Икки оқ кабутар

0
208
Очиқ ресурслардан олиб тайёрланган фото

Султон Рашод анча ёшга бориб қолган бўлишига қарамай тахтга ўтирган эди. Усмонли султонларининг энг кексаси бўлган Султон Рашоднинг ўша вақтларда жиддий бир ҳасталиги ҳам бор эди.

Султон Абдулҳамид тахтдан туширилгандан кейин, иттиҳодчилар тарафидан тахтга ўтқазилган Султон Рашодга, ҳеч нарсага аралашмаслик шарти қўйилган эди.

У атрофидаги одамларга тез-тез:

– Мен бу мақомга лойиқ эмасман. Ватанга, миллатимга ўзим истаганимдек хизмат қила олмаяпман. Шу сабабли қаттиқ мутаассирман, – дерди.

Ичидаги чуқур хафаликни, қалбидаги ғашликни ва жисмидаги ҳасталик изтиробини кетказиш мақсадида саройдаги бир қанча кабутарлар билан машғул бўлар, уларни ўйнатар эди… Бу орада унинг ҳасталиги жиддий тус ола бошлади. Яқинда амалиёт бўлиши керак эди. Бундай амалиёт, Усмонлининг олти юз йиллик тарихида илк бор ўтказилиши керак бўлган амалиёт эди.

Ўша куни у ўзининг кабутарларининг олдида эди. Кабутарларнинг ичида иккита оқ ранглиси бор эди. Мана шуларини Султон бошқаларидан кўра кўпроқ яхши кўрар эди. Уларни қўлига олиб узоқ вақт эркалади. Қушчиларнинг бошлиғини олдига чақирди.

– Бу иккитасига яхшилаб қара. Буларни мен жуда яхши кўраман, – деди Султон.

Аммо, негадир Султон шу сафар кабутарларга узоқ вақт тикилиб қараб қолди. Қушчибоши Султоннинг бу ҳолига ўзича бир маъно беролмади.

Орадан кунлар ўтиб, Султон Рашоднинг амалиёт бўладиган кун ҳам келди. Барча тайёргарликлар тугаган эди. Кекса Султон докторлар билан ҳалоллашгандан сўнг, қиблага қараб қўлларини кўтарди. Ва:

– Аллоҳим! Агар миллатим ва Ватаним учун хайрли бўлмасам, мана шу амалиёт тахтасидан мени тирик турғазма, дея ёлборди. Амалиёт бошланди. Кўп шукрлар бўлсинки, амалиёт муваффақиятли ўтди. Ҳар ким севинч ичида эди. Бу гўзал хабарни дарҳол халққа эшиттирилди. Халқни гўё бир байрам ҳавоси чулғаб олган эди.

Султон амалиётни бажарган докторларга қийматли ҳадялар берди. Султон Рашод ўзига келар келмас, ёрдамчисини ҳузурига чақирди. У бир оз кайфиятсиз ва ўйчан эди. Ёрдамчига қараб, ёнидагилар ҳам тушуна олмаган мана шундай амр берди:

– Тезда «Бешиктош» саройига боринг. Қушчибоши менга яхши кўрган кабутарларимни келтирсин.

Орадан бир муддат ўтиб, қушчибоши келди. Султоннинг ҳузурига кирди. У жуда ҳижолатли ва ҳафа бир ҳолда остонада тўхтади. Ёнида кабутарлар йўқ эди. Аҳволни тушунтирадиган бир калом ҳам сўйлай олмасди. Султон Рашод қушчибошининг кўзларига яхшилаб тикилди. Кейин секин деди:

– Ўлдилар. Шунақами?

Қушчибоши, «ҳа» дегандек, бошини қимирлатиб пастга қаради. Аммо, бир тарафдан ҳайратланди:

«Султон ҳазратлари бу ҳодисани қаердан билди экан?» Кекса Султон кўзларидан бир неча қатра ёшларини оқизар экан, қизиқиш тўла боққан кўзларга жавоб бўлсин дея, ҳар кимни ҳайратга солган, ўзининг кўрган тушини англатди:

– Тушимда ўзимни амалиёт курсисида кўрдим. Ёнимда бир зот бор эди. Аммо у ҳеч нарса гапирмас эди. Мен ҳам:

– Сиз кимсиз, – деб сўрадим.

У зот менга:- Руҳингни таслим олмоқ учун келдим, – деди.

Аммо, айни шу дақиқада менинг ўша икки кабутарим ўртага отилиб чиқиб:

– Уни олманг, бизни олинг! Уни олманг, бизни олинг! деб фарёд қила бошладилар.

– Мен шундан англадимки, улар менинг ўрнимга ўлдилар.

Султон тушини англатгандан сўнг, ўзидек маҳзун ҳолга тушган қушчибошига тасалли берди:

– Бу ишда сенинг айбинг йўқ, деди.

Унга бир қанча эҳсонлар берди. Султон ўзидаги ҳасталикдан қутулган эди. Аммо, қалбидаги бу ҳодиса туфайли пайдо бўлган ғашлик, то умрининг сўнггига қадар уни тарк этмади…

Ҳатто ҳайвонлар ҳам руҳларини фидо айлаган аждодларимизга лойиқ авлод бўла олишлик тилаги ила…

Турк тилидан Шоолим Шомансуров таржимаси.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг