Маркетинг ва фирибгарлик

0
220
Фото: volga-kaspiy.ru

Бугун яна бир бор, кўпчилик сезмайдиган кичкина бир «маркетинг» услубига дуч келдим. Эслатиб ўтаман, маркетинг – бу, бирон-бир молни (хусусан, сизга умуман керак бўлмаган молни) қандай қилиб бўлса ҳам «ўтказиш» санъати.

«Корзинка»да 2,19 литрлик кир ювиш воситаси «чегирма» билан 80 мингга сотиляпти (аҳир биз нархларни «79 990 сўм» деб ўқувчи лақмалардан эмасмиз-ку, яна битта маркетинг ҳийласига учиб, тўғрими?). Бунда «чегирма» – нақд 38 минг (118 мингдан 80 минггача). (1-расм.)

1-расм.

Лекин, худди ўша токчанинг тагидаги токчада, ҳеч қандай чегирмасиз, ҳудди шу кир ювиш воситасининг 1.3 литрлиги 49.5 минг сўмга сотиляпти. (2-расм)

Ана энди 2.2 литрлик идишнинг нархини 1.3 литр идишдан хисоблаб чиқарсак, 49500÷1.3*2.2=83769 сўм чиқишини кўрамиз. Яъни, 83.7 минг сўм – 2.2 литрлик идишнинг ҳеч қандай чегирмасиз, «тоза» нархи. Хозир сотилаётган 80 мингдан 3.7 минг кўпроқ.

Лекин, каттарок ҳажмда сотилганда, литр нархи бироз арзонлаштирилиши – одатий ҳол (шунчаки кичикроқ ҳажмдаги идишлар устамаси каттароқ бўлади).

Кўриб турганимиздек, бу ерда ҳеч қанақа «чегирма» йўқ, нарх «этикетка»сидаги «118 минг» – шунчаки осмондан олинган, кўзни алдаш учун халос. Бундай услубдан оҳирги пайтлар расмий дўконлар (масалан, MediaPark каби) жуда кенг фойдаланадиган бўлиб қолишган.

Лекин, бу ҳали хаммаси эмас. Катта идишни олиб бир қарасам, унинг ўзида кўрсатилган ҳажми – 2.2 эмас, 1.95 л экан (3-расм).

Бинобарин, бу идишнинг «тоза» нархи, юкорида ҳисоблангандан ҳам камрок – 74250 сўм! Яъни, бу ерда нафақат чегирма йўқ, балки каттароқ ҳажмга кўпроқ устама бор (6 минг сўм!).

Буниси эса (нарх этикеткасида битта ҳажм, маҳсулотнинг ўзида бошқа ҳажм) бу ёғи энди шунчаки маркетинг эмас, элементар фирибгарлик ва мижозларни алдашдан бошқа нарса эмас. Гарчи, бу иккисини бир-биридан ажратиш баъзида жуда қийин бўлсада…

Мирзиёд Мирусманов

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг