Очиқлик шароитидаги ноаниқликлар ҳақида

0
703
Фото: www.vedomosti.ru

Турли ҳисоб-китобларга кўра, коронавирус пандемияси туфайли Хитойдаги мажбурий таътилларнинг ҳар 10 кунга чўзилиши ЯИМ ўсишини 0,5 фоизгача секинлаштирмоқда.

Айни дамда Хитой компартияси 10 февралгача узайтирилган таътилларни яна узайтириш ёки узайтирмаслик борасида якуний қарорга келгани йўқ. Демак ноаниқлик шароитида душанба куни яна нефть, газ ва бошқа хом-ашёлар котировкалари пасайишда давом этади. Қўшимчасига жуда кўп экспертларда вирус билан чалинганлар ва йўқотишлар бўйича Хитой статистикаси ҳаққонийлигига саволлар пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирда бўладиган айрим фактларга тўхталсак:

Нефть ва бошқа хом-ашёлар нархи пасайишидан рубль ҳам қулашда давом этмоқда. Рублнинг сўм курсига ретроспектив корреляцияси 3-6 ой фарқи билан 0.3-0.4 коэффициентгача етиб боради.

Хитойдан кўплаб позициялар бўйича товарлар етказиш ё секинлашган ёки тўхтаган. Ноозиқ овқат сегментда ва инвестиция йўналишида Хитой товарларининг вазни эса сезиларли даражада.

Хитойга газ экспортимиз сузиб юрувчи ёки қатъий нархларда белгиланганми ёки йўқ, бу ҳақда аниқ ахборот йўқ. Лекин бу нуқтада ҳам стресс ҳолат мавжуд.

Вируснинг тарқалиши билан боғлиқ вазият ўзгармаса, қўшни давлатлар билан ҳам одамлар ва товарлар ҳаракатини чеклаш билан боғлиқ кутилмаган қарорларга рўпара келиш хавфи ортаверади. Фикри ожизимизча, қўшни давлатларда таълим олаётган талабаларнинг зудтар қайтарилиши қарорида истиқболда бошқариб бўлмайдиган хатарларнинг ҳам ўрни бўлган ва ҳаммаси тўғри қилинди. Хитойдан 500 фуқарони кўчириш билан, фавқулодда ҳолатда қўшни давлатлардан минглаб талабаларни кўчириш харажати ва имконияти фарқи жуда катта.

Хуллас, ноаниқликлар ҳаддан зиёд. Янги даврда, шукр-ки, ҳали мамлакат салбий ташқи омилларга рўпара келмади, ўтган эпохадан фарқли ўлароқ ҳозир мамлакат ёпиқ эмас, очиқлик шароитида стрессларни ўтказиш тажрибамиз эса шаклланмаган. Баҳоргача ноаниқликлар ўрнини аниқликлар эгаллашни бошламаса, иқтисодиёт ўсиши ва инфляция бўйича негатив сценарий асосий сценарийга айланиши мумкинлигига тайёр туришимиз лозим. Албатта юқоридаги қайдлар ўта шахсий фикрлардир.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг