Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олгач, табиийки, рус миллатига мансуб аҳоли ҳам Туркистон ҳудудларига кўчириб келина бошланди.
Мустамлакачилар ҳеч қачон рус ва маҳаллий аҳоли орасидаги яқин ва узоқ келажакдаги ихтилоф, тўқнашувлар бўлиши эҳтимолини назардан қочиришмаган. Туркистоннинг кўп миллионлик халқи бирлашса, бу ердаги этник озчилик саналган русларга қийин бўлиши табиий эди.
Шу боис Чор Россияси Туркистондаги рус аҳолиси келиб жойлашган ҳудудлар атрофига арман жангари гуруҳлари – дашноқларни келтириб жойлаштирган эди.
Миллат эркини куйлаган Чўлпон айнан Андижоннинг большевик дашноқлар томонидан база қилинган ҳудудида дунёга келади.
Шоирнинг ёшлиги
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йил 5 октябрда Андижон шаҳрининг Қоратерак маҳалласида туғилди.
Чўлпоннинг отаси Сулаймон Мулла Муҳаммад Юнус ўғли замонасининг илғор одамларидан, ниҳоятда зиёли киши эди. Савдогар бўлса-да, “Расво” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзиб турарди.
У ўғли Абдулҳамиднинг ўқимишли одам бўлишини орзу қилган. Шунинг учун Чўлпоннинг болалигидан илм олишида бор сармоясини аямаган.
Чўлпон дастлаб мадрасада фалсафа, мантиқ, тарихни ўрганади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Умар Хаём асарларини ўқиб ёд олади.
Чўлпон ҳам Қодирий каби ўша даврнинг илғор таълим тизими бўлган рус тузем мактабида ўқийди. Рус тилини ўрганиб, рус ва жаҳон адабиёти билан танишади.
Пушкин, Достоевский ижоди Чўлпонни ўзига мафтун қилади. Жадидлар ҳаракати асосчиси Исмоил Гаспиринский ва турк дунёси намояндалари ижоди билан танишгач, дунёқараши шаклланади. У мазлум Туркистон халқлари қисматини бор бўйи билан ҳис қила бошлайди.
Чўлпон ўн тўрт ёшидан жиддий шеърлар ёзган. 15-16 ёшида “Маорифпарвар бобомиз Исмоил Гаспиринский ҳазратлари ҳақида таьзиянома” асарини қоралайди.
Ўша даврдаги жадидлар чоп этаётган энг машҳур газета – “Садойи Туркистон”да “Адабиёт надур”, “Доктор Муҳаммадёр” номли мақолалари чиқади. Туркий назм осмонида янги юлдуз порлаб келмоқда эди.
Беҳбудий, Авлоний, Ҳамза, Фитрат, улуғ ҳинд мутаффакири Робиндранат Токур асарларидан руҳланган Чўлпон миллат келажагини, унинг истиқболларини кўра бошлаган.
Ёш бўлишига қарамай, 1917-1918 йилларда Бошқирдистон ҳукумати раисига котиблик қилади.
1919 йилда Фарғонага келиб, “Янги шарқ” газетасига ишга киради. 1921-22 йилларда “Ахбори Бухоро” газетасига муҳаррир этиб тайинланади.
Сўнгра Андижондаги “Дархон” газетасида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. Туркистон мухторияти ва миллий озодлик ҳаракатлари тор-мор қилингани ёш шоирни чуқур изтиробга солади. Буни Чўлпоннинг ўша даврда яратган асарларидаги тушкун кайфиятдан ҳам сезса бўлади.
Туркистонда дашноклар ва кизил армиянинг зулмининг кучайиши хакида малумотлар хакида кейин ёзамиз
© Ихтиёр Эсанов