Бактериологик (биологик) қурол

0
801
Фото: Tereshchenko Dmitry/Shutterstock

Ҳарбий пенсионер, подполковник Шокир Долимов короновирус пандемияси дунёда кўп саволларни юзага келтираётганлиги, жумладан бу билогик қуролми деган саволга жавоб бериш учун халқаро ва миллий хавфсизликка оид ҳарбий терминларнинг изоҳли луғатидан бу борадаги маълумотларни омма эътиборига ҳавол этмоқда. Хусусан, Ш.Долимов қуйидаги маълумотларни келтириб ўтади.

Коронавирус бактериологик қуролми, йўқми, жаҳонда кечаётган воқеалар давомида кейинчалик биламиз. Ҳозирча эса ушбу қурол тури билан танишиб чиқамиз

Замонавий қурол қуйидаги турларга бўлинади:

бактериологик (биологик) қурол;

кимёвий қурол;

мина қуроли;

ракета қуроли;

реактив қурол;

совуқ (тиғли) қурол;

торпеда қуроли;

ўқотар қурол;

ядро қуроли.

Юқорида айтилгандек, бугун мен сизга бактериологик (биологик) қурол ҳақида қисқача сўзлаб бермоқчиман.

БАКТЕРИОЛОГИК (БИОЛОГИК) ҚУРОЛ.

Шикаст етказиш таъсири одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўладиган турли жонли организм ёки заҳарли биологик маҳсулотларнинг қўлланилишига асосланган оммавий қирғин қурол (ОҚҚ).

Бактериологик қурол ўз ичига жанговар биологик воситалар ҳамда уларни элтадиган, сочадиган, сепадиган ёки пуркайдиган воситаларни мужассам этади.

Жанговар биологик воситалар жумласига касаллик туғдирадиган вируслар, бактериялар, замбуруғлар, риккетсиялар ва бир ҳужайрали микроорганизмлар киради.

Бундай воситалар аэрозоль (тутун, чанг, туман) кўринишида қўлланилиши ёки ҳавога суюқ ёхуд қаттиқ реза зарралар кўринишида пуркалиши, уларни элтиш воситалари сифатида эса ракеталарнинг жанговар каллаклари, снарядлар, авиацион контейнерлар ва шу кабилар хизмат қилиши мумкин.

Бактериологик (биологик) қурол сифатида касаллик ташувчи ҳашаротлар, майда ҳайвонлар, паразитлар ёки очиқ сув оқимлари қўлланилади. Жанговар биологик воситалар инсон организмига овқат ҳазм қилиш тизими (овқат ёки сув билан бирга), нафас олиш тизими, ҳашарот ва жўлаклар чаққан, кемирувчи тишлаган жойлар орқали сингиб киради.

Бактериологик (биологик) қуролнинг ўта юқори жанговар самараси, унинг катта ҳудудларда пинҳона қўлланилиши, таъсир кўрсатиш кучи танланиши, одамларга кучли руҳий таъсир ўтказиши, касал тарқатиш учун оз доза етарли бўлиши, қўлланилганлигини аниқлаш қийин кечиши, қўшинлар, аҳоли ва ҳайвонларни биологик жиҳатдан ҳимоя қилишга қаратилган ишлар ҳажмининг катталиги, қимматлиги ва мураккаб кечиши билан боғлиқ.

Бактериологик (биологик) қурол қўлланилган тарзда олиб бориладиган жанговар ҳаракатларни бактериологик (биологик) уруш, деб аташ қабул қилинган.

Бактериологик (биологик) қуролнинг шикаст етказиш асосини бактериал (биологик) воситалар ташкил этади.

Бактериал (биологик) воситалар (БВ) – жанговар жиҳатдан қўллаш мақсадларида атайин саралаб олинган, инсон (ҳайвон, ўсимлик) организмига сингиб киргач, оғир касаллик қўзғатишга қодир биологик агентлар.

Бундай воситалар жумласига:

– энг хавфли юқумли касалликларни қўзғатадиган микробларнинг алоҳида турлари;

– ўта заҳарли хусусиятга эга айрим микробларнинг (хусусан бактерияларнинг) ҳаётий фаолияти натижасида юзага келадиган маҳсулотлар – микробли токсинлар киради.

Дон экинлари, саноат учун хом ашё берадиган қишлоқ хўжалигининг техник экинларини йўқ қилиш ва бу билан давлатнинг иқтисодий қудратига путур етказиш мақсадларида чигиртка, колорадо қўнғизи ва шу каби, қишлоқ хўжалик экинларига зарар етказадиган энг хавфли зараркунандалар душман томонидан атайин қўлланилишини кутиш мумкин.

Микроорганизмлар, шу жумладан, юқумли касаллик қўзғатувчилар ўз ўлчами, тузилиши ва биологик хусусиятига кўра муайян синфларга, хусусан бактериялар, вируслар, риккетсиялар ва замбуруғларга бўлинади.
Бактериялар оддий бўлиниш йўли билан кўпаядиган ва фақат микроскоп орқали кўринадиган бир ҳужайрали микроорганизмлар.

Бактериялар қуёш нури, дезинфекция воситалари ва юқори ҳароратнинг бевосита таъсиридан ҳалок бўлиб, паст ҳарорат, ҳатто муз қопламасига кам таъсирчандир. Бактерияларнинг айрим турлари ноқулай шароитда омон қолиш учун ҳимоя капсуласи билан қопланиш ёки юқорида тилга олинган омилларга ўта бардошли спораларга айланиб қолишга қодир.

Бактериялар ўлат, туляремия (касал кемирувчилар орқали одам ва ҳайвонларга юқадиган оғир касаллик), куйдирги, манқа (отларда бўладиган юқумли касаллик), мелиоидоз каби, кўплаб оғир касалликларни қўзғатади.

Вируслар – ўлчамига кўра бактерияларнинг энг кичик турларига нисбатан юзлаб чандон майда микроорганизмлар.

Бактериялардан фарқлироқ вируслар фақат тирик тўқималар ҳужайраларида ривожланиши мумкин. Шу боис, ҳам улар ҳужайралар ҳисобига яшовчи паразитлар, деб аталади. Вируслар қуритиш ва музлатиш таъсирига чидамлидир. Вируслар табиий чечак, сариқ безгак, отларнинг Венесуэла энцефаломиелити, Ласса (Аргентина, Боливия) геморрагик безгаги каби, жуда оғир ва хавфли касалликлар тарқалишига сабаб бўлади.

Риккетсиялар бактериялар билан вируслар оралиғидаги микроорганизмлар гуруҳи.

Риккетсиялар ташқи кўриниши ва ўлчамларига кўра бактерияларга, ҳаёт тарзига кўра эса вирусларга яқин бўлиб, айрим турлари қуритиш ва музлатиш таъсирига чидамлидир. Риккетсиялар тепкили терлама (тошмали тиф), Ку-безгаги ва шу каби, бошқа касалликларни қўзғатади.

Замбуруғлар – тузилиши мураккаб, кўпайиш усулларига кўра бактериялардан фарқ қиладиган микроорганизмлар.

Замбуруғ споралари қуритиш, қуёш нурлари ва дезинфекция моддалари таъсирига ўта чидамли бўлади. Касаллик қўзғатадиган замбуруғлар таъсиридан юзага келган касалликлар ички органларнинг оғир, соғайиш жараёни узоқ кечадиган яллиғланиши (бластомикоз, гистоплазмоз) билан тавсифланади.

Микробли токсинлар – заҳарлилик даражаси юқори саналадиган айрим бактерия турларининг ҳаётий фаолияти давомида ажраб чиқадиган ҳосилалар.

Инсон (ҳайвон) организмига озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув билан бирга сингиб кирган микробли токсинлар жуда оғир, аксарият ҳолларда ўлим билан якун топадиган заҳарланиш ҳолатларига олиб келади.

Бактериал токсинларнинг маълум турларидан бири, ўз вақтида даволанмаган 60-70% ҳолларда ўлим билан якунланадиган ботулин токсини саналади.

Токсинлар, айниқса, қуритилган кўринишдаги токсинлар музлатиш таъсири ва ҳавонинг нисбий намлиги тебранишларига етарлича чидамли бўлиб, ўзининг шикаст етказиш хоссаларини ҳавода 12 соатга қадар сақлаб қолади. Токсинлар узоқ қайнатилганда ва дезинфекция моддалари таъсирида парчаланади.

Бактериал (биологик) воситалар сифатида:

– одамларни заҳарлаш учун – ботулин токсини, стафило¬кокк энтеротоксини, ўлат, туляремия, куйдирги, сариқ безгак, Ку-безгаги, бруцеллёз, отларнинг Венесуэла энцефаломиелити ва шу каби, бошқа касаллик қўзғатувчилари;

– қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини заҳарлаш учун – ўлат, манқа, оқсим, йирик қорамол ўлати ва шу каби, бошқа касаллик қўзғатувчилари;

– қишлоқ хўжалик экинларига зарар етказиш (нобуд қилиш) учун – бошоқли ғалла ўсимликларининг занги, картошка фитофторози ва шу каби, бошқа ўсимлик касалликлари қўзғатувчилари қўлланилиши мумкин.

Бактериал (биологик) воситалар организмга:

– нафас олиш органлари орқали ҳаво билан биргаликда;

– ошқозон-ичак йўллари орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув билан биргаликда;

– тери қопламаси (шилинган ва яраланган, зарарланган ҳашаротлар чаққан жойлар) орқали сингиб кириб, касаллик қўзғалишига (заҳарланишга) сабаб бўлади.

Айрим давлатларда душманнинг жонли кучига талафот етказишнинг бир қатор эҳтимолий усуллари, хусусан:

– биологик воситаларни чангитиб яратилган аэрозоль билан ҳавонинг ер юзасига яқин қатламини заҳарлаш – аэрозолли усул;

– қон сўрадиган ташувчиларни сунъий равишда заҳарлаб, нишон ҳудудига сочиб сепиш – трансмиссив усул;

– қўпорувчилик анжомлари қўлланилган тарзда ёпиқ макон (ҳажм) ичидаги ҳавони (сувни) биологик воситалар билан заҳарлаш – қўпорувчилик усули ишлаб чиқилиб, ҳар томонлама текшириб кўрилган.

Жанговар жиҳатдан қўлланиладиган турли-туман воситалар:

– биологик (асосан кичик калибрли) авиация бомбалари;

– кассеталар;

– ракеталарнинг жанговар қисмлари;

– самолёт, вертолёт ва шу каби, бошқа учиш аппаратларига ўрнатиладиган авиацион сепиш ва тўкиш қурилмалари;

– муайян ерда аэрозоль ҳосил қиладиган генераторлар бактериал (биологик) рецептуралар билан анжомланиши мумкин.

Биологик воситалар билан атайин зарарланган бўғимоёқли ташувчиларни нишон ҳудудига етказиб тарқатиш учун махсус конструкцияга асосан тайёрланган авиация бомбалари ва контейнерлари (энтомологик ўқ-дорилар) қўлланилади.

Биологик ўқ-дориларни етказиш воситаси сифатида биринчи навбатда, ракеталар ва ҳарбий авиация қўлланилади. Радио ва телевизион тўлқинлар воситасида бошқариладиган аэростатлар (ҳаво шарлари) ҳам қўлланилиши мумкинлигини рад этиб бўлмайди.

Юқори самарага эришиш мақсадида бактериологик (биологик) қурол дафъатан, муайян бактериологик воситанинг шикаст етказадиган маълум хоссалари инобатга олинган ҳолда ёпирилма тарзда қўлланилади.

Шунинг учун бундай қурол таъсиридан ишончли сақланиш тадбирларини ташкиллаштириш мобайнида нафақат мулоҳаза юритилаётган қурол қўлланилган ҳолатни ўз вақтида аниқлаш, балки душман бактериологик (биологик) қурол қўллашга ҳозирлик кўраётганлигини олдиндан фош этиш ниҳоятда жиддий аҳамият касб этади.

Бактериологик восита қўлланилганлигининг ташқи (билвосита) аломатлари жумласига:

– душман самолёти, ракетаси ёки шамол таъсирида учиб бораётган аэростати (ҳаво шари) ортида тез тарқаб кетаётган булут ёхуд туман кўринишидаги йўлак пайдо бўлиши;

– ташланган кассета очилганидан сўнг унинг элементлари (кичик калибрли биологик бомбалар) пастга тик тушмай, ерга нисбатан муайян бурчак ҳосил қилганча айланиб, аста-секин пастлаб бориши;

– портлаган ўқ-дори парчалари ва портлаш рўй берган жойнинг бевосита яқинидаги ер, маҳаллий жисмлар ва ўсимликлар сиртида лойқа суюқлик ёки кукунсимон (ёхуд хамирсимон) моддалар мавжудлиги;

– ўқ-дорининг ўзига хос конструктив хусусият ва биологик ўқ-дориларга оид тамғаларга эга бўлиши;

– энтомологик ўқ-дорилар (контейнерлар) тушган жойларда тирик ва ўлик ҳашаротлар, жўлаклар галаси мавжудлиги киради.

Бактериал (биологик) воситалар таъсирига дучор бўлган, бунинг натижасида шахсий таркиб орасида оммавий юқумли касалликлар (талафот) юзага келган ҳудуд ва унда мавжуд қўшинлар – бактериологик (биологик) жиҳатдан зарарланган макон, деб айтилади.

Бактериологик (биологик) жиҳатдан зарарланган макондаги жамики одамлар, зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сувини истеъмол қилган, зарарланган қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника билан муомала қилган ёки хавфли контагиоз касаллик ривожланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар бактериал воситалар билан зарарланган шахслар, дея эътироф этилади.

Табиий жойнинг биологик аэрозоль билан зарарланиш даражаси ҳамма жойда ҳам бир хил бўлмайди. Хусусан, биологик аэрозолнинг тўйиниши ҳаво оқимининг ҳаракати ва қуёш радиациясининг бевосита таъсири чекланган жарлик, сойлик, ботиқлик, ўрмон, турар жой ва саноат бинолари зич кўтарилган аҳоли пунктларида очиқ текис жойдагига нисбатан юқори даражага эга бўлади.

Биологик қурол энг шафқатсиз ва одамийликка зид келадиган қуролли кураш воситаларидан бири саналади.

Бундай қуролнинг қўлланилиши башариятга қарши энг оғир жиноят саналади.

Шу боис:

1925 йилги Женева протоколи орқали урушда биологик воситаларнинг қўлланилиши ман этилган;

– 1972 йили эса Бактериологик (биологик) ва заҳарловчи қуролни яратиш, ишлаб чиқариш ва захираларини тўплашни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш тўғрисидаги конвенция қабул қилинган.

Ушбу Конвенцияда, биологик қуролнинг ҳар қандай тури йўқ қилиниши ҳам кўзда тутилган бўлиб, 100 дан ортиқ давлат томонидан имзоланган.

БАКТЕРИОЛОГИК (БИОЛОГИК) ВА ЗАҲАРЛОВЧИ ҚУРОЛНИ ЯРАТИШ, ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ЗАХИРАЛАРИНИ ТЎПЛАШНИ ТАҚИҚЛАШ ҲАМДА УЛАРНИ ЙЎҚ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ КОНВЕНЦИЯ 1972 йил 10 апрелдан эътиборан имзолаш учун очиқ, деб эълон қилиниб, 1975 йил 26 март куни кучга кирган ҳужжат.

Бугунги кунда 100 дан ортиқ давлат ушбу Конвенция иштирокчилари саналади. Конвенциянинг амал қилиш муддати чекланмаган. Конвенция депозитарийлари АҚШ, Буюк Британия ва Россия саналади.

Конвенцияга аъзо давлатлар ўз зиммаларига:

– тури ва миқдори профилактика, ҳимоя ёки тинчлик мақсадида қўллашга дахли бўлмаган (келиб чиқиши ёки ишлаб чиқариш усули қандай бўлишидан қатъи назар) микробиологик ёхуд бошқа турдаги биологик агентларни (омилларни) ёки токсинларни (тирик организмлар ҳосил қиладиган заҳарлар, заҳарли моддаларни), шунингдек, душманлик билан ёхуд қуролли можароларда фойдаланиш мақсадларида бундай агентлар ёки токсинларни қўллаш учун мўлжалланган қурол-яроғ, жиҳоз ва ускуналар ёки элтиш воситаларини ҳеч қачон яратмаслик, ишлаб чиқармаслик, жамғармаслик, бирон-бир бошқа тарзда эга бўлмаслик ва сақламаслик мажбуриятини;

– ушбу Конвенция кучга кирганидан сўнг 9 ой ичида ўз ихтиёридаги, тасарруфидаги ёки назорати остидаги жамики агентлар, токсинлар, уларни қўллаш учун мўлжалланган қурол-яроғ, жиҳоз ва ускуналар ёки элтиш воситаларини йўқ қилиш ёки тинчлик мақсадларига қаратиш мажбуриятини;

– ман этилган агентлар ва токсинлар, уларни қўллаш учун мўлжалланган қурол-яроғ, жиҳоз, ускуна ва элтиш воситаларини бошқа давлатларга топширмаслик, эга бўлишларига ёрдам бермаслик, рағбатлантирмаслик мажбуриятини олганлар.

Шу билан бирга, Конвенцияга аъзо давлатлар ўз зиммаларига бактериологик (биологик) воситалар ва токсинларни тинчлик мақсадларида қўллаш учун мўлжалланган жиҳоз ва ускуналар, материаллар, фойдаланишга доир илмий ва техник ахборот билан ўртоқлашишга кўмак бериш мажбуриятларини олдилар.

Конвенция ОҚҚнинг хавфли турларини яратиш ишлари давом эттирилишини ман этган муҳим халқаро ҳужжатга айланди. Унинг сиёсий замирида 1985 йилдан бугунги кунга қадар 32 давлатни, шу жумладан, саноати ривожланган жамики давлатларни қамраб олган Австралия гуруҳи ташкил топди.

Ушбу гуруҳ давлатларнинг норасмий уюшмаси кўринишига эга бўлиб, унинг доирасида кимёвий маҳсулотлар, биологик препаратлар ва икки соҳада қўлланиладиган тегишли технологиялар савдоси устидан олиб бориладиган ўзаро назоратнинг тамойил ва усуллари ишлаб чиқилди, бошқа давлатларга экспорт қилинишига доир ахборот алмашинувининг шакллари белгилаб олинди.

Гуруҳга аъзо давлатлар боғлиқлик мажбуриятларини ўз зиммаларига олмаганлар, Гуруҳ қарорлари тавсия бериш хусусиятига эга бўлиб, консенсус асосида қабул қилинади.

Мазкур гуруҳ Эрон-Ироқ можаросида Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва технологиялардан фойдаланган тарзда тайёрланган кимёвий қурол қўлланилганлиги юзасидан БМТнинг Махсус миссияси томонидан 1984 йили чиқарилган хулосага асосан ташкил топди.
Австралия гуруҳининг мақсади кимёвий ва бактериологик қурол экспорт қилиниб тарқалиб кетишининг олдини олишдан иборатдир.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги буюритмаси асосида нашр этилган «Халқаро ва миллий хавфсизликка оид ҳарбий терминларнинг изоҳли луғати». Тошкент-2012.

Тузувчи ва таржимон подполковник Шокир Зокирович Долимов

 

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг