platforma.uz: «Биз нега доим ўзга юрт олимларидан умидвор бўламиз?!»

0
587
Фото: platforma.uz

Мени кўпинча бир савол қийнайдики, илм билан ечилиши зарур бўлган қандайдир глобал масала юзага келганда, нега бизнинг олимларимиз доим парда ортида қолади? Нега?!

Демоқчи бўлганим, мана, ҳозирги пандемия шароитини олинг. Бутун дунё коронавирусга қарши вакцина яратилишига умидвор бўлиб қараб турибди. Қаерда шу мавзу билан боғлиқ бирор янгилик чиқса, шошилиб ўқияпмиз: россиялик, Буюк британиялик, хитойлик олимлар вакцина яратибди, биринчи, иккинчи синови яхши ўтибди, ҳадемай оммавий қўллаб кўриларкан… “Барака топишсин, тезроқ яратишсин-да ишқилиб”, дея қанчадан-қанча юртдошимиз ўз муносабатини ҳам билдиряпти шундай хабарларга.

Тўғри, вакцина яратиш осон иш эмас. Балки хато фикрлаётгандирман. Лекин салоҳиятли олимлар, академиклар камми бизда? Нима етишмайди ўзи? Техника-технология расвоми?! Ундай десангиз, доим Президент билан учрашувдан кейин илм аҳли ТВ, матбуотни бўшатмай, оғзидан бол томиб мақтанадику: “Мана, энди янги босқич бошланди…”, “Ҳамма шароит яратиб берилди…”

Ҳамма шароит бўлса (ростдан ҳам давлат раҳбари ҳеч ким қилмаган имкониятларни қилиб беряпти олимларга), унда шундай “ёнаётган” пайтда нега сас-садоингиз чиқмайди? Нега у дори зарарми ё буниси, бу препарат мумкинми ёки йўқ, деган баҳс кетаётганда, ҳеч бўлмаса шуни ечишда ёрдамлашмайсиз? Чиройли гапларингиз кимга керак?! Агар дардингиз бўлса, алдамай айтинг. Шундоқ ҳам йиллар давомида бир-биримизни алдаб келдик. Кўп вақт йўқотдик.

Биз қачонгача ўтиб кетган улуғ алломаларимиз билан мақтанамиз? Қачонгача Ибн Сино биздан чиққан, тиббиётнинг асоси бизда, деб кўкрак керамиз?! Хўп, шуларнинг авлоди эканимизни исботлаш ҳам керакми?!

Мен мана шундай пайтларда оддий бир фуқаро сифатида ЎзФА президенти ёки инновация вазирининг шижоатини, шаштини, ҳамма олимларни бирлаштириб, ёниб-куяётганини, шкафларда чанг босиб қолиб кетадиган папкаларни эмас, реал ҳаётда асқатадиган илмий ишлари меваларини кўргим келади…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг