Шотландиялик тадқиқотчилар коронавирусни аниқлайдиган тез ва аниқ тест тизимини яратдилар

0
933
Фото: AFP

Шотландия олимлари коронавирусни текширишда 99,8 фоиз аниқлик билан ишлайдиган тестни ишлаб чиқдилар. Quotient компаниясининг айтишича, мазкур текширув тизимини Эдинбургда жойлашган илмий-тадқиқот гуруҳи яратган бўлиб, у кунига 36000 кишини скрининг қилиш имконини беради.

Ушбу тест машиналари одамнинг қонидаги антитаналарни аниқлаш орқали унада коронавирус бор ёки йўқлигини аниқлайди. Антитаналар инсон организмига вирус кирганда унга қарши кураш учун қонда пайдо бўладиган моддалардир.

Ушбу тест натижалари 35 дақиқада маълум бўлади. Ҳозирги кунда Quotient компаниясида 12 та шундай машина мавжуд бўлиб, йил охирига қадар яна 20 та машина ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

«Биз бундай тезкор ва аниқ тестни ишлаб чиққанимиздан фахрланамиз», деди Quotient компаниясининг бош ижрочи директори Франс Волт. У 2003 йилда SARS вирусини аниқлайдиган илк тестни ишлаб чиққан лаборатория директори бўлган.

Дунё мамлакатлари ўз аҳолисини коронавирус текширувидан ўтказиш учун самарали усулларни изламоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти одамларни текширувдан ўтказиш вирусга қарши глобал курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.

ЖССТ Бош директори Тедрос Жебрейес илгари мамлакатлардан синовларни кўпроқ ўтказишни сўраган ва шундай деганди:

«Ким вирусни юқтириб олганини билмасак, бу пандемияни тўхтата олмаймиз. Бизнинг барча мамлакатларга айтадиган гапимиз шуки, касалликка чалингани гумон қилинган ҳар бир одамни текширувдан ўтказинг.»

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг