«Муаллим, додингни кимга айтсанг айт, фақат бизни тинч қўй!»

0
801
Фото: https://t.me/platformauzb

Яқинда Зангиота тумани мактабларида дарс машғулотлари чоғида ўқитувчилар электр ва газ идорасидан “Қарзи йўқ” деган “справка” олиб келишга юборилаётгани ҳақида бевосита platforma.uz телеграмм каналига таяниб ёзган эдик.

Бугун Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси расмий каналида ушбу материалга муносабат эълон қилинди. Унда айтилишича, мактаб ўқитувчиларининг коммунал хизматлар учун қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумот олиб келиши юзасидан топшириқ маҳаллий ҳокимият томонидан берилган. Бу орқали ҳудудда коммунал хизматлар учун юзага келган қарздорлик миқдорини камайтириш кўзда тутилган.

Бироқ, вилоят халқ таълими каналининг қайд этишича, қарздорлик йўқлигига оид маълумотномаларни ёки тўловларни дарс пайтида амалга ошириш бўйича топшириқ берилмаган.

«Чоп этилган маълумотда электр энергияси ва газ учун пул тўланмаса, ойлик маош берилмас экан, мазмунидаги иддаолар асоссиз» дейилади Тошкент вилояти ХТБ муносабатида.

«Бизнинг бунга ҳеч алоқамиз йўқ, маҳаллий ҳокимият айбдор» қабилида ўзини четга тортган вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддилари жавобидан англаганимиз шу бўлдики, ўқитувчи шўрлик яна бир пайтлардагидек, «справка» йиғишга мажбурланаётгани рост. Бироқ «Эй, барака топгурлар, бу топшириқ қонунга зид-ку», дейдиган мард йўқ!

Аксинча, ўқитувчиларни ҳимоялаш ўрнига, ҳокимиятнинг ноқонуний топшириғини қўллаб-қувватлаш бор бу жавобда. Нима эмиш, коммунал тўловлардан қарздорликка доир «справка» олиб келиш дарс пайтида амалга оширилмаяпти! Ваҳоланки, биз эълон қилган материалимиздаги сурат кундузги соат 10:00 атрофида олингани ҳақида асосларимиз етарли!

Яна бир ажабланарли жиҳати, муносабат материалида мазкур ҳолатларнинг бартараф этилиши ёки тегишли қонуний чора кўрилиши юзасидан лом-лом дейилмаган!

Демак, ўқитувчи ҳар доимгидек, ҳимоячига муҳтож. Мутасаддилар эса «Муаллим, додингни кимга айтсанг, айт, фақат бизни тинч қўй» қабилида иш тутишаётганга ўхшайди.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг