Ватикан Исроилнинг Фаластин ҳудудини аннексия қилиш режасига қарши чиқди

0
143
Фото: AFP

21 май куни Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Исроил ва АҚШ билан тузилган барча шартномаларни бекор қилганини хабар берган эдик. Маҳмуд Аббос Исроил раҳбари Беньямин Нетаньяхунинг Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш тўғрисидаги баёнотидан кейин бу қарорга келган.

Христиан католикларининг маркази бўлган Ватикан давлати Исроилнинг Ғарбий Соҳил ҳудудини аннексия қилиш бўйича режаларидан хавотирда эканлигини таъкидлади. Ватикан расмийларининг айтишича, халқаро қонунлар ва БМТнинг қарорларига амал қилиш икки давлат-Фаластин ва Исроилнинг тинч яшашлари учун керакли жиҳат ҳисобланади.

Ватикан воқеалар ривожини яқиндан кузатиб бормоқда ва тез орада музокаралар орқали мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун муқаддас бўлган бу ҳудудда тинчлик ўрнатилишига умид билдирди.

1995 йилдан 2005 йилгача Фаластиннинг Ватикандаги элчиси лавозимида ишлаган Афиф Софиеҳнинг айтишича, Ватикан доимо Фаластинда бўлаётган воқеаларга қизиқиш билдиради. Чунки, Фаластин Исо алайҳиссаломнинг туғилган ҳамда христианлик вужудга келиб тарқалишни бошлаган жой ҳисобланади.

“Ватикан Фаластин ва Исроилнинг келишувларга эришмаслиги ва улар ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг ёмонлашиши бу ҳудуддаги христианлар учун бало келтиради, деб ҳисоблайди. Бу келишмовчиликлар Муқаддас Ердаги (Фаластин) христианлар сонининг янада камайишига олиб келади. Ватикан бу ҳудуд христианлик учун фақатгина музейга айланиб қолмаслигини хоҳлайди” дейди Сафиеҳ.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг