«Жадид» ва «қадим» масаласи аслида вазият қандай бўлганди?

0
684
Муфти Садриддинхон 1918 йил Туркияда бўлиб, Туркистон Мухториятини тиклаш мақсадида ёрдам сўраб музокаралар олиб борган. 1921 йил Ватандан чиқиб кетиб Эрон ва Афғонистон ҳудудларида курашни давом эттирди. Доимий ГПУ айғоқчилари таъқибида бўлиб, кейинчалик жосус Маҳмуд Ойқорли томонидан заҳарлаб ўлдирилган. Суратда ўтирганлардан ўнгдан биринчи, Машҳад. 1930 й.

Азизлар, ўтган аср бошида ўлкамизда мустамлака асоратидан қутилиб қолиши учун маълум бир тарихий шароит туғилган эди. Бироқ, тарихчилар миллий бирликнинг йўққа чиқишида “жадид” ва “қадим” масалаларини рўкач қилишади. Шу мақсадда “Изҳор ул Ҳақ”ни варақлашда давом этсак, хулоса Сиздан. Журналнинг муҳаррири ва ўз замонасининг йирик уламоси муфти Садриддинхўжа Шарифхўжа қозикалон ўғли “Дафъи таҳлика” мақоласида:

Оврупо муҳорибаси бошланганига тўрт йил бўлган бўлса, йилдан йилга бечора халойиқ хусусан Туркистон мамлакатида мутаватан ислом болалари фақир ва зарурат лойига ботиб турубдурлар.

Очлик ва қаҳат балосидин ҳар кун неча минг ва балки милюнлаб ғариб ва ғураболар кўча бакўча кезиб шаҳардин шаҳарга юриб “оҳ нон” деюб гадолик қилмакдадурлар.

Очлик ва совуқдан бир парча нонга зор бўлиб ҳар кун ва ҳар замон неча минг муслим ва муслималар саби ва сабиялар ниҳоятда фожеъ бир аҳволда бу дунёга видоъ қилмакдадурлар… жаноб пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам …ёмон киши шул кишидур ки Аллоҳ Таолодин сўрайдур ва ўзи ато қилмайдур. Ёмон киши шул кишидур ки аҳли аёлларига (бор давлати бирлан) торлиқ қилғувчидур.

Бас, шундай бўладурғон бўлса ҳар кимса қўлидин келғонча Аллоҳ таоло берғон мол ва давлатидин фақир ва муҳтожларга ёрдам қилмоқ ўзининг хеш ва ақраболариға шафқат ва марҳамат қилмоқ лозим бўлодур. Ҳозирги замонамиздаги “потрибител” деганлари очмоқ, ондин фақир оч халойиқға озуқ ва бошқа тириклигиға лозим ашёларни арзон баҳо бирлан беруб турмоқ, фақир ва мискинлар учун қозон қуруб ош улашмоқға ўхшаш ишлар ҳам бир нав ёрдам бўладур.

Эшитилганига қараганда “Падаркуш” маҳалланинг энг давлатлик мўътабарлари қўшниларининг болаларини эртадан кечғача “нон нон” деюб йиғлаганларини эшитиб туруб ўзлари боҳузур неъматға ботиб бевосита ён қўшнилариға зарра қадар лутф намунасин кўрсатмас эмишлар.

Оё мажлисларда ва ваъзлардин ортуқ тасаввуф сўзлағувчи зотлар “Ҳаққул жарри алал жарр” бобида баён қилинган тарғиб ва тартиблардин хабарлари йўқму экан.

Афсуски сўзламоқ бошқа ва амал қилмоқ бошқа экан… Алҳосил ҳар маҳалла амоми ва мутасаддилариға лозимдурким тахт тасарруфларидаги фуқаронинг аҳволиға назар солиб оч ва ялонғочларға мувосат ва ёрдам йўлини тутмоқларини маҳалла тўқлариға таклиф қилсунлар.

Алар хоҳ ўз таомлариға таклиф қилув ва хоҳ бошқа маънавий жиҳат бирла фақирларнинг ҳожатларини раво қилсунлар. Агарда мутасадди амирлар хабар олмасалар Аллоҳ Таоло хазратида жавобгар бўлурлар вассалом…

“Изҳори ҳақиқат ва иршод” мақоласида:

… ҳазрат расулаллоҳ “иннамал муъминин ал иҳватун” ояи каримаси ила ихватун ва садоқатға ташвиқ ва тарғиб қилиб… Аллоҳ Таоло қудрат болғаси ила аларни иттифоқға солиб жумлаларин муҳаббат ипиға боғлади ким барчалари якдил ва бир жисм каби бўлдилар.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам шул тариқа қавмға мабъус бўлғон эдилар ким ҳамийят жоҳилийятлари ҳаддин ошган ва бир бирларидин қочган бир одамни бир киши бир мушт урса, онинг тарафидин қабиласи ўчин олмак учун урушуб ўлдиришган. Алҳосил одатлари доимо хусумат зўр маҳоба урушмалар бўлуб турган. Баъзилари баъзиларига ғаюрлик қилур эрдилар.

Вақтики мусулмон бўлиб Аллоҳға, Расулуллоҳға, қиёмат куниға иймон келтурдилар. Аввалги қабиҳ ҳолидин ўзгарилдилар, бузуқ ва расво хулқлари йўқолуб ўрниға севиклик яхши хулқлар ўрунлашти ким бор ҳимматлари ва назаргоҳлари Аллоҳ ва РасулАллоҳнинг тоатлари бўлди…

Ушбу суратда ислом динин қувват ва ғалабасиға мадор бўлғон иттифоқ ва ихтилофнинг доимо собит ва мустаҳкам бўлмоқи учун иттифоқни йўқотатурғон ахлоқларни ҳар қаюсин нас Қурон ва ҳадиси набавия ила ҳаром қилинди.

Чунончи муҳаббатнинг зидди адоват, душманлик энг буюк фалокатдур ки ҳар жойға кирса хароб қилмай қўймас. Хусусан, ислом оламиға кирса тездан онинг ҳисор қўрғонин бузар ва чиқмас, ақл ҳукмида ва ҳам шариатда жамиъ ахлоқи сиёҳларнинг манбаи ва хазинаси адоватдур ки ҳасад баъзан ғийбат ва бўҳтон, чақимчиликларға ўхшаш ёмон хулқлар адоватдин қайнаб чиқодур.

Ва ушбуларга ўхшагон халқларни йўқотиб онинг ўрниға муҳаббат садоқат мурувват эҳсон яхшилик, силаи раҳм, насиҳат, хайрихоҳлик, биродарлик, урушганларни тездан ислоҳ қилиб яраштурмак, тўғрилик сифатларига ўрганмакни одат қилмакға Қуръони Карим ва ҳадиси набавий амр қилур.

Асри саодатға ва анга яқин асрларға ўхшаб шариат таълим ва ўргатганига кириб билиб ва анга амал қилинса ҳеч вақт ушбу уммат марҳума бул тариқа фалокат ҳолларға учраб хароб ўлуб ғайри миллатларнинг занжир зулмида асир ва нобуд бўлмас эди.

Инсоф қилунсин ҳозирги замонда баъзи кишилар ғийбат ва бўҳтон ва чақимчиликлардан ҳазар қилмай, лақаб суъ ила талаққийб этуб юрганлари кун каби ошкордур.

Ва ушбуларни ҳеч ким ҳаром эканига шак қилурми йўқ ва ушбу сифатдан баъзи хослар баридурларми, йўқ, бари эмаслар балки хосларда кўпроқдур.

На учунким ушбу ахлоқи разила ва ёмон ва ёмон хулқлар ғийбат ёлғончилик бўҳтон гина адоватға энг сабаб ҳуб жаҳ ва раёсат катталик улуғлик инбоъ кўблиги ила такаббурлик қилмакдур, авом халқимизни бу ишларға парволари кам бўлиб аларнинг ёрдамлари бирлан баъзи хосларимиз ҳам ушбу ёмон хулқларга асир бўлмакдадурлар. Шул сабабдин ҳеч вақт ғийбат ва бўҳтондан парҳез қилмасалар керак.

… Агар дини исломға ихлос ила киришиб амал қилинган бўлса эди, шариат қайтарган ғийбат ва шикоят, бўҳтон ва ифтироларга тил очилмас эди. ислом тараққий ва таолийсиға мадор бўлғон иттифоқ ва иттилоф йўлин ахтариб қоро халқни бир тоифа ватан муҳаббатиға киришган зотларға қарши югуртиб ўрталариға адоват тухмин сочилмас эди. Балки, қўлдан келган даражада аларни муҳаббат ва дўстлик йўлиға солинур эди.

Ўткан сана мардикор масаласи чиқғонда ҳамма шайху йигитларимиз кеча ва кундуз болаларимиз мардикорға борур экан деб ашк дийдалари ила дуода бўлуб, болаларин ғамида неча ойғача ухламай дуода бўлғон зотлар ушбу замонда кеча ва кундуз дуою бадға қўл очар бўлдилар.

Бу нечук ҳолат ҳозирда фақат бошларға эмас балки балойи ом бўлиб бой ва фақир, катта ва кичикларға тушкан таҳликалар кўзға кўрунмай очлик ва ялонғочлик эска тушмай дуою наҳиларни унутиб ислом олами бир бириға нон ўрниға ҳақорат ва сафоҳатлар улашурлар, бу ишлар фитна эмасми.

… Агарда муқобилларидаги бир мусулмонга бирор кулфат эришса олам олам хурсанд ва масрур бўлурлар. Ваҳоланки дини шарифимиз нас қотеъ билан танбиҳ қилиб ҳар қаю ерда бўлса бўлсун бирор мусулмонга кулфат ва ўлум етушса анга ҳар сурат бирлан ёрдамда бўлмоқға буюродур. Бу на инсоф турур на иш қилмоқчимиз ва қайси йўлға бормакчимиз.

Оли ислом оламиға илм ва ҳам илмиға амал қилмак муҳаббатин бериб мусулмонларни руҳларин муҳаббат ва дўстлик ила мутаносиб айлаб ер юзидаги жумла мусулмонларнинг иттиҳодиға ўзинг ёрдам қилғил Омин. Баҳурмати саййидил оламийн

(давоми бор).

Bahrom Irzayev

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг