Амир Олимхоннинг Большевик ўғли Шоҳмурод Олимов

0
1032
Фото: t.me/jadidlar

Амир иккинчи ўғил Шоҳмурод Олимовнинг тақдири эса бошқача бўлди. 1929 йил 16 июнь куни «Известия» рўзномаси Шоҳмурод Олимовнинг отасига очиқ хатини эълон қилди. «Бухоро амирининг ўғли ўз отасига шундай дейди» деган сарлавҳа билан эълон қилинган бў хатга таҳририятнинг қуйидаги кириш сўзи илова қилинган эди:

«Биз ўғилнинг ўз отасига мактубини эълон қилмоқдамиз. Унинг отаси — собиқ Бухоро амири, оқ пошшонинг содиқ малайи — рус чоризмининг қўллаб-қувватлаши билан Бухоро амирлигида ҳукмдорлик қилган. Меҳнаткаш омма томонидан Бухородан қувиб чиқарилган ота Афғонистоннинг қайсидир бурчагида кўп йиллардан бери мусофирликда яшамоқда. Яқинда у Совет ҳукуматига қарши «фош қилувчи» мурожаатнома эълон қилди. Худди шу вақтнинг ўзида босмачи тўдалари Ғарм шаҳри яқинида бизнинг ҳудудимизга ҳужум қилишди. Бу тўғрида илгари хабар қилган эдик.

Ўғил — Шоҳмурод бошқа лагерда. У москвалик рабфакчи. Собиқ ўғил ўз отасининг янги қилиғи тўғрисида унга биринчи ва сўнгги мактубини йўлламоқда. Биз бу хатни социалистик ғояларнинг сиёсий жиҳатдан чириб кетган мустабид оиладаги ўрта асрчилик муносабатларига ҳам раҳна солганлигига мисол, инсоният тарихида камдан-кам учрайдиган ҳужжат сифатида эълон қилмоқдамиз».

Шоҳмуроднинг «Известия» рўзномасида босилган мактубини жумҳуриятимиздаги кўпгина рўзномалар, жумладан «Озод Бухоро» ҳам кўчириб босди. Бугунги кунда сталинча «ғоявийлик» ва зўравонликнинг ўзига хос намунаси сифатида баҳоланадиган бу очиқ хатда ўғил тилидан қуйидаги сўзлар битилган:

«Мен сенга умримда биринчи ва сўнгги маротаба хат ёзаяпман. Мен хат ёзишни, орамизда ҳеч қандай алоқа ўрнатилишини истамаган эдим. Лекин кейинги кунларда юз берган воқеалар мени сенга юрагимнинг қони билан хат ёзишга мажбур этди. 1917 йилда дунё инсоният тарихида биринчи марта икки лагерга бўлинди: Капитализм лагери ва социализм лагери.

1918 йил келди. Бу вақтда сенинг крепостной ҳокимиятингда тескаричилик жуда кучайди. Регистон камбағал косиблар ва деҳқонлар қаттиқ зулмга қарши бош кўтаришга журъат этган ва сен ҳукмронлик қилган вақтда бутунлай таланган кишиларнинг қони билан тўлди.

Сен эса айш-ишрат билан машғул эдинг. Ота-ўғил бўлганимиз ҳолда сен билан йилига бир маротаба учрашар, бошқа вақтларда бизлар (уч биродар) ўз оналаримиз билан бирга яшар эдик. Сен ўғилларинг борлигини билмас эдинг! Сен уларни англамас эдинг. Лекин онамнинг шикоятлари ҳали эсимда турибди. 1920 йил келди. Бухородаги мустабид, крепостной, ярим мустамлака ва тескаричи ҳокимият қулатилди. Муллаларнинг, бойларнинг ҳокимияти, сенинг ҳокимиятинг қулатилди.

Амир ҳокимияти йўқ бўлди. Унинг ўрнига янги ҳокимият — халқ ҳокимияти келди. Янги ташкил этилган Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти бизларни ўз бағрига олди. У бизларни боқди ва кийинтирди. 1923 йилда бизлар ўқимоқ учун Москвага бордик. Бу вақтга келиб Туркистон шўролари, Бухоро ва Хоразм жумҳуриятлари бирлашиб, Ўзбекистон Шўролар Жумҳуриятини ташкил этдилар.

Ўзбекистон жумҳурияти бошқа жумҳуриятлар билан тенг ҳуқуққа эга бўлган ҳолда СССР таркибига кирди. Ёлғиз сенгина эмас, балки сенинг хўжайининг бўлган Русия самодержавиеси томонидан ҳам эзилган амир Бухороси тугади. Бухоро янги, бошқа бўлди. Ҳозир у ерда зўрлик ва зулм йўқ, у ерда нодонлик, саводсизлик йўқолмоқда, мактабларнинг сони кўпаймоқда. Батраклар ва меҳнаткаш халқнинг ўн минглаб болалари бу мактабларда ҳар хил илмларни ўрганишмоқда. Большевиклар фирқасининг тўғри раҳнамолиги остида халқ хўжалиги ривожланмоқда ва мустаҳкамланмоқда.

Мен олти йилдан буён Бутуниттифоқнинг сиёсий ва иқтисодий маркази бўлган Москвада ўқимоқдаман. Мен ишчилар факультетида билим олдим. Бу ерда орттирган ўртоқларим билан бирга ўқиб ва яшаб катта шўролар жамоасининг аъзоси бўлдим. Мен сени ёмон кўраман. Мен отам йўқ, деб ҳисоблайман ва сенга ҳам ўғлинг борлигини ёдингдан чиқаришингни таклиф этаман. Мен сенинг илгариги ўғлинг эмасман, у янги тил билан гапиради.

У ҳур фикрли ва турмушга янгича қарайдиган кишига айланди. Дунё икки лагерга бўлинди. Инқилобий ҳаракат ёлғиз Ғарбда эмас, балки Шарқда ҳам ўсмоқда. Хитой қуллари мустамлакачилик зулмига қарши қўзғолдилар, Ҳиндилар мустақиллик учун интилмоқдалар. Инқилоб ўти бутун ер юзига ёйилмоқдаким, у шубҳасиз алангага айланиб, зиндонларни ёндиради.

Мустамлакачилар миллатлар ўртасига нифоқ соладилар, уларни ўз қулларига айлантириш учун алдайдилар… Сен, инидан қувилган тулки, Шўролар Тожикистонига ҳужум қилишни, кейин эса мустамлакачи ҳомийларинг ҳимояси остида Бухорога келишни ўйлабсан.

Сен шу йўл билан Шўро ҳукуматини йиқитиб, яна амир Бухоросини тузмоқчи бўлаяпсан. Бу ерда фарқ фақат битта: илгари сен халқни эзиб, топганларингни Русия ҳокими мутлағи билан бўлишар эдинг. Эндиликда эса очофатлиги билан танилган дунё йиртқичи — Англия билан ҳамтовоқлик қилмоқчисан.

Лекин сен чучварани хом санаяпсан. Тожикистонда Шўро ҳокимияти яшайди ва яшаяжак. Шўро ҳокимиятини барпо қилиш осон бўлмади. Сендай ифлос, аҳмоқ ва дарбадар одам Шўро ҳукуматини осонлик билан йўқота олмайди. Сен 1920 йилда Бухородан қочаётиб бутун Шарқий Бухорога босмачилик уруғининг сепдинг.

Ғолиб ишчи-деҳқон қизил қўшини ва кўнгилли аскарлар босмачиларни тор-мор келтирдилар. Лекин босмачи шайкалари шўро тупроғида яна пайдо бўла бошладилар. Бу гал ҳам Қизил қўшин алданган кишилар тўдасини тор-мор қилажак. Шўролар Тожикистонининг ортида ,140 миллион кишилик кучли Шўролар Иттифоқи турибди.

Шўролар Иттифоқини Ғарбдаги ишчилар синфи ва бутун мустамлака Шарқи ҳимоя қилади. Булар менинг сенга айтган энг сўнгги сўзларимдир. Сен билан абадий ажралишамиз. Агар ўзим истамаганим ҳолда тақдир мени сен билан учраштирса, унда сен билан душманларча учрашамиз.

Сенинг собиқ ўғлинг: Шоҳмурод».

Мана шундай қилиб, шахсга сиғинишнинг айни авжига чиқаётган палласида яна бир совет ўспирини «ғоявийлик» сиёсати туфайли ота ва ўғил ўртасидаги инсоний муносабатларни поймол қилиб, Павлик Морозовнинг «жасорати»ни такрорлади. Шу мактуби туфайли Шоҳмурод Олимов нафақат пушти паноҳи, балким бутун ўтмиши, қилмиш-қидирмиши, инсоний илдизлари билан видолашиб, заминидан айрилган дарахтдай бўлиб қолди.

Хўш, Шоҳмурод нима учун бу мактубни ёзди?

Шоҳмурод рабфакни тамомлагач, ҳарбий билим юртига кирмоқчи бўлди.

Унда бу билим юртини тамомлагач, ҳарбий акдемияга кириб ўқиш орзуси ҳам бор эди. У шу орзуларини дўстларига айтганида, улар:

— Сени бу соҳага ўқишга олишмайди,— дейишди.

— Нима учун? — деб сўради ёш йигит беихтиёр.

— Ахир сен Совет ҳокимиятининг ашаддий душмани бўлган одамнинг — собиқ Бухоро амирининг ўғлисан-ку.

— Бу гап тўғри. Лекин мен ўз ҳаётимни ҳарбийдан бошқа соҳада тасаввур этолмайман-да. Отам генерал бўлган, мен ҳам шундай бўлишни хоҳлайман.

— Бунинг битта йўли бор,— деди даврадагилардан бири.

— Бу қандай йўл экан?

— Матбуот орқали отангга хат ёзиб, ундан, гўё воз кечган ўғил бўласан. Шундай қилсанг, сени ҳарбий билим юртига қабул қилишади, келгусидаги ҳаётинг ҳар хил хавф-хатарлардан ҳам ҳоли бўлади.

Шоҳмурод ўйланиб қолди. Орадан маълум вақт ўтгач эса, «Известия»да эълон қилинган юқоридаги хат пайдо бўлди. Ўғил шундай қилдию, бир умр ўзини виждон азобига қўйди.

Шоҳмурод Олимовнинг ёшлигида Москвада рабфакда бирга ўқиб, кейин заводда бирга ишлашган Мусахон Зокиров исмли дўсти бўлган. Бу одам Шоҳмурод билан тенгқур бўлиб, Қарши шаҳри яқинидаги Маҳаллиёт қишлоғида, асли Қозондан кўчиб келган бой татар оиласида туғилган. Мусахон уруш бошланиб кетгач, Москвадан Душанбега кўчиб келиб, нон маҳсулотлари комбинатида ишлаган.

Шу одамнинг ҳикоя қилишича, у Москвада яшаган пайтларда Шоҳмурод рафиқаси Лидия Михайловна билан уникига тез-тез меҳмонга келар, қаттиқ маст бўлиб қолган пайтларида ота-онасини эслаб йиғлар экан. Айни пайтда Мусахон Зокиров Шоҳмуроднинг жуда ҳам саводли ва фикр-мулоҳазали одам бўлганлигини таъкидлайди.

— Совет ҳокимияти хавф остида бўлса, биздай кишилар хотиржам яшасак бўлади,— деган экан бир кун Шоҳмурод шу дўстига. — Аксинча, бу ҳокимият ўзига тинч бўлса, биздай ижтимоий келиб чиқиши «нобоп» кишиларни йўқ қила бошлайди. Рўзномаларда фарзанд ота учун жавоб бермайди, деб ёзишаяпти. Бу бўлмаган сафсата. Бу ҳукуматнинг чангалига тушиб қолсанг, отанггина эмас, бобонг учун ҳам жавоб талаб қилиши мумкин.

Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Мариям Ёқубованинг қизи Тамара Ёқубова бизга бир воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, 30-йилларнинг ўрталарида Мариям Ёқубова бир иш билан Москвага борганида рабфакда бирга ўқиган дўсти Шоҳмурод билан учрашибди. У дўсти билан суҳбатлашиб ўтириб:

— Шоҳмурод, ёмон замонлар бўлаяпти. Сизни собиқ Бухоро амирининг ўғли, деб бир кунмас бир кун ҳибсга олишмасайди,— дебди.

Шунда Шоҳмурод кулиб:

— Ҳали хабарингиз йўқми? Мен бунинг эҳтиётини қилганман,— деб «Известия» рўзномасининг ўша хат босилган сонини олиб кўрсатибди.

Дарҳақиқат, отасига хати эълон қилинганидан кейин Шоҳмурод Олимовнинг йўли очилди. У аввал ҳарбий билим юртига, кейин Куйбишев номидаги ҳарбий-инженерлик академиясига кириб ўқиб, Совет армиясининг генерали даражасига етди.

Шоҳмурод Олимов ҳарбий-инженерлик академиясини аъло баҳолар билан тугатгач, қобилиятли офицерга яна бир ҳиммат кўрсатилди. У шу академияда ўқитувчи қилиб қолдирилди.

Улуғ Ватан уруши бошланиши билан эса Шоҳмурод Олимов биринчилар қаторида фронтга жўнаб кетди. Фашистлар тажовузкорона юришини табора кучайтираётган дамларда темир йўллар, кўприкларни портлатишга раҳбарлик қилиб, душманнинг олға ҳаракатини секинлаштиришга ҳисса қўшди. Жанглардаги жасорати учун орден ва медаллар билан мукофотланди. Ўз соҳасини яхши билган мутахассис сифатида Совет Армияси Бош штабидагиларнинг назарига тушган эди.

1944 йилда Қрим ярим оролини душмандан тозалаш чоғида Шоҳмурод Олимов оғир яраланди. Шу муносабат билан Москвада махсус самолёт ажратилди. Лидия Михайловна шу самолётда эри олдига бориб, ҳарбий врач, ҳамшира ҳамроҳлигида уни Москвадаги госпиталга олиб келди. Бу ерда Шоҳмурод Олимовнинг бир оёғини кесиб ташлашга тўғри келди. Унга академияга қайтиб, ўқитувчилик касбини давом эттиришига рухсат беришди.

Ҳассага таяниб, ёғоч оёғини дўқиллатиб аудиторияга кириб келадиган истараси иссиқ бу кишининг миллати, насл-насабидан академияда саноқли кишилар хабардор эдилар. У ўтмиши, ҳаёти тўғрисида гапиришни ёқтирмас эди. Ҳатто узоқ йиллар у билан ёнма-ён ишлашган ҳамкасблари ҳам генерал Олимовнинг ғаройиб таржимаи ҳолидан бехабар эдилар.

Алиназар Эгамназаров

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг