Филиппинда карантин туфайли аҳолининг табиий ўсиши кескин кўтарилиши кутилмоқда

0
197
манба: Reuters

Филиппинда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун ўрнатилган карантин чекловлари туфайли аҳолининг табиий ўсиши кескин кўтарилиши кутилмоқда. Филиппиндаги Аҳоли ва ривожланиш комиссиясининг маълум қилишича,мамлакатда кейинги йили одатдагидан 214 мингта кўпроқ чақалоқ дунёга келиши тахмин қилинмоқда. Бу эса мамлакат аҳолисининг сонида сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори ўсиш бўлади.

“Бизнинг тахминларимизга кўра,одамлар ҳаракатига қўйилган чекловлар ва аёл ҳамда эркакларнинг оилани режалаштириш воситаларидан фойдаланишларининг чеклангани туфайли аҳоли нуфуси кескин ортади. 2021 йилда мамлакатдаги ҳар уч аёлнинг биттаси фарзанд кўриши кутилмоқда”, дейди Аҳоли ва ривожланиш комиссияси ижрочи директори Ҳуан Антонио Перез.

Шунингдек, комиссия Филиппин аҳолиси институти ва БМТнинг аҳоли фонди маълумотларидан иқтибос келтирар экан,мамлакатда кейинги йили 2 миллион чақалоқ дунёга келишини айтган. Уларнинг 200 мингтаси режалаштирилмаган хомиладорлик сабабли бўлиши айтилган.

Перезнинг фикрига кўра,аҳоли сонининг кескин кўтарилиши оилалар фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади ва ҳозир давом этаётган соғлиқни сақлаш инқирозини янада ёмонлаштиради.

“Энг ачинарлиси хомиладорлар орасида ўсмирлар, яъни 15 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар ҳам борлигидир. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 163 мингта ўсмир оилани режалаштирмасдан хомиладор бўлган деб ҳисобланган бўлса, карантин туфайли бу рақам яна 15 мингтага кўпайиб, 178 мингтани ташкил қилмоқда ” дейди Перез.

Аҳоли ва ривожланиш комиссиясининг маълумотларига кўра, Филиппинда аҳоли табиий ўсишининг энг юқори кўрсаткичи 2000 йилда қайд этилган бўлиб, ўша йили 1 790 000 чақалоқ дунёга келган.Шундан бери бу рақамлар пасайиб келмоқда.

манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг