“Эл байроғи” газетаси (1917 йил 8 сентябрь – 1918 йил)

0
360
Баҳром Ирзаев томонидан тақдим этилди

Шиори “Яшасин қўшма халқ жумҳурияти” бўлган “Эл байроғи” газетаси 1917 йил 8 сентябрдан Қўқон шаҳрида чоп этила бошлаган. Унга тарихчи Бўлод Солиев ва Ашурали Зоҳирийлар муҳаррирлик қилди.

Газетанинг илк сони “Мусулмонлар шаҳар думасига сайлов кунлари яқинлашадир, ғофил қолманглар!” деган мурожаат билан бошланади. Унда халқни бирликка, бир байроқ, бир мақсад остида бўлувга чақиради.

“Шаҳар думасина депутат сайлови” мақоласида эса барчани сиёсий фаолликка чорлайди ва бу Туркистон истиқлоли учун ўта муҳим эканлигини уқтиради. Унда ҳозир муваққат ҳукуматнинг замони ва эндиликда Думанинг қарорини Губернатор таъқиқлай олмайди, халқ фақат сайловлар орқали ўз келажагини ўзи қура олади дейилади.

“Эл байроғи”нинг 1917 йил 3 ноябрда босилган 8-сонида “А.Бек” “Виждон имтиҳонлари” мақоласида сайловда ғалаба қозонган уламоларни Таъсис мажлисида фақат эшитиб ўтирмай фаол бўлишга, Туркистон халқи эрки, озодлиги учун жиддий курашга чақиради.

“Қипчоқ” “Бу кундан киришурга тейиш” мақоласида “…кундан кун ваҳма ортади, халқ тақдири ҳал бўлмоқда… Туркистон халқининг келажаги олдида масъулият янада ортмоқда” дейди.

Газетанинг 12-сони “Яшасун Туркистоннинг ерлик мухторияти” деган шиор билан чоп этилди. Шунингдек, “12 раби ул аввал (13 декабрь) Мавлуд ал Наби” кунида Умумтуркистон мусулмонларининг “Мухторият байрами” бўладир. Мазкур кун Туркистон мамлакатининг ҳар жойида “Миллий сармоя” учун ионалар йиғиладир. Ҳар бир мусулмон шул кунни улуғ байрам этиб қадар алҳол ёрдам этмоқлари лозимдур”, деб қарор берилди.

“Тарих такрорланди” мақоласида эса “Туркистон ўзининг бойлиги, қулай иқтисодий жойлашганлиги билан ҳамма замонлар ҳам қўшниларни ўзига тортиб келган. Аввали, форслар, юнонлар ва араблар истило этиб, ўз мулкларига айлантирмоқчи бўлганлар. Аммо, улар ҳеч қачон мақсадига эриша олмади. Мусофирдек келиб кетдилар. Яна бир бор бу такрорланди. Туркистоннинг 10 миллионли халқининг орзу умидларининг ушалиши сифатида, Туркистоннинг пойтахти бўлган Қўқон шаҳри 40 йиллик мустамлака азобларидан қутулди. Тарих такрорланди, ҳудди авваллари бўлганидек халқ азму шижоати ўлароқ қатъий қарор қилди. 1917 йил 27 ноябрда Туркистон халқи ўз истагини оламга эълон қилди. Биз учун эмди менеълик йўқ, фақат сабот ва матонат билан режалар амали учун кураш керак”, дейилади.

1917 йил 29 ноябрдаги “Мухториятли Туркистон муваққат ҳукумати”нинг чиқарган қарорлари ҳам эълон қилинди. Унда 27 ноябрь куни Қўқон қурултойида сайланган 54 нафар муваққат халқ шўроси ва 12 нафар Туркистон мухторияти муваққат ҳукумати аъзоларининг рўйхати эълон қилинди.

Туркистон Мухторияти муваққат ҳукумати аъзоларини шўро қарорисиз таъқиб этиш мумкин эмас ва уларнинг шахси даҳлсиз ва сиҳатликлари, жонларига қасд этиш 10 миллионлик Туркистон халқига жабр этишга баробардир. Уларнинг ҳимоясини қурултой халқнинг ўзига топширади, дейилган.

Газетанинг шу сонида Туркистон мусулмонларининг IV қурултойида сайланган ҳукумат аъзолари ҳам номма – ном берилиб, уларнинг вазифалари, ҳукуматнинг ички-ташқи сиёсатининг устивор йўналишлари белгиланди.

Шунингдек, ҳудудларда, хусусан Тошкентдаги кўплаб масжид ва жамоат биноларида халқ қувонч билан йиғинлар ўтказгани, 1 декабрь куни Наманганда 100 минг кишилик митингда халқ “Яшасин Туркистон ерлик мухторияти ва унинг ҳукумати” деб ёзиб, байрам қилгани ёзилди.

“Эл байроғи”нинг 17-сони “Мухториятли Туркистоннинг 6%лик халқ заёми” ҳақида муваққат миллат мажлисининг қарори билан бошланади. Унда 10 йил муддатга 30 млн сўмлик халқ заёми чиқарилиши эълон қилинади.

Мурожаатда: “…бизлар ҳозирги иттифоқсизлигимизни йўқотиб, бирлашсак, шунда ҳеч бир хавфу-хатар бизга таъсир қилмас. Шул вақтда биз мухториятни йўқотмаймиз, биздан тортиб ололмас. Дўст, бизларда ҳозир ҳеч бир етишган нарсаларимиз йўқ. Бизларда ишга кераклик кишилар йўқ. Бизларда асбоб олат, тўп, тўфанг ва бошқа керакли нарсалар йўқ. Лекин, ушбу йўқ нарсаларни хоҳлаган вақтда бор қилмоққа сабаб бўладирган ҳиммат ва ғайратимиз бор. Агар шул ҳимматимизни керак вақтда сарф қилмоққа дангасалик қилмасак, керак жойда ғайратимизни кўрсатмасак мақсадимизга ета олмаймиз. Эй Туркистон мусулмонлари! Эй турк бешигида бўлган турк болалари! Эй, Туркистонни ўз ватани дегувчилар! … Туркистон мухториятини мустаҳкамламоқ учун оқча керак оқча! Кўрсатингизлар ҳимматингизни! дейилади.

Дарҳақиқат, мухторият ҳукумати большевикларнинг мухториятни куч билан тортиб олишга кундан кунга таҳдиднинг ортиб боришини олдиндан сезди ва барчани бу ҳавфнинг олдида бирликка чақирди. Туркистон ҳукумати ғазнабони Саидносир Миржалолов халқдан, айниқса бойлардан юборилаётган пулларни тўғридан тўғри Қўқон шаҳридаги “Шўройи Исломия” идорасида жойлашган муваққат миллат мажлиси номига почта орқали йўллашини ўтинади.

Мухториятли Туркистон ҳукумати 29 декабрда миллий армия тузишга махсус қарор қабул қилди. Мухториятли Туркистоннинг Миллат мажлиси ва муваққат ҳукумати тарафидан “Мухториятли Туркистоннинг ҳур аҳолилари! деб бошланувчи хабарда 1918 йилнинг 13 январь куни бир гуруҳ ҳарбийлар ўзларини “Қизил гвардия” қўшини деб танитиб, Қўқон шаҳрига киргани ва қуролларига таяниб халқ банкини талаб кетгани ёзилган.

Бу кимсалар банкда аҳолининг мавжуд омонатларини олиб қаергадир кетишганини, Мухторият ҳукумати халқ ҳаққига хиёнат қилувчи бу золимларни албатта жазолашини айтиб, аҳолига яна бир бор мурожаат этади ва уларни идора этишни ҳоҳловчи бу муттаҳамларга эмас, халқнинг хизмати учун бел боғлаган Мухторият ҳукуматга ишонишини сўрайди.

Шунингдек, Ўзизхоннинг “Наманганда большевик ҳаракати” мақоласида ёзилишича, Намангандаги жомеъ масжид ёнида йиғин бўлиб, халқ большевикларни кўпчилик овоз билан ютиб чиқади ва большевиклардан ҳукуматни топширишни талаб қиладилар.

Большевиклар ҳаққоний йўл билан юта олмагач вақт сўрайди. Маҳаллий аҳоли орада икки-уч юзлик “миллий аскар”ни ҳам ташкил этишади. Бир муддатдан сўнг Наманган шаҳрига бир неча бочка вино билан қуролли аскарлар кириб келади. Улар ўзларига душман деб ҳисоблаган ҳар қандай инсонни қурол кучи билан ўлдириб, қўрқувда қолган халқни ўз томонига оғдириб оладилар.

Шаҳар маст аласт кишилар билан тўлган, большевиклар “қурол ва озуқа” йиғиш баҳонаси билан ўғрилик ва талончиликни авж олдирмоқдалар “…мана большевиклар қандай йўл билан ҳокимиятни қўлга олмоқдалар” деб мақолани якунлайди.

Қозоқ мулла Равшан ўз шеърида бутун Туркистон халқларини бирликка чақиради, ватан ҳимоясига чорлайди.

“Эл байроғи”нинг 1918 йил 26 январь санаси билан босилган 18-сонини варақлаймиз. “Мухториятли миллатлар ва большевиклар” мақоласида муаллиф украинлар, донликлар ўзларини большевикларга қарши кураш олиб бораётганлари, финлар ҳатто, ўз истиқлолларини расмийлаштириб олганларини ёзади.

“... Биз ҳам Туркистон истиқлолини эълон қилдик. Ҳар бир қишлоғу шаҳарда йиғинлар ясаб, ватан муҳофазаси учун молу жонимизни тикдик. “Мухторият учун жонимиз фидо бўлсин!” деб қасамёд этдик. Энди қасам ва байъатимиз учун курашишимиз жоиз. Биз иттифоқ бўлсак, беш-олти большевикнинг бир нарса ишлай олмаслиги белгилик. Халқ ҳукуматга суянч бўлуви керак. Халқ ёрдам этмаса, биз нима ҳам қиламиз деб тек турса, ҳукумат ёлғиз ўзи бир иш ҳам қила олмаслиги маълум. Бизлар ҳукуматнинг ҳар фармонига тайёр турсак, ҳукумат албатта, ўз тадбирларини қилур. Сайлаб қўйган халқнинг ҳоҳишига мувофиқ ҳаракат этур. Иш фақат халқнинг ёрдамида, ваъдасида туришида ҳукумат амрига ижобат қилишидадир”, деб мақолани тугатади.

“Абдуллабек” “Англайдурган вақт” мақоласида “Ҳуррият бўлди, мухторият эълон этилди, суюндик, қувондик. Аммо, мақсад бору натижа йўқ… бизнинг кундан кун даҳшатимиз ортади. Бир ҳовуч (большевик) бизни ўйнатади, бир дастани ўзимиздан чиқариб ўзимизга ишлатади. Биз бировга зиён бермасак-да таҳқир этиламиз, отиламиз, ўлдириламиз. Молимиз, пулимиз ҳаётимизга ғарот эталар, миллатни масхара этадилар. Биз эса миш-мишлар, майда гап сўздан нарига кета олмаймиз. Таҳқир этилишимизнинг асосий айб жаҳли мураккабликдадир. Ана шуни англайтурган вақт келди” дейди.

“Большевиклар ва оврўпа демократияси” мақоласида муаллиф большевиклар қисқа муддатда ўзининг мавжудлигини бутун дунёга маълум қилиш мақсадида катта фитна бошлаганини ва уларнинг бу йўлда барча воситаларни ишга солаётганини ёзади.

Шунингдек, мазкур сонда Туркистон мусулмон меҳнаткашлари деҳқон ва аскарларининг фавқулодда I қурултойи ҳақида ахборот берилган. Мажлис 29 декабрь куни соат 11 да бошланган. Собирхон Юсуфов маърузасида Ишчи вазирлигига тавсия этиладиган номзод меҳнаткашларнинг турмуш муаммоларини биладиган киши бўлиши, уни ҳар бир вилоятдан келган вакиллар томонидан сайланиши ва вазирнинг икки ўринбосаридан бири ғайри мусулмонлардан бўлиши кераклиги айтилди.

Мажлисда халқ шўросига 30 киши сайланишига келишилди. 1917 йил 30 декабрь куни қурултой ўз ишини давом эттириб, 9-мажлис иш бошлади. Кенгаш Ер иши вазирлигига Юргали Агаев номзодини бир овоздан тасдиқлади. Шундан сўнг Касбийорти вилоятидан келган вакил Авазов ҳарбий вазирликка туркман Султонмурод Аусуф номзодини илгари суради.

У юртимизда ниҳоят фуқаропарвар, ўта улуғзодлардан. Агар Кенгаш қарори бўлса, қавмимиз у кишини жўнатишар эдилар”, дейди. Бунда туркманларнинг азалдан ҳарб ишига мойиллиги айтилиб, кўпчилик томонидан бу ижобий қабул қилинди ва қарор қилинди.

Мажлисда солиқ ва озуқа ишлари ҳам муҳокама этилиб, ионалар ва солиқлар шариат асосида жорий этишга келишдилар. Бу қарорни рус тилли аҳолига етказиш вазифаси Веруеф Педороский кампаниясига топширилди.

Шу каби “Мусулмон пролетариати устидан жабр қилув тўғрисида” номли қарорда “Ҳуррият лафзини қоғоз ва сўзда кўргазмай амалда кўрсатмоқ аъло экани ҳаммамизга маълум. Ўзларини ҳақиқий демократ ҳисоблаган рус биродарларимиз мусулмон биродарларининг амнияти шахсия, амнияти мақом ва бошқа ҳурриятларига тегиб, олий лафзларига ҳалал келтиргани учун эълони нафрат қиламиз! Ҳақиқий демократлар ҳуррият асосларига ҳалал келтирмаслар деб биламиз” дейилади.

Ишчи ва солдат депутатлари Шўросида мухториятни ва муваққат ҳукуматни эътироф қилмай иштирок қилган мусулмонларга: “Мусулмон ишчилари рус рабочий ва солдат депутатлари Шўросида иштирок қилмасунлар! Агарда улар ушбу қарорни эътиборга олмасалар, ватан хоини дейилиб ҳисобланар”.

“Ҳуррият йўлида шаҳид бўлганлар хусусида” эса: “12 раббиул аввал куни Тошкентдаги мавлуд байрами кунида ва Туркистоннинг ҳамма шаҳарларида ҳуррият йўлида шаҳид бўлган одамларнинг ададлари номаълум бўлгани сабабли, уларнинг ададларини билмоқни миллий ҳукуматимиздан талаб қилинсин ва уларнинг оилаларига пенсия берилсин. Шуларни таҳқиқ қилмоқ, мумкин бўлган тақдирда ҳомийсиз қолган фарзандлари бўлса, балоғатга етгунича ҳукумат ўз ҳомийлигига олсун” дейилади.

Шундан сўнг қурултойга муваққат ҳукуматнинг бош вазири ўринбосари Ислом Шоаҳмедов ва Ички ишлар вазири Удайдула Хўжаевлар келиб, қурултой қатнашчиларини табрикладилар. Аскар эса уларни қизғин олқишлар остида кутиб олди. Шоаҳмедов нутқини “Яшасин, Мухторият, Яшасин мустаҳкам иттифоқимиз, Яшасин қурултой!” деб якунлади.

Шу сонда Чўлпонинг “Тешабой” имзоси остида “Умид Сиздан! Мухторият эълон этилди!” мақоласи ҳам босилган. Ёш шоир большевикларнинг барча масалани қурол кучи билан ҳал этаётганига эътибор қаратади.

“Қисқа вақтда ҳам улуғ тарих эгаси Туркистон фарзандлари ўз истиқлолини қўлда тута олдиларми, таҳликали онларда миллат, халқ ҳуррият йўлида бирлаша оладиларми” деб савол қўяди.

Мақолада Андижон гимназияси ўқувчиси 12 ёшли Санжарбек Фозилбек ўғлининг чизган суратида Туркистон байроғи остидаги озод юрт манзараси тасвирланиб, уни Туркистон Мухторияти фойдасига сотувга қўйгани ва аукционда Қўчқорбой афанди томонидан суратнинг 1200 сўмга сотиб олингани ёзилади. Душманга: Кет маҳв бўлурсан! Яқинлашма кул бўлурсан! Онажонимиз Туркистоннинг бағрига аталган қиличларга биз Туркистон фарзандларининг кўкраклари қалқон”, деб нидо қилади.

Жараёнда санъат аҳли ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, газетада ёзилишича Тошкентдаги “Туркистон санои нафиса” жамияти Фарғона вилояти шаҳарларида бўлиб, тушган пулларини Мухторият ҳукумати фойдасига йўллаганлар. Биргина Андижонда берилган театр томошалари орқали 685 сўм пул юборилган. Тўғри, бу пуллар эҳтиёжлар олдида ҳеч нарса бўлмади. Аммо, ягона Туркистон ва унинг истиқлоли учун халқимизнинг азми шижоати уфурган ҳамда бу йўлда барча Туркистон фарзандларини бирлаштирган мўжизали онлар сифатида тарихда қолди.

 

Муаллиф: Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Баҳром Ирзаев

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг