Маълумки, 1915-18 йилларда Тошкентда уламоларнинг “Ал Ислоҳ”, “Ал Изоҳ”, “Баён ул Ҳақ”, “Изҳор ул ҳақ” каби бир неча журналлари мавжуд бўлган. “Фуқаҳо жамияти” нашри “Изҳор ул ҳақ”нинг 1918 йил 20 февралдаги илк сонида босилган муҳаррир мулло Садриддинхўжа муфти ибни Шарифхўжа эшоннинг “МАСЛАК ВА МАҚСАД” мақоласини жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этаман:
Бу муқаддас Ватанимиз бўлган Туркистон, бу турклик бешиги бўлган азиз Ватанимиз нақадар замонларни кўрмади ва нақадар кунлар кечурмади.
Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом ва ул зотнинг ўғлонлари замоналарида ва алар замонларидин неча неча асрлар муқаддам ва Худо билсун, бу Туркистон налар кўрмиш ва налар кечурмишдур?
Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом замонларидин сўнгра Ўғузхон, Чингизхон, Темурбек билмам тоғи ким ва кимлар замонасида бу турклар ўлкаси бўлган Туркистон нақадар тараққий қилди. Ва нақадар сиёсий қувват касб этди.
Турклик шуҳрати ва турклик шони бутун Осиёни ҳатто бутун ер юзини тутди. “Ҳун” исминдаги турклар Туркистондин кетиб бутун Ёврупони фатҳ ва истело қилган эрдилар. Ҳосили ўшал вақтда Туркистон мамлакати туркларнинг энг ғалаба қилган мамлакати эди. Ҳукумат, аскар, маишат, асбоб ва адвот ҳаммаси туркича эди…
Ниҳоят исломият даври келди. Араблар воситалари бирлан Туркистонга ҳам исломият келиб кирди. турклар исломият бирлан баробар арабларнинг маданият ва илмларини ҳам ўзлариға касб қилиб олдилар.
Озгина вақт ичинда Туркистон мамлакатида қанча муфассир ва муҳаддислар, фуқаҳо ва мутакаллиминлар, урфон ва машойихлар, соҳиби девон ва шоирлар етуштилар.
Илми тиб ва ҳикмат, илми нужум, ҳайъат ва риёзиёт, торих ва жуғрофия илмлари бирла кўп кўп кишилар иштиғол қилур эдилар. Исмоил Бухорий, Абу Наср Форобий, Замахшарий, Ибн Сино ва ғайрилар ушбу ўлканинг етуштурган азизларидиндурлар.
Ҳоссатан ўрта асрларда Туркистон ўлкаси шул даража тараққий қилган эдики, донғи бутун ер юзини тутуб чет вилоятлардин илм ўқумоқ учун ҳамма бу мамлакатга оқуб келур эрдилар.
Бухоро “шарифлик” “маъдан илмлик” шуҳратини ўшал вақтда олган эди. Лекин, “ҳар баҳорнинг кузи” бўлганидек бечора Туркистон мамлакати ҳам сўнгидан ҳамма шуҳратларини жўйди, таназзулга юз тутди. Мадрасаларда тафсир ва ҳадислар бирлан ким иштиғол қилдилар. Торих, жуғрофия, илми нужум ва ҳайъатлар мутлақо ўқутулмас бўлди. Мусаннаф ва муаллафлар етушмаклари бир тарафда турсун тараққий даврида етушкон мусаннифларнинг ҳам аксарларининг исмлари унутилди. Қабр шарифлари йитиб текис бўлди. Асарларидан ҳеч бир ном ва нишон қолмади. Таснифотлари ноқулай ерларга ва ноаҳил кишиларнинг қўллариға тушуб талф бўлди.
“Ҳидояи Шариф” ва “Ҳикмат ул айн” каби китоблар етуштурган Туркистонда ҳозирда яна шунинг баробарида китоб тасниф қиладурғон биргина бўлсун мусанниф йўқ.
Жаноб Мирзо Улуғбек каби ҳайъат олимларининг расадхона ва чизган хариталарининг ёнига қўшуб акмол қилмоқ бир тарафда турсун ул зот шарифнинг ишлаган ишларини ва ёзғон замуз ва ишоратларини кашф ва мутолаа қилғудек олимларимиз йўқ. Бу бир.
Иккинчидан, дин муқаддас нажиба ислом осонлик билан интишор топган эмас… Мажалламизнинг муқаддимасида айтгонимиздек бири ўзгасини такфир ва ўзгаси охирини талъин қилмоқдадурлар. Ҳолбуки, бундай ишлар настаъизибиллаҳ ояи карима бирлан наҳий қилингандур. Яъни: Сизларға калимаи шаҳодат ва таҳияи ислом бирла ассалому алайкум деган зотларға сан мумин эмассан демангиз…
Маълумдирки дини нажибаи исломда қанча кашф қилинмаган сирлар ва қанча терилмаган дурлар бордурки ҳанузгача аксар халойиқ ондин мустафид бўлгон эмасдурлар.
Халойиқ исломиёяга тушунгач ер юзида на қадар кишилар мусулмон бўлдилар. Оврўпо, Амриқолар қанча олим ва файласуфларнинг ҳақиқат исломияга тушунгандин сўнгра ўзларича беихтиёр дини исломни қабул қилганликларини ҳар кунги рўзномаларда ўқуб турубмиз.
Муқаддас дини шарифимизнинг даражасини янада юқорироқ кўтармоқ учун мутлақ биз мусулмонларға хусусан ичидаги аҳолисининг юздин тўқсонбеши мусулмон миллатидин иборат бўлғон биз туркистонликларға исломият фикрини халқ орасида кўпроқ нашр қилмоқ, кеча кундуз тинмасдан амру маъруф наҳи мункар қилиб ғайри мусулмонларни ҳам ҳақиқати исломия бирлан ошно қилмоқ керак эди.
Аввалда эски ҳукумат замонасида золим ҳукуматдорлар манҳус миссионерлар устимиздин назорат қилиб турғони сабабли бу ишга киришмоқ асло мумкин эмас эди.
Эмди ушбу фалокатлар бошимиздин кўтарилғонига бир йилға яқинлашуб қолди. Афсуски ҳанузғача бу хизматни расмий суратда ийфо қилодирғон биргина бўлсун матбуот кўрғонимиз йўқ. Бу хусусда фикр қилиб қарағонда киши ҳам бўлмади.
Ушбу бир неча ноқисликларимизни акмолиға сайъи ва ҳаракат қилмоқ учун “Изҳор ул Ҳақ” мажалласини нашр қилмоқға киришдук. Мажалланинг бир неча хизмати турклик ва исломиятға хизмат қилмоқ ва мусулмонларнинг манфаатини кузатмакдир.
Мақсадимиз шундан иборатдур. Бу мақсадға етушмоқ учун қандай хатти ҳаракат тутушимизни ИншаАллоҳ таоло мажалламизнинг мундарижалари кўрсатса керак.
Яшасун турклик ва исломият!
Яшасун бутун дунё мусулмонларининг иттифоқи!