“Зомин” ёш ижодкорлар семинарида ўқилган нутқ

0
464
Фото: Fozil Farhod канали

Ассалому алайкум, қадрли Зомин ёш ижодкорлар семинари қатнашчилари!

Чорак асрдан буён ўзбек адабиёти ривожи ва ёш истеъдодларни қўллаб қувватлашни ўзига бош мақсад қилиб қўйган анжуманнинг навбатдаги йиғилиши ҳаммамизга қутлуғ бўлсин!

Азиз ёш ижодкорлар!

Икки халқ тожик ва ўзбек адабий алоқалари хусусида сўзлар эканман, фурсатдан унумли фойдаланиб, эътиборингизни қуйидаги уч нуқтага қаратмоқчиман.

Биринчиси ўзбек адабиётидаги зуллисонайнлик анъанасига;

Иккинчиси “Ширу шакар” бадиий санъат услуби;

Учинчи йўналиш бадиий таржима соҳасига.

Барчамизга маълумки тожик ва ўзбек халқининг турмуш тарзи, маданияти, урфу одатлари ва руҳияти бир-бирига жуда яқин.

Шунинг учун бўлса керак, бизнинг классик шоирларимиз форс-тожик шеъриятидан яхши хабардор бўлишган ва бунинг натижасида ўзбек шеъриятида зуллисонайнлик ва “ширу шакар” услубида ижод қилиш анъанаси вужудга келган.

“Ширу шакар” услубидаги ижоднинг илк намунасини биз Мавлоно Румий ижодида учратишимиз мумкин.

Мазкур анъана мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Муқимий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва кейинги даврда Ўлмас Жамол ижодида муваффақият билан давом эттирилди.

Зуллисонайнликнинг илк намунаси сифатида Ҳофиз Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” достонини мисол келтиришимиз мумкин.

Шунингдек, Мавлоно Лутфийнинг ғазаллари, Алишер Навоийнинг “Фоний девони”, Гулханийнинг “Зарбулмасал” достони ҳам икки тилда битилганини эслатиб ўтмоқчиман.

Халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда бадиий таржиманинг ҳам ўрни беқиёсдир.

ХХ асрда атоқли ўзбек таржимонлари Шоислом Шомуҳамедов, Жамол Камол, Тилак Жўра, Маъруф Жалил, тожикистонлик ўзбек шоирлари Ўлмас Жамол, Асқар Маҳкам, Неъмат Иброҳим ҳам тожик классик ва замонавий шоирларининг ижод намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, адабиётимиз хазинасини бойитишга хизмат қилдилар.

Камина ҳам устоз Ўлмас Жамолнинг даъвати билан элликка яқин тожик шоирлари шеърларини ўзбек тилига ўгириб китоб шаклида чоп қилдим.

Бундан ташқари қадимий Ҳисори шодмонда яшаб ижод қилган Муҳаммад Юсуф Маъюсий, Сўфий Ҳисорий, Парий, Ғамгин, Банда, Жазбий каби аллома шоирлар ижод намуналарини тўплаб таржима этдим ва гулдаста тарзида нашр эттирдим.

Бугунги кунда ўзбек ва тожик адабий алоқалари яна ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда.

Ўтган йили апрел ойида Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси Андижон бўлими таклифига биноан, Марҳамат шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллиги тадбирларида иштирок этдим.

Май ойида эса Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Қарши шаҳрида ўтказилган ва Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов хотирасига бағишланган I халқаро “Олтин сўз” фестивалида ҳам Тожикистондан бориб иштирок этдик.

Ушбу фестивал доирасида қадимий ва навқирон Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва Уюшманинг Самарқанд бўлими ижодкорлари билан учрашдик.

2019 йилнинг август ойида Миллий Тикланиш партияси фаоллари таклифи билан Фарғона вилояти Фарғона тумани Водил қишлоғида ташкил этилган “Миллий қадриятлар адабий талқинда” номли анжуманда иштирок этдим.

Сентябр ойида Қозоғистон Республикаси Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари”га бағишланган Анжуманда ҳам ўзбекистонлик дўстларимиз сафида қатнашиш бахтига муяссар бўлдим.

Шунингдек, ўтган йили Тошкентда Мирзо Турсунзода ижодига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Жорий йилда Душанбе шаҳрида Эркин Воҳидов ижодига бағишланган илмий-адабий конфренция ва “Дўстлик оқшоми” концерт дастури бўлиб ўтди.

Ушбу мисоллар юқорида айтган сўзимизнинг исботидир.

Ўтган даврда Тожикистонда Аширмат Назаров, Маҳмуд Тўлқин, Ўлмас Жамол, Неъмат Иброҳим, Мафтун Жўра каби ўзбек шоирлари яшаб ўтдилар ва ўзбек адабиётига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшдилар.

Тожикистонлик ўзбек шоирлари ўзбек адабий доираси билан ҳамишалик алоқада бўлганлар. Атоқли ўзбек шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Жамол Камол билан устоз Ўлмас Жамолнинг дўстлиги ва ҳамкорлиги бизлар учун ибратлидир.

Бугунги кунда ҳам Тожикистонда кўплаб ўзбек ижодкорлари қалам тебратмоқдалар. Тожикистонда яшаётган ўзбек шоирлари Жамшид Пиримов, Шодмон Жўра ижоди ҳам ўрганишга лойиқдир.

Ўзбек ижодкорлари сафи ёш ижодкорлар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Караматулло Ғозиев, Муҳаммад Фазлий, Нодира Ханжарова каби ёш шоирларимизнинг илк китоблари ҳам нашр этилди.

“Зомин” ёш ижодкорлар онлайн семинарида мен билан биргаликда ёш шоир Муҳаммад Фазлий, Дилноза Анвар қизи ва Мубина Холмирзаева иштирок этмоқда.

 

Ҳасанбой Ғойиб, Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи аъзоси, Маданият аълочиси, Бунин мукофоти лауреати

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг