Сабр

0
779
Фото: tgstat.com

Инсонларнинг аслида ким эканлиги икки ҳолатда, шоду хуррамликда ёки эл бошига иш тушганда билинар экан.

Бугун, эл бошига иш тушганда одамлар аслида ким эканлигини кўрсата бошлади. Кимлардир ховлиқиб, сотаётган молларининг нархни ошириб бойиб олишга интилди. Кимдир, аксинча ўша қиммат молларни бепул тарқатиб, эҳсонни кўпайтирди. Баъзи киракашлар шаҳардан кетувчи талабалар учун нархни оширишганда, виждонли одамлар уларни юртларига бепул олиб кетиб, савоб орттирди.

Дўппини олиб қўйиб, мундоқ бир ўйлаб кўрсак, бугунги юртимизга келган имтиҳон аслида вақтга, яъни умримизга келган имтиҳондир.

Чунки биз билмаймиз карантин яна қанча давом этади.

Билмаймиз бу вирус кимларга юқади.

Билмаймиз қандай юқади.

Бу ҳақдаги ҳамма ўйларимиз тасодифлар ва мавҳумликларга туташган.

Шундай экан бундай пайтда сабр, тўғрироғи чиройли сабр қилиш ҳақида ўйлаш керак эмасми?

Ҳазрати Навоий айтган экан:

Ашк ила Навоий сув берур, сабр ниҳолин,
Билмаски, ани оҳим ўтидин қурутубмен!

Бундай пайтда тадбирни раҳбарлар қилиши, қолганларнинг эса шу тадбирларга риоя қилишигина наф беради.

Бошбошдоқликлар ваҳимани ва таҳликани кўпайтиради.

Кузатиб турибмиз, ҳукумат чора-тадбирлар белгилади ва уларни тартиб билан бажараяпти. Ҳаммани бажарилаётган ишлар ва воқеъликлардан оммани хабардор қилиб турибди.

Аммо ҳамон кўпчиликнинг сабри чидамай, озиқ-овқат жамғаришга тушгани ажабланарли… Баъзи бойлар бола чақасини олиб тоққа қочиб кетганмиш.

Бу ишларни кўриб, инсонларнинг то бошига мусибат тушмагунча ўз қадарларидан қочишга уринишлари сабабини билгинг келади. Балки улар сабр нелигини билмас!?

Абу Ҳомид Ғаззолий сабрнинг уч нарсада собит бўлишини айтган экан:
1.Илм
2.Ҳол
3.Амал

Бундан кўринадики, биринчидан илмсиз, иккинчидан ҳолсиз, яъни ҳолат ва вазиятни, кайфиятни билмай туриб, сабрни англаш қийин экан. Демак, нимага сабр қилишлигини англамаса одам сабр қилмайди, қилолмайди.

Улуғ аллома сабр қилувчиларни ҳам уч тоифага ажратган:

1. Мутассаббир- зўрма-зўракилик ила сабр қилувчи, сабрда бесабрликка ён берувчи.

2. Собир-сабрли, сабрига содиқ киши.

3. Саббор – ўта сабрли.

Бугун жамиятга бир назар ташланг: Ўта сабрлилар орамизда жуда озчилик. Аммо шукрки улар бор. Собирлар ҳам кўп эмас. Зўрма-зўраки сабр қилаётганлар эса роса кўп.

Ҳазрати Навоий атганидай “оҳи ўти билан сабр ниҳолини қурутиши” мумкин бўлганлар жуда кўп.

Абу Ҳомид Ғаззолий собирлик мақомларини ҳам учга бўлган:

1. Нафс ва шавҳатларни тарк этиш;
2. Қазою қадарга рози бўлиш;
3. Аллоҳдан келган ҳар бир нарсани хушнудлик ва ишқ ила қабул қилиш.

Юртга бало келди. Аммо кимларнингдир нафси ҳакалак отиб нархни оширди. Эл устидан, элнинг ташвишидан пул қилмоқчи бўлди. Нега? Чунки бу каби инсонлар нафснинг қулларига айланган. Улар қазои қадарни ҳам, ризқнинг розиқдан эканлигини ҳам англамайди. Хуср ва ҳасрат ичида яшайверади. Нафрат ва надомат ичида қолаверади.

Аммо бир-бирларини тўғри йўлга бошловчилар ва чиройли сабр қилувчилар бундан ҳоли бўлади. Танасини, ватанини ва қалбини тоза тутганлар, таваккул қилганлар эса ютиб чиқади. Иншааллоҳ!

Анвар Буранов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг