Ўзбек ҳунармандининг- ўзбек тили хақидаги мулоҳазалари

0
722
Фото: www.facebook.com

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, моҳир миниатюрачи-наққош уста Шоолим Шомансуров, ўзининг facebookдаги саҳифасида ҳунармандчилик билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этганлиги хақида ва йиғилиш таассуротлари билан ўртоқлашди.На изображении может находиться: Shoolim Shomansurov

Жумладан, рассом қуйидагилар хақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

 

 

Кеча «Ҳунармандлар қонуни» лойиҳаси муҳокамаси учун ҳунармандлардан вакил ўлароқ қатнашишга тўғри келди.

Таассуротларим:

Ҳар бир қонунимиз каби, бу қонун ҳам жуда аъло даражада. Ҳунармандлар оламидан узоқ бўлган одам бу қонун билан танишиб чиқса, бу давлатнинг ҳунармандларга кўрсатаётган юксак эътиборига тасаннолар айтади.

Амалдачи?…

Майли, булар ҳақида гапирмоқчи эмасман.

Гап тил ҳақида.

«Круглый стол» дейиладиган стол (аслида овал шаклда эди) атрофидаги мажлисда Англиядан, БМТдан бир вакил, ҳукуматдан бир-икки вакил, мазкур қонун лойиҳасига масъул бўлган тўрт нафар ишчи гурух аъзоси, «Ҳунарманд» уюшмасининг вакили ва ўнга яқин ҳунармандлар тўпланди.

Англияликнинг лавозимини эслолмадим. Ҳар қалай санъатга тааллуқли (UNESCO) бўлимидан бўлса керак. Мажлисдагиларнинг, бир инглиздан ташқари, деярли ҳаммаси ўзбеклар эди.

Ҳамманинг олдига қонун лойиҳасининг матни ёзилган қоғозлар тақсимлаб қўйиб чиқилган. Қонун матни ўзбек тилида. Аммо мажлис негадир рус тилида очилди. Мажлис аввалида инглиз жаноб сўзга чиқди. Инглиз тилида гапирди (негадир). Уни таржимон ўзбек қизи (негадир) русчага ўгириб берди.

Кейин бир қора қошли йигит, катта мониторни айлантириб, мониторда акс этиб турган қонун ва ҳунармандларнинг ҳозирги аҳволи ҳақидаги маълумот-рақамларни ўқиб берди. У ҳам русчада тақдимот қилди.

Кейин, ташкилотчилар ҳунармандлардан қонун лойиҳаси ҳақида ва ҳозирги ҳунармандчилик билан боғлиқ муаммолар юзасидан фикр билдиришларини илтимос қилишди.

Бир-икки нафар ҳунармандлар рус тилида муаммоларни гапирдилар. Кейин, яна сўзга чиқувчилар борми, дея қайта сўралди.

«Вы можете говорить на государственном языке», – дея ҳукумат вакили ҳунармандларга қарата «илтифот» ҳам кўрсатиб қўйди.

Ҳунармандлар учун эса, табиийки, бундай доираларда гапириб юрмаганлариданми ёки ҳалигиларнинг салобатиданми, бундай расмий минбарларда сўзга чиқиб кўникмагани боис, эркин фикр билдиришда уларни бироз ҳаяжон босади.

Менинг ҳам тилим қаламим каби ўткир эмас. Бунинг устига видеокамера билан микрофонга рўбарў келсам- тамом, фикрларим тарқаб кетади. Шундай бўлса-да, гапиришим керак бўлган гапларим борлиги учун баъзи масалалар ҳақида гапирдим.

Ҳар соҳада бўлганидек, статистик маълумотлар ҳунармандларнинг иши «беш»лиги ҳақида маълумот беради. «Ахборот» кўрсатувларини кўргансизлар. Ўша гапиралаётган соҳанинг ичидаги одамгагина, у ердаги ҳолатнинг асли маълум бўлади. Жумладан, менинг обрўйим, ўзимизнинг ҳунармандларимиз ва ҳатто хорижлик ҳунармандларнинг ўртасида ҳам жойида. Кўп марта Ўзбек миллий санъатини дунёда муваффақиятли даражада намойиш қилганман. Давлат мукофотларим ҳам бор. Доим мақтаниб юраманку, биласизлар.

Лекин, бу йилдан солиқчилар наздида, мен ҳунарманд эмас, балки солиқ тўловчи оддий «ишлаб чиқарувчи» сифатида рўйхатга олиндим (2019 йилда банкдаги пул айланмам маълум миқдордан юқори бўлгани учун «мукофот» ўлароқ 15% ли ҚҚСга тортилдим.)

Ҳунармандлар учун чиқарилаётган давлат қонунининг асл ғояси – ҳунармандчиликни ривожлантириш! Лекин, озгина ривожланган эдим ҳамки, мени ҳунарманд ҳисобламай қўйишди. Сен тадбиркорсан дейишди. (Мақсад ҳосил бўлдимикин, билмадим.)

Аслида, Ўзбекистонни дунёга танитишда ҳунармандларнинг ўрни ва хизмати, спортчиларимизникидан ортиқ бўлса ортиқдир, асло кам эмас. Спортчиларга кўрсатилаётган эътиборни эса бугун кўриб турибмиз.

Ҳунармандларнинг, айниқса мен шуғулланаётган соҳа, дунёга ўзбек миллатининг юқори маданият, нозик дидга эга эканлигини намойиш этиб келади. Яъни, маданиятни қадрловчи дунё аҳлининг юқори савияли қисмини ўзига жалб қилади. Ур-йиқитга ишқибоз оломонни эмас! Ёхуд ҳайвоний сифатга хос бўлган жисмоний кучини эмас, балки инсоний комиллик белгиси ҳисобланган оқиллик ва маънавий қудратини намойиш қилади!

Мана шу мавзуда гапирган бўлдим. Менинг фикримча, гапларим кўпчиликка маъқул келди шекилли, хар ҳолда ҳукумат вакили, фикрларимни тасдиқлаб, ўзидан қўшимчалар ҳам қилди.

Кулол – Алишер Раҳимов, Япониядаги ҳунармандларга давлатининг муносабати ҳақида ажойиб мисолларни келтириб ўтди. Япониянинг бир қишлоғида, маълум бир ҳунар билан шуғулланадиган инсонга, ўша ҳудуднинг ҳокими маданий мулк сифатида қарашини, агар ўша ҳунарманд бошқа ҳудудга кўчиб кетса, ўша ҳудуд муҳим бир мулкидан айрилгандек қаралишини, бунга йўл қўймаслик учун ҳунарманднинг кўнглини оладиган маълум чораларни кўришлари хақида гапириб берди.

Ҳа майли… бу муаммоларни айтаман деб қаламни олмаган эдим.

Мени ўйлантирган масала: Нима учун ҳали ҳам мажлисларимизда, хусусан, кеча кўриб чиқилган масала – миллийлик масаламиз ҳам рус тилида муҳокама қилинмоқда?

Ўзимча, баъзи сабабларни кўргандек бўлдим. Аввало, эътироф этиб ўтиш керакки, рус тилида сўзга чиққанларнинг ҳаммаси масалага жуда юқори савияда, саводхонлик билан ёндошиб сўзладилар, нутқлари равон эди. Ҳудди балиқ сувда сузганидек, ўзларини ҳис қилдилар. Афсуски, ўзбек тилида гапирганлар эса, аксинча, тор мушоҳада билан, устига – устак гапларида тутилиб қолдилар.

Доим айтаман, бир ерда обрў истаган киши, обрўни талаб қилиб эмас, балки гўзал амаллари натижасида қўлга киритади. Кечаги мажлис мисолида, ушбу ёзлимаган қоидага ўзим яна бир карра амин бўлдим.

Ўзбекистонда рус тилининг ғолиб бўлаётганининг асл сабаби, рус тилининг гўзаллиги эмас, ўзбекларнинг ўз тилига муносабатлари ва фикрларини равон ифода қила олмасликларидир!

Биз ҳар бир соҳада, ҳар бир доирада ўз фикрларимизни чиройли ифода эта оладиган савияга етмагунимизча, тилнинг мавқеи ҳақида бонг уришимиз маъносиз бўлиб қолаверади!

 

Шоолим Шомансуров-Миниатюрачи -наққош уста

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг