариб коммунистик тузум танқиди биринчи планга чиққан пайтда, даҳрий доҳийлардан иқтибос келтириб ёзилган китобларни яшириш керак эди. Қолаверса, ўша йиллар пролетар доҳийлари мадҳ қилинган қитоблар ўқиш эриш туюладиган, уни ёзганлар эса ёзганидан уяладиган давр бўлди.

Янги даврнинг энг катта ютуғи динга эътибор берилгани бўлди. Аммо олимларимиз дабдурустдан Ленинни мақташни қўйиб, дин тўғрисида ёзай, деса эриш туюлди ёки имкони, салоҳияти етмади. Ёки яна СССР қайта тузилиб қолса, нима қиламан, деган ўй қаламининг тиғини қайтарди. Аслида диний мавзуда ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Аммо мустақилликнинг илк йилларида етарли ақийдавий билимга эга бўлмаган ноширлар ҳам кўпайиб қолди. Ва айнан уларни шарофати билан маза-матраси йўқ диний китоблар кўпайиб, охири уларнинг бу ишлари учун бутун миллат азият чекишига тўғри келди. Миллионлаб ёшлар ширк ёки жаҳолатнинг ботқоғига ботиб, ақийдада адашиб қолди.

Ҳамон ёдимда турибди, ўша йиллари “Ҳазрати Али қиссалари” деб номланган, юмшоқ муқовали китоб чиққан экан. Дарров биттасини сотиб олдим. Уйга бориб ўқиб кўрсам, мазмуни Али розиаллоҳу анҳунинг ҳаёти-воқеалари бўрттириб кўрсатилган, муболағага бой, шиаларнинг бир китоби экан. Манбаси кўрсатилмаган, аммо ақийдавий таҳлил қилинса шиаларнинг ақийдасига мос келади.

Мустақиллик давридаги яна бир ўзига хос маданий юриш, туркийликка эргашиш бўлди. 1992 йилдан бошлаб минглаб талабаларимиз Туркияга ўқишга жўнатилди. Илмий коммунизмни шарҳлаб, пантуркизмни ёмонлаб чарчаган, олимлар янги мавзу топилди, деб миллатнинг туркий ўзакларини ахтаришга тушишди. Шоирлар туркча тахаллусга ўтишни бошлади. Хонандалар туркча қўшиқ айтади, раққосалар туркча рақсга тушади. Телевизор ҳам турк товарларини реклама қилади. Энг аълочи талабалар таълим, фан ва маданият соҳасида ҳамкорлик баҳонасида Туркияга жўнатилган. Ҳамма ҳудудларда турк лицейлари очилган. Хатто “Оҳ, Истанбул, Истабул..” деган бир даюсона кино ҳам ишланиб, ёшлар томонидан ижодкорлари “дўппосланди” ҳам.

Вақт ўтиб, халқнинг хоҳиши эмас, раҳбарларнинг бир-бири билан тил топишмагани учун Туркиядан ҳам юз ўгирдик. Сарсон ҳам сарсон саргардон ҳам сарсон, дегандай Туркиядан талабаларни ҳам қайтаришди. Ўшанда бир университет домласининг холати ёдимда, кафедрада ўзи ёзган “Туркий илдизларимиз” номли китобчанинг нусхаларини йиғиб олаётган экан, бехосдан мен кириб қолдим. Кўзлари бежо домла, маъюс кўзи билан менга қараб: – мободо сизга шу китобдан бермовдимми? деб сўради. Унинг аҳволини тушуниш қийин эмасди, чунки туркий контекстда ёзилган китобларини яшираётган битта у эмас, “тилига тушов бойланган” домлаларимиз кўпчилик эди.

Мустақилликдан кейин етук адибларимизнинг тушкунликка тушиб қолганини кўрганмиз. Қайсики адиб, виждони бор бўлса бошини эгиб сукут қилди, айбдорлигини, адашганини билдирди. Кимга иймон етган бўлса, тавба қилиб ажрини олди. Янгича ёзадиган, миллат қайғуси билан яшайдиган бўлди. Адабиёт тужжорлари эса бир думалаб коммунистдан истиқлолчига айланди қолди. Аммо заррача ўзгармадики, на афтида на ахлоқида бир ўзгариш бўлди. Кўпи ароқ ичиб ҳажга борди, ҳожи бўлиб қайтиб яна ароқ ичди.

Сўз айтишни ўзига касб қилган одам шу касбнинг маъсулиятини ҳам зиммасига олиши керак. Йўқса ерга туфлаб, тупугини қайтариб олган орсиз бир касга айланади қолади. Қолаверса, ёзувчи ёки шоирнинг ўз позицияси бўлсин экан, гарчи у даҳрий бўлса ҳам. Ҳар на бўлса, одамлар унинг кимлигини билади. Миллатчи бўлса ҳам, ирқчи бўлса ҳам ўз эътиқодини яширмаса, одамлар унинг саломига қараб алик олади. Аммо кимнинг аравасида ўтирса шунинг қўшиғини айтадиган мунофиқ бўлмасинки, мунофиқнинг юзи бўлмайди.

Бу борада Лев Толстойнинг ҳаётида ажойиб ибрат бор. Толстой насроний оиласида туғилди. Чин насроний бўлиб улғайди. Ижодининг илк даврида неки ёзса, ўз эътиқодидан келиб чиқиб ёзди. Иқтибос келтирса “Эски аҳд”дан ёки “Янги аҳд”дан иқтибос келтирди. Аммо адиб насронийлик ақийдасидан ўзи излаган ҳақиқатни топмади. Шу сабаб изтироб чекиб, ҳақиқат излади. Оқибатда, насронийликни инкор қилиб, Черковдан воз кечди.

Синод уни муртад, дея эълон қилди. Аммо Толстой бунга парво ҳам қилмади. Насронийликнинг “троица” яъни ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳ билан боғлиқ ақийдасини мантиқан якка худолик тамойилига зид экани, хоч ва иконаларнинг эса бидъат ва ширкдан бошқа нарса эмаслигини баралла айтиб Синодга ҳам Оқпошшога ҳам қўрқмай жавоб бера олди.( Л.Н.Толстой. Ответ Синоду ).

Толстой ижодининг сўнгги даврида исломга юз тутди. Асарларида ислом манбаларидан иқтибос келтирадиган бўлди. Муқаддас ҳадисларни саралаб, рус тилига таржима қилди ва “Изречения Магомета, не вошедшие в Коран” деган ном билан рус жамиятига тақдим қилди. Синод ва ҳукумат ҳам бу пайт тинч тургани йўқ. Тинмай Толстой номини қоралаб, уни “инсон қиёфасидаги иблис”га чиқарди. Аммо халқ Толстойни қораламади, аксинча уни олқишлади.

Бугун эса бу адибни насронийлар ҳам, мусулмонлар ҳам бирдай яхши кўради. Қарангки, хатто даҳрийлар салтанатининг султони Ленин ҳам унинг даҳосини тан олган. Толстойни “Рус инқилобининг кўзгуси”дея атаган. Биласизми, нега? Чунки Толстой мунофиқ бўлмади. Эътиқодини яширмади. Маддоҳлик қилмади. Оддий одамларни ўзига дўст тутди.

Бизнинг асримизда эътиқод ҳам ўзгача. Умар Ҳайём айтганидай аксар одамлар “на бир мусулмон, на кофир”. Шу ўринда таъкидлаш керак, агар ёзувчи мусулмон бўлса, ислом ақийдасини ўрганиши керак бўлади. Йўқса кўрдик, айрим ёзувчиларимиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ўзича ҳадис тўқиб, жамоатчилик орасида қанча шарманда бўлди. Яширай, деса китоб тарқаб кетган. Яширмаса юзи шувит..

Мустақиллик йилларида ёзувчи Тоҳир Малик ўзбек адабиётида янги бир мактаб яратди. Гарчи совет даврининг кадри бўлса ҳам ҳеч иккиланмай ўз позициясини ўзгартирди. Бир йўналишда собит туриб, китоблар ёзди. Ортига қарамади. Ачинмади. Тоҳир Малик янги давр ўзбек ёзувчилари ичида биринчи бўлиб асарларини “бисмиллоҳ” билан бошлаган ёзувчи бўлди. Ўзбек насрига илк бора Қуръон суралари ва ҳадисларни олиб кирди. Унинг асарларидан ибрат оладиган одамлар кўп бўлди. Аммо ибрат оладиган ёзувчилар кам бўлди.

Бугунги айрим ёзувчиларнинг асарлари ақийдавий пуч фикрлар ёки ёт ақийдаларнинг маҳсули. Асарларида холислик йўқ. Баъзиларнинг ёзганида элга танилиш илинжи кўпроқ сезилса, баъзиларидан маддоҳлик сассиқ ҳиди анқийди. Яна менинг ёзганларимни ҳеч ким ўқимаяпти, деб нолигани ортиқча.

Устоз Нурали Қобул ўз китобларидан бирида Жарко Петандан “Баъзилар ватанларини худди сотадигандай мақташади” деган иқтибосни келтиради. Дарҳақиқат, ватанни кўп мақтайдиганларнинг орасида Ватанни сотганлар ҳам кўп бўлди. Аслида ким ватанни севса уни мақташи эмас, Ватанга хизмат қилиш керак. Шунинг учун ватанпарвар, деганда доим кўз ўнгимизга ватан тинчлиги учун собит турган ҳарбийлар келади, шоирлар эмас!. Деҳқонлар келади, шоирлар эмас!. Тадбиркорлар келади, шоирлар эмас!..

Бу борада немислардан ўрнак олиш керак. Германияда шоирлар ватанни мақтаб “О, Германия” деган шеърлар ёзмайди. Ватаннинг, халқининг муаммолари ҳақида ёзади. Халқи ҳам “О, Германия”деган шеърларни ҳис-ҳаяжон билан ўқиб юрмайди. Ватанга хизмат қилади. Улар “Германия, сенга жулдурдан кафан бичамиз” деб ёзган ва ватаннинг муаммоларини, императордан тортиб малай маддоҳларгача, руҳонийлардан тортиб очкўз полициячиларгача ҳамма-ҳаммасининг башарасини очиб ташлаган Гейнени ватанпарвар, деб билади. Севади, ардоқлайди.

Бугун ҳам немислар Германияни ёки канцлер Ангела Меркельни мақтамайди. Мадҳ этмайди. Аммо фуқаролик бурчи ва мажуриятига кўра, унинг чиқарган қарорларини сўзсиз бажаради.

Германияда “бахт” аналитик тушунча ҳисобланади ва унинг кўламини ҳам, халқнинг форовонлик даражасини ҳам социологлар белгилайди. Бизда эса қанчалик бахтли эканимизни, ўн йиллар Тошкентнинг ижара уйларида беватан юрган ҳовлиқма шоирлар айтади. Шоирларимиз “бахт”ни шеърларида шундай тасвирлайдики, ялангоёқ одам ҳам уни ўқиб ўзини бахтли ҳис қилишга мажбур бўлади. Куни кеча қулоғимиз тагида янграган “Москвадан нур олган бахт байроғи”, “Ленинни англаймиз партия десак”, “Улуғ рус оғамиз”, “Тақдирингни кўролдим аён коммунистик кенгликлар оша” каби жумлалар ҳаммамизни алдади. Ҳаммамиз алдандик. Аммо алдаганлар уялгани йўқ. Уларнинг шогирдлари яна йигирма беш йил алдади. “Очко” олди. Унвон олди. Уялгани йўқ.

Ҳазрат Навоийнинг шоҳ асри Хамсага мурожаат қиламиз. Биринчи достоннинг биринчи мақолати: Иймон ҳақида!

Навоий ёзади: “Кимки бу дунёга меҳмон бўлиб келган экан, унинг асосий нишони-белгиси иймондир. Демак, сабр, шукр ва ҳаёдан иборат бўлган одамларгина Инсон деган номга муносибдирлар, имондан узоқ бўлган кишиларни эса бу ном билан атаб бўлмайди.»

Навоий ҳазрат, иймонсизни одам, деб атаб бўлмайди, деяпти. Ичмаса туролмайдиган қанча навоийшунослар бор. Бир ўйлаб кўрса бўлар. Ҳали ислом бобидаги иккинчи, салотин бобидаги учинчи мақолатга ўтмадик. У ерда “май жисм уйини вайрон қилиш учун отилган ўқдан бошқа нарса эмас” деган сўзлар бор. Менга қолса Хамсанинг шу бобларини ёзувчилар уюшмасининг тўрига илиб қўярдим.

Ҳар бир қўлига қалам олган одам ўзига савол бериши керак: Мен кимман?! Халқимга нима демоқчиман? Нимани хоҳлаяпман? Мақсадим фақат шоир ёки ёзувчи бўлиб танилиш эмасми? Асл матлабим обрў, мавқе ёки мансаб эмасми?

Муаллиф ёзган жумлаларда унинг сийрати, тийнати, аҳволи-ю ахлоқи кўриниб туради. Зеро ҳар бир асар ўз яратувчиси ҳақида маълумот бериши бор гап. Шундай экан ҳар ким ўз ақийдасига, яъни қатъий таркиб топган позициясига эга бўлиши керак.

Кейинги йилларда юртимизда диний мавзуда китоб ёзувчилар ҳам кўпайиб, диний-маърифий соҳада бир мунча ижобий силжишлар кўрина бошлади. Аллоҳга ҳамд бўлсин! Фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф чин маънода маърифат маъшалини ёқиб, иймон шамини ёқиш учун учқун топа олмай юрган юртдошларимизга зиё тарқатиб кетди.

Инсон ўзлигини англаши, ўзини ислоҳ қилиши учун етарли бўлган илоҳиёт, фиқҳ, ақийда илмига оид китобларни биз тушунадиган тилда ёзиб, бизнинг ҳолимизга ва феълимизга мос ҳолда тушунтириб берди. Ёлғоннинг, маддоҳликнинг иллатларини очиб берди. Маддоҳлик динда ман қилингани, ундан мадҳ қилувчи ва мадҳ қилинувчига келадиган офатлар ҳақида айтиб, ҳаммамизни огоҳ қилди. (Қаранг:Islom.uz. Маддоҳлик)

Аммо шайхнинг ёзганлари, ўгитларини аксарият маддоҳлар ўқимайди. Чунки уларнинг кўпчилигининг кўзи маърифий китобларга эмас, саройга тикилган.

Асли, қўлга қалам тутиб фикр айтмоқ асли аҳли донишнинг ишидир. Аҳли дониш эса кўпроқ қалбга қулоқ солувчи, қалби не деса уни қоғозга туширувчи бўлади. Аммо шуни унутмаслик керакки, қалбда қалбакилик бор. Шунинг учун қалбни ақл билан тўғри йўлга солиш, ҳалокатдан асраш керак бўлади. Қачонки қалам қалбга, қалб эса ақлга бўйсунса, аҳли дониш йўлдан адашмайди. Аҳли донишнинг изидан юрган эл ҳам адашмайди.

Янаям ҳамманинг ўзига, виждонига ҳавола.. Мен эса айтдим қўйдим!

Анвар Бўронов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг