platforma.uz: Ўқувчи ёки талабадан «Мегабайтинг борми?», деб ким сўрайди?

0
1157
Фото: t.me/platformauzb

Олий таълим, халқ таълими ва АКТ вазирлари диққатига!

Юртимиздаги мактабларда тўртинчи чорак онлайн тарзда якунланиши аён бўлди. Бу расман айтилди. Карантин муддати чўзилгани боис ўрта махсус ва олий таълимда ҳам ўқув йили, семестр охири масофадан дарс ўтишлар билан поёнига етишини тахмин қилиш қийин эмас.

Энди кўпга келган синов. Деярли бутун дунё шунга мажбур ҳозир. Ҳамма буни тушуниб турибди. Лекин онлайн таълим бўйича ҳамон аксарият одамларни, айниқса, ёшларни қийнаётган масала ҳам борки, у ҳақда фикр билдириш учун ҳали ҳам кеч эмас.

Очиғи, баъзи ота-оналарни устозларнинг «Телеграм» орқали «болалар, фалон вазифани овозли, фалон топшириқни видеоли тарзда жўнатасиз. Жўнатмаганга баҳо йўқ» қабилидаги уй вазифалари сал қийнаб қўймоқда. Нега дейсизми?

Энди ўйлаб кўринг, қурби етиб уйига «VIP» интернет ўрнатган ёки телефонида мегабайтлари тўлиб ётганларга бу муаммо эмасдир. Лекин ҳаммада ҳам интернет тўловига имконият йўқку. Боласининг вазифаларини (фақат видеоли ёки овозлини айтяпман) бир жўнатар, икки жўнатар, телефони интернет учун пул «ейверса», охири оғринадида. Рўзғорига оғирлик қилади. Айниқса, ҳозирги синовли кунларда.

Қишлоқлардаям деярли шу талаб. Лекин аслида у ерларда, биринчидан, интернетнинг яхши ишлаши ўзи муаммо, иккинчидан мегабайт етказиш ҳаммагаяммас. Шароитни билиб турган ўқитувчига буни айтсангиз, «Менам нима қилай, топшириқ шундай» дейди. Шунинг учун, азиз таълим соҳаси жонкуярлари, «баҳо йўқ», «нега жўнатмадингиз?» дея аччиқ қилишдан олдин «нега жўната олмаган бўлиши мумкин?» деган саволни ҳам ўзингизга бериб кўрингда, сал-пал камчиликларгаям кўз юмвораверинг. Вазифани юбормади дегани, уни бажармади дегани эмас…

Олий таълимда-чи? Барака топишсин, аксарият институт, университетлар видеодарс ёзиб, «Телеграм»дан талабаларга ташлаб беришяпти. Бу жуда катта меҳнат, чин дилдан раҳмат айтишга арзийди. Аммо бошқа томони бор: битта видеодарс ўртача 50-70 мегабайт атрофида бўлса, ҳамма талаба ҳам уларни ҳар куни телефонига юклаб олишга имкон қила олаяптимикан?! Бир кунда, айтайлик, 3 та дарс «скачать» қилса, 150-210 мегабайт атрофида бўлади? 10, 20 кунда-чи? Дарсга интернетдан маълумот олиши-чи? Пули-чи?

Қараб кўрдим, кўзим тушганларини ёзволдим. «Ucell»да 8 минг сўмга «Студент» тарифи бор экан, 1100 MB интернет пакет олса бўларкан. Лекин у видеодарсларга урвоқ ҳам бўлмайди. «Beeline»да 33 минг сўмга 4 GB, 44 минг сўмга 6GB, 60 минг сўмга 12 GB бор. «UMS»да 33 мингдан 150 минг сўмгача ўртача интернет пакет олиш мумкин. Лекин барча компания ҳам ҳамма жойда ишлайвермайди-да. Қайсинисининг антеннаси чиқса, ўшанинг интернетидан фойдаланишга мажбурсиз.

Хуллас, булар аслида ўйлаб кўрилиши керак бўлган масалалар. Онлайн дарслар зарур, аммо уни қабул қилувчи ҳам ҳар томонлама тайёр бўлиши лозим. Камчиликларни инобатга ола билиш керак. Катта ҳажмдаги билимни «тортиш»га мегабайти борми йўқми, буни инобатга олган мақсадга мувофиқ…

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг