Саудлар кимлар ёки Саудия Арабистонини ким бошқаради?

0
465
манба: Ведемости

Саудлар 1744 йилда Саудия Арабистони давлат сифатида вужудга келганидан буён мазкур қиролликни бошқариб келаётган сулола вакиллари ҳисобланади.

Маълумки, Саудлар 1446 йилда Аль Дирия шаҳрига асос солган Ал-Катиф Мани ал-Мраидийнинг авлодлари саналадилар. Улар Аназа қабиласини бошқариб, ушбу шаҳар ва унинг атрофидаги шаҳарларнинг амирлари бўлишган.

1744 йилда Амир Ад-Дирия Муҳаммад ибн Сауд илоҳиётшунос Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳобнинг ҳимоясига олинган ва кейинчалик ваҳҳобийик деб номланган диний таълимотини қабул қилган. Бир неча ўн йиллар давомида ибн Сауд ва унинг авлодлари ваҳҳобийлик орқали Арабистон ярим оролининг ғарбий ва шарқий қисмини таъсир остига олдилар. Бу давр биринчи Саудия давлатчилиги даври деб аталади. 1792 йилда, Муҳаммад ибн Абд ал-Ваҳҳоб вафотидан сўнг, саудлар 1803 йилда Маккани, 1804 йилда – Мадинани ва бутун Ҳижозни қўлга киритдилар. Аммо Арабистонда Саудия ҳукмронлиги узоққа чўзилмади: 1811 йилда Усмонли султони васиятига кўра Миср халифаси Муҳаммад Али уларга қарши чиқди. Етти йиллик қаттиқ кураш давомида саудларнинг деярли барчаси қириб юборилди, 1818 йилда беш ойлик қамалдан сўнг мисрликлар пойтахт Ад-Дирияни эгаллаб олиб, у ерни вайрон қилишди, Амир Абдуллоҳ I ибн Сауднинг узилган боши эса Истанбулга жўнатилди.

Бироқ, 1821 йилда қатл қилинган амирнинг қариндоши Ибн Абдуллах Усмонлиларга қарши қўзғолон кўтариб, ўз ҳокимиятини эълон қилди ва Риёз шаҳрини янги пойтахтга айлантирди. Шундай қилиб, 1824 йилда пойтахти Риёзда Саудия Арабистони Иккинчи Давлати ташкил этилди. Бу давлатчилик 67 йил давом этди ва Саудиянинг қадимги рақиблари – асли Ҳаилдан бўлган ар-Рашиди хонадони томонидан йўқ қилинди. Саудияликлар оиласи Қувайтга қочишга мажбур бўлди.

1902 йилда Ибн Сауд Ал-Сауд сулоласининг собиқ пойтахти бўлган Риёзни қайтариб олишга мувоффақ бўлди ва ўзини Нажд амири деб эълон қилди.

Биринчи жаҳон уруши пайтида 1916 йил июнь ойида Макка валийси Ҳусайн ибн Али ал-Ҳошимий араб аҳолисини туркларга қарши қўзғолон кўтаришга чақирди. 1916 йил 2-ноябрда араб амирлари ассамблеяси Ҳусайнни араб халқининг қироли деб эълон қилди. Ўша пайтда Маккада араб ҳукумати тузилган бўлиб, унинг асосий лавозимларини  Ҳусайннинг ўғиллари эгаллаган.

Қирол Ҳусайн ибн Али Арабистон ярим оролини ўз ҳокимияти остида бирлаштиришга қарор қилди. Аммо у бу борада Амир Нажд Абдулазиз ибн Сауд билан низога боришига тўғри келарди. 1917 йил кузида Ҳусайн ибн Али ва Саудлар ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берди.

1919 йил май ойида Ҳусайн Абдуллоҳнинг ўғли Турабани қўлга олди, аммо саудлар бир неча кундан кейин яна ҳужум уюштириб, Ҳусайн қўшинларини бутунлай мағлуб қилишди. Саудияликлар Ҳижозга ҳужум қилишга тайёрлана бошладилар, аммо июнь ойида инглизлар ўз иттифоқчиси Ҳусайнга ёрдам қўлини чўзди ва Абдулазиз ибн Сауддан чекинишни талаб қилишди. Британия қўшинлари Жидда шаҳрига етиб келгач, саудияликлар қўшини ортга чекинди.

1924 йилда Абдулазиз ибн Сауд яна Ҳижозга қарши ҳарбий операцияларни бошлади. Инглизлар бу сафар бетарафликни сақладилар ва Ҳусайн қўшинлари мағлуб бўлди. Шундан кейин Ҳижоз зодагонлари 1924 йил 6 октябрда Жидда шаҳрида тўпланиб, Ҳусайндан катта ўғли Али фойдасига тахтдан воз кечишга мажбур қилишди. Шундай қилиб, Али ибн Ҳусайн Ҳижознинг Ҳошимийлардан бўлган иккинчи ва сўнгги подшошига айланди.

Янги шоҳ Али ибн Ҳусайн бир неча юзлаб тарафдорлари билан Жидда шаҳрига қайтиб кетди. Ваҳҳобийлар бутун Ҳижоз ва Маккани эгаллаб олишди ва Жиддани қамал кил бошлашди. 1925 йил 6 декабрда Мадина мағлуб бўлди ва 22 декабр куни Али Жиддани тарк этди. Саудийлар Ҳижоз устидан ўз ҳокимиятларини ўрнатишди.

Мазкур мамлакат 1927 йилдан эътиборан Нажд ва Ҳижоз қироллиги деб атала бошланди, 1932 йилда эса Саудия Арабистони Қироллиги номини олди.

Саудия Арабистони бугунги кунда мутлақ ҳокимиятга эга бўлган кам сонли қироллик оилаларидан бири ҳисобланади. Ҳукумат ва минтақалардаги барча лавозимларни қирол тайинлаган Ал-Сауд вакиллари эгаллайди. Ҳукумат даражасида сайловлар ҳеч қачон бўлиб ўтмаган, маҳаллий ҳокимиятга эса фақат 2005 йилда сайлов бўлиб ўтди. Шу билан бирга, мамлакат аҳолисининг озгина қисми овоз бериш ҳуқуқига эга: аёллар, ҳарбий хизматчилар ва кўчманчилар (бадавийлар) овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар.

Бугунги кунда сулола раҳбари подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Ал Сауд бўлиб, саудияликларнинг умумий сони 25 минг кишига етади, булар орасида 200 дан ортиқ шаҳзодалар ҳам бор.

 

Википедиа маълумотлари асосида тайёрланди

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг