“ИЗҲОР УЛ ҲАҚ” ёхуд Заҳириддин аълам Абулқосимнинг “Таждид ва Ислом” мақоласи

0
599
Бахром Ирзаев томонидан тақдим этилган фото сурат

“ИЗҲОР УЛ ҲАҚ”нинг 1918 йил 28 февраль санаси билан чоп этилган иккинчи сонининг хабарлар қисмида:

“Татаристон: …Петроғроддоғи улуми Руссия мусулмонларининг Марказий шўросининг ташаббуси бирлан болшевиклар ҳукумати Петроғроддоғи Ҳазрати Усмон разиАллоҳу анҳунинг Мусҳафи шарифларини мусулмонлар қўлиға тобширилмоғига рухсат берғон эди.

18 инчи ғанварда Петроғрод мусулмон аскарларидин ва бошқа кишилардин иборат махсус ҳайъат мазкур Мусҳафни “Уфа” шаҳрига келтуруб “диния назорати”га тобшурди. Мусҳафни махсус вагонда фахрий қаровуллар сақлаб олиб келдилар. Мазкур вагон келганда Уфа мусулмон аскари фирқаси ва ҳам вакиллар ниҳоятда тантана бирлан вокзалда қоршу олдилар.

Идора. Мазкур Мусҳаф аввалда Самарқанд шаҳрида сақлануб чор ҳукуматининг замонасида озгина оқчаға сотиб олинуб, Петроғродға интиқол қилинган эди. Модомики мусулмонларнинг қўлига берилур экан, Самарқандга ўз жойига қўйилмоғи лозим эди. Ҳозирда Самарқандда мазкур Мусҳафга махсус тошдин ясолган лавҳ бордир. Инша Аллоҳ Изҳор ул Ҳақнинг келаси нумрасининг бирида бу хусусда мақоламиз бўлса керак” деган хабар босилган.

Дарҳақиқат, Мусҳафи Усмоний 1924 йилгача Уфа Диния назорати қароргоҳида сақланди. Муқаддас китоб Туркистонинг кўзга кўринган уламолари Шайхул Ислом Тўрахон Махдум Хўқандий, Шайх Муҳаммадхўжа муфтий ҳамда Заҳириддин аълам (шоир Чўлпонинг тоғаси)ларнинг муттасил курашлари ортидан Ватанимизга қайтаришга эришилди.

Мусҳаф махсус вагонга эҳтиром билан олиб чиқилиб, мусулмон аскарлардан тузилган фахрий қоравул вагоннинг чор атрофида туриб келди. Барча шаҳарларга телеграмм юборилиб, Тошкентгача бўлган масофасида поезд қайси бекатларда тўхташи матбуотда эълон қилинди. Ҳар бир бекатда йиғилган эркагу аёл мусулмонлар поезд узоқдан кўриниши билан то тўхтагунга қадар уни такбир-таҳлиллар билан кутиб олдилар.

Поезд тухтагач, халқ орасидаги энг мўътабар кишиларга Мусҳафни зиёрат этиб тушишга изн берилар, бошқа мусулмонлар эса уларнинг қўлларини ўпиб, бошларидан тавоф қилардилар. Кўплар вагонга қўлларини теккизиб, юзларига сийпарди.

Ҳатто, бу хабарни эшитган қозоғистонлик мусулмонлар темир йўл ёнлари бўйлаб оқ ўтовлар тикиб, поездни бир неча кунлаб кутганлар. Байрамона кийимлардаги сон-саноқсиз отлиқлар поезднинг икки томонидан дашту чўллар бўйлаб узоқ-узоқ манзилларгача от чоптириб кузатиб қўйишарди.

Поезд шундай иззат-икромда Тошкент шаҳрига кириб келди. Вокзал мусулмонлар билан тўлди. Нуроний уламолар, табаррук отахонлар, минг-минглаб ёшу қари, эркагу- аёл мусулмонлар вагондан нигоҳларини узмай қараб турардилар.

Мусҳафи шарифни бошлари узра кўтариб чиққанлар кўзга кўринганданок, барча бир овозда “Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар!…” дея, такбир айтди. Унинг садоси бутун вокзални ларзага келтиради. Одамлар кўзидан қувонч ёшлари оқар, улар дил ҳаяжонларини боса олмас эдилар.

Шундай қилиб Мусҳафи Усмонийнинг 50 йиллик ғариблик сафаридан яна ўлкамизга қайтарилиши воқеаси 1924 йил 18 августда ниҳоясига етди.

Қуйида мана шу тарихий ҳодисаларнинг бошида турган тараққийпарвар уламо Заҳириддин аълам Абулқосимнинг “Инқилоб” журналида босилган “Таждид ва Ислом” мақоласини келтирамиз (мақоладаги мулоҳазаларга эътибор қаратинг!).

“Таждид маъноси ўзгармоқ ва инқилоб топмоқ деган сўздир. Агарда дунёда бор нарсаларни текшириб чиқилса ҳар бир нарсада ҳам таждид борлиғи сезилур. Шунинг учун таждид деган нарсанинг ўзи қонуни табиатдур, таждиддан қочмоқ бўлмас.

Таждид ва ислом масъаласига келганда исломнинг ҳам таждидга ёр бўлғонлиғин кўрамиз. Шунинг учун бўлса керакки, арабларда наъим ул инқилоб зарбулмасал бўлғондир.

Исломнинг ўтган кунларига бир назар солсоқ таждид йўлида ишлаган исломнинг муҳиддин арабий ва амсоли эрларини кўрамиз.

Бу зотлар ҳар бир юз йилда мужаддид янгилагучилар кераклигин дуо этганларки, бундан ҳар бир аср сойин турмушда ижтимоий ўзгариш лозимлигини дарак этилса бўладур. Ислом тарихини асрларга бўлиб, ҳар бир аср эрларини текширилса дасталаб мужаддидлар намоён бўлурлар.

Ниҳоят биз X асрда исломнинг буюк мужаддидларидан имом Раббонийни кўрамиз ва унинг таждид йўлида ёзган жилдлаб китобларига учраймиз.

Лекин, исломдаги таждид эрларининг хизматлари амалда тадбиқ этилганда турмушда улуғ инқилоблар зуҳур этар ва шунинг ила аҳли сарват ва халқ талоғучилар ишдан чиқиб ер билан яксон бўлурлар… Мана шу ҳолларни бу кейинги синф билдиларда бутун тиш-тирноқлари билан таждидга қарши тушуб ўзларининг шахсий ғаразлари йўлида таждидни қурбон эта бошладилар. Агар биз исломнинг ибтидо тарихини қайтиб қарасак яна шу ҳолни мушоҳада этамиз:

Исломнинг бадавий араблар ичига киргизган таждид – ислоҳоти Абу Жаҳл ва Абу Лаҳабларнинг иззат нафс ва шахсий манфаатларига тўқиндида борлиқ кучлари билан исломга қарши турдилар ва ниҳоят ўзларининг ҳақсиз жанжаллари йўлида қурбон бўлдилар – ҳақлиқ кенг майдон олди. Ислом, замонасига мувофиқ барча ишларга ислоҳот киргизди – инқилоб ясади.

Орадан кўп вақт ўтмади. Иш бошиға ашроф Макка авлоди. Умавийлар миндиларда ораға шахсиятни аралаштира бошладилар. Бу чизиқдан чиққучиларға қарши Абу Зар ва унинг маслакдошлари қарши тушуб, узоқ вақт кураш очиб боқсалар ҳам лекин натижада ашроф синфи ғолиб келиб Абу Зар ва тобеълари енгилдилар. Шундан кейин секин-секин ҳаёт яшарга оид амалиётнинг меҳвари бўлғон ислом сиёсати янглиш бир йўл билан тараққий эта бошлади. Машварат усули йўқолди, исломнинг идораи жумҳурияси идораи мутлақо мустабидага айланди, таждид асослари бузила бошлади.

Асл асос руҳи билан суғорилганлар ҳар аср сайин чиқиб халқни асосға чиқирдилар ва бунга бир қадар муваффақ ҳам бўлдилар. Лекин ҳар асрнинг тузалмай қолғон бузуқлиқлари йиғилиб келиб кейинги кунларда ислом бошиға биткан бало бўлди.

Таждид деган сўз исломни янгиламас ва янгидан тузмас. Таждиддан мақсад шудир ки ислом арконларини ҳар бир замоннинг ўзига қараб ижро этмоқ, янги усул ва йўллар билан бормоқдан иборатдир.

Юқорида айтилган каби бузуқ йўлдан манфаат кўрган кимсалар ўзларининг иззат нафсларига тўқинғон ва шахсий манфаатларини ер билан яксон эта турган янгиликка тиш тирноқлари билан қарши туриб таждидни ислом отидан йўқотмоқға тиришдилар.

Аммо ўзларининг кетмакда бўлғон йўллари умум улус фойдасига қарши эканини билсалар ҳам ижтимоий иззатга етмак учун шахсий иззатдан воз кечишга уларда ҳиммат ва жасорат йўқ эди. Тўғриси таждид душманлари миллатнинг бошқалар аёғи остида тепилганига сукут этдилар.

Ислом разолатини истагучилардан бўлган собиқ Руссия Чори ва ҳозирги Англия ҳукумати бизнинг таждид душманларимизнинг бошларини силагувчилардан бўлдилар. Чунки, улар Шарқда ўз салтанатларининг ёлғиз шу таждид душманлари тирик бўлуб тургандагина яшашига иймон келтирган эдилар. Воқеан Оврўпо мустабидларининг тутган бу йўллари тўғридир. Агар Шарқ – Ислом оламининг ўзидан чиққан таждид душманлари бўлмаса эди. Энди шарқдаги Англия истибдодининг руҳига ҳам фотиҳа ўқулғон бўлур эди”.

Баҳром Ирзаев
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг