Россия Конституциясига ўзгартиришлар бўйича мулоҳаза

0
386
Фото: Александр Миридонов / «Коммерсантъ»

Россия Конституциясининг булғаниши, деб ном олган бир ҳафталик «овоз бериш» процедураларидан кейин россияликларни ва умуман, Путин Россияси саттелитларини яқин орада нималар кутаётгани ҳақида шахсий фикрларни ёзишга бир неча бор чоғландим.

Юз бериши мумкин бўлган айрим воқеалар юз бериб улгурдики, энди ҳеч қурса тарих учун қайд этиб қўймаса бўлмайди.

Демак россияликлар учун:

Мамлакат халқи қашшоқланишда, Путин ва унинг ўғри дўстлари бойишда давом этаверади. Бу, қиймати 1 июлгача турли йўллар билан ушлаб турилган рублнинг қулаши, солиқларнинг оширилиши, ўғри дўстлар фойдасига протекционизм, кичик ва ўрта бизнесни ғорат қилиниши каби жараёнлар билан амалга ошади.

Энди ҳар қандай ўзгача фикрлаш россияликлар учун хавфли. Россияликлар қариётган диктаторнинг ўлимигача оммавий қўрқув билан билан яшашга маҳкум энди. Журналистларни қамаш, шпионамания, душман қидириш авж олади (бу ҳозирнинг ўзидаёқ рўй бермоқда).

Ёлғончи, муттаҳам ва тилёғлама қатламлар муваффақиятга эришаверади. Амалдаги режимни олқишловчи ҳар қандай тоифа рағбат топади. Тескари лифт барча соҳаларни қамраб олади.

Россиянинг қўшни саттелитлари учун:

Путин Россияси ҳатто демократик бўлмаган давлатлар учун ҳам тубнинг янги ўлчовига айланади. Солиштириш ва фарқлар кўришда Биз Туркманистон эмасмизку, Биз Шимолий Корея эмасмизку, дейиш ўрнига «Биз Россия эмасмизку» дейиш ҳақиқатга яқинроққа айланади.

Аввал босиб олинган Жанубий Осетия, Абхазия, кейин Донбассни очиқчасига Россия ҳудудига инкорпорация қилинади, яъни қўшиб олинади. Халқаро ҳуқуқ-чи дерсиз. Энди Путинча Конституцияда Россия учун халқаро ҳуқуқ иккинчи даражали. Агрессиянинг кейинги йўналиши тарихий ҳудудларга очиқча даъво билдирилаётган жануб томон қаратилади.

Фуқаролар янги нефть иборасини Путин ўзича, ўзининг зўравон мафкураси билан тушунади. Бутун постсовет ҳудудлари фуқароларини «прихватизация», яъни эгаллаб олиш ҳаракатлари бошланади. Айрим сателлит мамлакатлар оккупация қилинишдан аввал уларнинг фуқаролари пропаганда, умумий фуқаролик, паспорт каби воситалар билан эгалланади.

Легитимлик олишнинг асосий манбаи Кремль бўлиб қолади. Худди ўрта асрларда князлар Олтин Ўрдадан ёрлиқ олмагунча ҳокимияти ҳисобга ўтмаслиги сингари, Кремль маъқулламаса, сателлит мамлакатлар халқларининг танлови ва истаги қийматга эга бўлмайди.

Хуллас, кутилмалар бир-биридан ёмон ва бир-биридан даҳшатли.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг