«Энг содда нарсалар Исломга киришимга сабаб бўлди»: Испаниялик журналист аёл нега исломни танлади? (фото)

0
1354
Фото: www.arabnews.com

Испаниялик Аманда бир неча йил олдин мусулмон бўлган ва унинг учун Рамазон ҳар доим ўзига ҳос ой ҳисобланади.

“Авваллари мен оиламда Исломга амал қиладиган ягона инсон эдим. Ўшанда масжидга борар эдим ва у ерда рўзамни очар ва таровеҳ намозини ўқир эдим. Масжидда муслима опа-сингилларим мени яхши кутиб олишларини доим яхши кўрардим.”

Ҳозир ҳаммаси бошқача. У бир неча йил олдин мисрлик мусулмон кишига турмушга чиқди. Энди у оиласидаги ягона мусулмон эмас. Унинг эри ва уч ёшли ўғли у билан бирга.

«Биз уйни безадик ва ўғлимизнинг Рамазон руҳини ҳис қилишига ҳаракат қиляпмиз.»

Журналистика ва ёзувчилик билан шғулланувчи Аманда ўзини динини ўзгартирган инсон деб ҳисобламайди.

“Мен бир диндан иккинчисига ўтмадим. Мен умуман динга ишонмас эдим. Менда ҳеч қандай иймон йўқ эди. Олдинги ҳолатим менинг ҳидоят топишимни ҳайратланарли бўлганини билдиради. Чунки мен Худо борлигини ва Ислом умрим давомида излаган нарсам эканлигини англадим. Мен Ислом билан касбим тақозоси туфайли танишдим. Журналист сифатида мусулмон халқлар ҳақида ёзишим керак эди ва бу ҳақда умуман тасаввурга эга эмас эдим. Шундан сўнг Ислом тўғрисида тўхтамай ўқий бошладим ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари ва чинакам камтарликлари ҳақида билганимдан кейин у зотни севиб қолдим. Кейин, Қуръони Каримни, айниқса табиатнинг мукаммаллигини таъкидловчи оятларни ўқиб, Аллоҳни ҳис қила бошладим. Кўзларимни Исломга очган нарсалар энг содда нарсалар эди.”

Аманданинг мусулмон бўлиш қарори унинг оиласини ажаблантирган.

«Менинг оилам учун бу осон эмас эди. Улар бунга қўрқув билан муносабатда бўлишди. Мен бахт,осойишталик ва хотиржамликни ҳис қилиб турганимда уларни бу ҳолатимдан хафа бўлганларини кўриш жуда оғриқли эди. Аммо, Ислом менга фақат яхши нарсаларни берган. Биз улар билан бу ҳақда кўп гаплашмаймиз. Афсуски, ота-онамнинг иккаласидан ҳам айрилдим. Шунга қарамай, менинг лойиҳаларимни ва менинг динимиз ҳақида кўпроқ билишга бўлган қизиқишимни доимо қўллаб-қувватлаб турадиган кичиккина оилам ва эрим борлигидан хурсандман.”

Аманда Исломга сафари бошланганида унинг учун баъзи нарсалар чалкаш бўлганини тан олади.

“Мен Исломни ёқтира бошлаганимда дуч келган асосий тўсиқ, бу менинг баъзи нотўғри тушунчаларим эди. Аммо, мен Ислом гўзал эканлиги, бу ишонч, сахийлик ва кечиримлилик динилигини англаб етдим”, деди у.

Аманда испан жамиятида мусулмон сифатида баъзи қийинчиликларга дуч келаётганини хам таъкидлади.

«Мен ҳанузгача Исломни билмасдан уни ёмон кўрадиган одамларнинг нафратли нигоҳига дуч келаман. Улар мени Европанинг «ривожланган маданияти»дан воз кечиб “ваҳшийлар маданияти”ни қабул қилганим учун ёмон кўришади. Мен испанман ва бу менинг маданиятим, у Исломга жуда мос келади.”

У испан мусулмонлари мамлакатдаги бошқа барча фуқаролар каби ҳуқуқларга эга бўлишларини талаб қилади:

“Биз тўлақонли фуқаролардек қабул қилинмаймиз. Биз маълум бир ишга киришда қийинчиликка дуч келамиз ва биз ўзимизни қуйидагича оқлашга кўп вақт сарфлаймиз:

«Ҳа, мен мусулмонман ва мен оддий одамман ва ҳар қандай одам сингари иш олиб бора оламан.»

Аманда «Нима учун Исломни танладим: менинг аёл, европалик ва мусулмон сифатидаги ҳаётим» деб номланган китобини нашр этди. Унда Аманданинг Исломга кириши ҳақида сўз боради.

«Мен Исломга қилган сафаримни 2004 йилда Мадридда содир бўлган терактлардан кейин бошлаганман. Ўша пайтда «El Mundo» газетасида журналист бўлиб ишлар эдим ва мендан Испаниядаги мусулмонлар ҳақида ёзишни сўрашган эди. Мен ўшанда Ислом ва умуман мусулмонлар ҳақида жуда кам маълумотга эга эдим. Китобимда янги мусулмон сифатида ўз тажрибамни тасвирлаб берар эканман, ўқувчига эътиқодим ҳақида асосий, аммо муҳим нарсаларни тушунтириб бердим. Мен шунингдек, аёллар ўртасидаги кенг тарқалган тушунмовчиликларни ҳам ёритиб берганман.”

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг