Бу йил фитр садақаси қанча ва қачон берилади?

0
757
Фото: uza.uz

Рамазон ойи cавобли амалларидан бири, бу – фитр садақаси. Уламолар таъкидлашича, фитр садақасининг ажру савоби минглаб хайрли ишдан аълороқ экан. Муборак ойда хайру эҳсон қилиш ниятида юрган ҳамюртларимизни “Фитр садақаси кимларга ва қай тартибда берилади?” деган савол қизиқтириши табиий. Бу саволга Андижон вилояти Избоскан тумани “Сўфи Охун” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдусалом СОДИҚОВ батафсил жавоб берди.

– Бошқа садақалар молдан қилинса, садақаи фитр киши бошидан қилинади. Ушбу садақа шариатимизда рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш, мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб жорий қилинган.

Рўзадор одам баъзан номаъқул гапириб қўйиши, беихтиёр ноқулай ишга қўл уриши, сўнгра бу ишидан афсусланиб, кўнгли ғаш бўлиб юриши мумкин. Мана шу ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган.

Фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни Рамазон ойи давомида бериш мақсадга муофиқдир.

Бу садақа Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг ҳадисида баён этилган қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади: 2 килограмм буғдой, 4 килограмм арпа, 2 килограмм майиз ва 4 килограмм хурмо.Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Андижон шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 килограмм буғдой ўртача 4 минг сўм, 1 килограмм арпа ўртача 3 минг сўм, 1 килограмм майиз ўртача 35 минг сўм ва 1 килограмм хурмо ўртача 30 минг сўм экани маълум бўлди.

Фитр садақасини бериш Рамазон ойи рўзасини тутишга боғлиқ эмас. Агар бирор киши узрли сабаб рўза тутолмаса ҳам фитр садақасини бериши вожиб. Ота ўз фарзандлари учун, ҳатто она қорнидаги фарзандига ҳам бериши керак. Бу садақа фақирларга, муҳтожларга, қарздорга (қарзидан қолган моли нисобга етмаса), мусофирга (ёнида нисоб миқдорича маблағи бўлмаса) берилади.

Фитр садақасини эҳтиёжманд бошқа дин вакилларига ҳам бериш мумкин. Ота ўз фарзанди зурриётларига бера олмайди, фарзанд хам ўз ота-онасига, аждодларига бермайди.

Фитр садақасини Рамазон ҳайитининг тонгига қадар адо қилиш вожиб бўлади, лекин қанча эрта берилса манфаати кўпроқ. Фитр садақасини Рамазон ойи кириши билан бериш мумкин. Ким рамазон ойи тугагунча фитр садақасини бермаса, сўнг қазосини адо этиши лозим.

Гулноза БОБОЕВА ёзиб олди. ЎзА

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг