Коронавирус пандемияси қачон ва қандай тугайди?

0
1335
Фото: BRIAN STAUFFER FOR FOREIGN POLICY

COVID-19 дунё миқёсида 1 миллиондан ошиқ одамга тарқалган ва кўплаб мамлакатлар ушбу пандемияни секинлаштириш учун карантин жорий қилаётган ҳозирги пайтда аксарият инсонларда туғилаётган савол шундай бўлмоқда: «Буларнинг ҳаммаси қачон тугайди?«

Бу саволга жавоб кўп жиҳатдан коронавирус ҳақидаги мавҳумлик, шунингдек, бир киши уни бир мартадан кўпроқ юқтириб олиш мумкинлиги ва дунё олимлари вакцинани қанчалик тез ишлаб чиқаришига боғлиқ.

1.Хўш, бу қандай якунланади?

Пандемия фақат оммавий иммунитетни шакллантириш билан якунланади, деган фикр мавжуд. Бу ҳолатда жамиятдаги етарлича одам вирусдан ҳимояланади ва вирус ҳеч кимга юқмайди ва ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ушбу натижага эришишнинг икки йўли бор. Биринчиси – бу оммавий эмлашдир. Бунда тадқиқотчилар коронавирусга қарши хавфсиз ва самарали бўлган вакцинани ишлаб чиқишлари керак ва ҳукуматлар уни етарли миқдорда одамларга етказиб беришлари керак. Оммавий иммунитетни шакллантиришнинг иккинчи усули бироз ёқимсиз: Бунда жамиятдаги одамларнинг кўп қисми вирус билан касалланади ва уларнинг иммунитетида табиий равишда касалликка қаршилик кўрсатиш қобилияти пайдо бўлади.

2. Ўша вақтгача биз қандай йўл тутамиз?

Кўпгина мамлакатларда вирус тарқалишини секинлаштириш учун карантин жорий қилинмоқда. Корхоналар ва мактаблар ёпилиб, оммавий йиғилишлар тақиқланяпти ва одамларни уйда қолишга тарғиб қилинмоқда. Бунда асосий мақсад жуда кўп инсонларнинг инфекцияланишини олдини олишдир. Агар бундай қилинмаса мамлакатлардаги соғлиқни сақлаш тизими ишдан чиқади ва кўплаб инсонлар ҳалок бўлади. Мазкур усул узоқроқ вақтга чўзилади. Бунда ҳокимият ва соғлиқни сақлаш ходимлари оммавий текширувларни ўтказадилар, инфекция занжирини назоратга оладилар ва касалларни даволаш учун шароит яратадилар. Албатта, бу ишлар кўпроқ муддат талаб этади.

3. Карантиндаги чекловлар қачон бекор қилинади?

Одамлар ҳаёт тезда одатий ҳолга қайтишини кутмасликлари керак. Чекловларни жуда эрта олиб ташлаш янги хавфларни келтириб чиқаради. Хитойда ҳокимият пандемия бошланган Уҳань шаҳрини дунёдан узиб қўйган “қамалдан” икки ой ўтибгина қайта очишни бошлади. Бу шаҳарда касаллик деярли якунланди. Аммо Хитой қўллаган чоралар бошқа мамлакатларга қараганда қаттиқроқ эди ва ҳозир камида битта ҳудуд қайтадан карантинга олинди. Англия бош тиббий амалдорнинг ўринбосари Женни Ҳаррихнинг таъкидлашича, карантин чоралари икки, уч ёки олти ойгача давом этиши керак. Лондонлик профессор Аннелиес Вилдер-Смитнинг тавсия қилишича, кунлик вирусни юқтириб олганлар сони камида икки ҳафта мобайнида тушишда давом этгунча карантин чекловларини сақлаб қолиш зарур.

4. Кейин нима қилинади?

АҚШлик соғлиқни сақлаш мутахассилари, шу жумладан, Скотт Готтлиеб тақдим этган «йўл харитаси»га кўра, мактаблар ва корхоналар қайта очилади, аммо оммавий йиғилишларнинг чекланиши сақлаб қолинади. Одамларни бир-бирларидан узоқроқ юришда давом этадилар ва касалликка кўпроқ чидамсиз бўлганларга оммага қўшилишларини чеклаш тавсия этилади. Агар вирус тарқалиши яна кўпайиб борса, чекловлар кучайтирилади. Лондон Империал коллежи тадқиқотчилари томонидан тузилган режа эса қатъийроқдир. Уларнинг версияларига кўра, одамларнинг алоқалари оммавий иммунитет шакллантирилгунга қадар 75 фоизга қисқартирилиши зарур. Ушбу босқичда қандай қилиб бўлмасин кўплаб одамларни текширувдан ўтказишга шароит яратиш муҳимдир. АҚШда ҳафтасига камида 750,000 киши текширувдан ўтказилиши керак.

5. Нега текширув ўтказиш шунчалик муҳим?

Ушбу вирус кўп зарарни келтириб чиқармоқда. Бу, унинг ўлимга олиб келиши мумкинлигидан эмас, балки у “маккор” бўлгани учундир. Яъни, касалликка чалинганларнинг аксарияти ўзини яхши ҳис қилади ва иш жойига боради. Натижада, улар ўзлари билмаган ҳолда бошқаларга вирусни тарқатишади. Шунинг учун касаллик аломатлари бўлган ҳар бир одамни текшириш зарурдир. Шу йўл билан касалликларга чалинганларни изоляция қилиш ва улар билан яқин алоқада бўлган барча одамларни топиб, уларни текшириш мумкин. Бу эса вируснинг тарқалишини чеклайди.

6. Нега сизнинг қаердалигингиз муҳим?

Хитой каби авторитар давлатлар одамлар ҳаракатига қаттиқ назоратни ўрнатиши мумкин. Бунда тиббиёт ҳодимлари одамлар иситмасини текшириш учун уйма-уй юришлари, уларни карантинга олиш ва назорат қилиш сингари сиёсатни олиб борадилар. Бу бошқа давлатлар учун янада қийин бўлади. Қашшоқ давлатлар узоқ вақт давом этадиган чекловлар туфайли келиб чиқадиган иқтисодий йўқотишларни осонликча қоплай олмайдилар. Улар ҳаммани назоратга олиш имконияти бўлган соғлиқни сақлаш инфратузилмасига эга эмаслар.

7. Вакцина қанча вақтда тайёр бўлиши мумкин?

Дунё бўйлаб ўнлаб компаниялар ва университетлар вакцина яратиш устида ишламоқда. Аммо уларнинг тантана қилишига кафолат йўқ. Одатда вакцинанинг яратилиши узоқ ва мураккаб жараён бўлиб, дорининг хавфсиз ва самарали бўлишини таъминлаш учун кўп йиллик синовлар керак бўлади. Коронавирус билан курашда, баъзилар 12-18 ой ичида вакцинани тайёрлашни мақсад қилишмоқда. Шунингдек, олимлар янги технологияларга, масалан, инсон ҳужайраларига вирусли генетик материални қўшадиган ва иммунитетга таъсир кўрсатадиган оқсилларни келтириб чиқарадиган технологияларга таянмоқдалар. Мутахассисларнинг айтишича, одамзот яхши янгилик борасида шошмаслиги керак. Бу усуллар иш бериши ёки компаниялар етарлича вакцина тайёрлай олиши бу ҳали мавҳум масала.

8. Оммавий иммунитетни шакллантиришнинг иккинчи усули ҳақида нима дейиш мумкин?

Биринчидан, бу инфекциядан тузалган одамлар касалликка қарши узоқ муддатли иммунитетга эга бўлган тақдирдагина юз беради. Коронавирус билан бу ҳали ҳам маълум эмас. Омммавий иммунитетни шакллантиришда қанча одам вирусга чалиниши кераклиги ҳам номаълум. Масалан, дифтерия касаллигига қарши иммунитет ҳосил қилиш учун 75% одам, қизамиққа эса 91% одам касалликни юқтириб, у билан курашиши керак бўлган. Буюк Британия ҳукуматининг бош илмий маслаҳатчиси Патрик Валланс февраль ойида коронавирусга қарши инсонда иммунитет ҳосил бўлиши учун 60 фоиз одам у билан касалланиши керак, деб айтган.

9. Бошқа вариантлар борми?

Бизга омад кулиб боқиши мумкин ва вирус ёзнинг бошланиши билан Ер сайёрасининг шимолий ярим шарида тўхташи мумкин. Аммо илиқ об-ҳаво коронавирус тарқалишида қандай рол ўйнаши номаълум. Касаллик тарқалиши камайса ҳам, у кузда яна қайтиб келиши мумкин. Баъзилар жуда самарали бўлган терапия ёрдам беришига ёки вирусга қарши дори топилишига умид қилмоқдалар.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг