Алпомиш достонларининг қиёсий таҳлили ёхуд Барчинлар учун муҳим янгилик

0
919
Фото: Очиқ манбалардан олиб тайёрланган суратлар жамланмаси

Халқ оғзаки ижодиёти – туркий халқларнинг умумий хусусиятларини кўрсатиб берувчи муҳим омиллардан бири саналади.

Дарҳақиқат туркийларнинг ёзма адабиётлари кам сақланган. Аммо халқларнинг достон ва афсоналари азалдан бадиий ва ғоявий мукаммаллиги билан бошқа халқларнинг оғзаки ижодидан бутунлай ажралиб турган ва яхши сақланиб қолган.

Туркий халқлар оғзаки ижодида муҳим ўрин тутадиган шоҳ достонларидан бири бу, шубҳасиз Алпомиш достонидир.

Бугунги кунда ушбу достоннинг ўзбекча (Алпомиш), қозоқча (Алпамис Батир), қорақалпоқча(Алпамис), татарча (Алпамша),(Алп-мямшан), бошқирдча (Алпамиша ва Барсин хилу) ва олтойча (Алип-Манаш) вариантлари сақланиб қолган.

Достонларни тарихий – қиёсий жиҳатдан ўрганиш шуни кўрсатадики, уларнинг тарихи, яратилиши, ғояси, негизи ва моҳияти бир хил. Шунингдек, Алпомиш достони – соф туркий тилда яратилган достон саналади.

Шу билан бирга ушбу достон ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, татар, бошқирд ва олтой халқларининг мўғул эмаслигини исботловчи муҳим ҳужжат ҳамдир. Чунки достоннинг учта ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ вариантларида айнан қалмоқ, жунғор ва мўғуллар ёт халқлар сифатида тасвирланган. Қолаверса, кўплаб этнологлар, маданиятшунослар мўғул халқларида Алпомиш достони бутунлай бўлмаганлигини исботлашган. Демак, кимнинг Алпомиш достони бўлса, ушбу халқ мўғул эмас!!!

Сўзимиз бошида Алпомиш достонлари туркий халқларнинг умумий хусусиятларини кўрсатиб берувчи муҳим омил деб айтган эдик. Нега?

Достонлардаги энг муҳим топонимга бир эътибор беринг:

“Жийдали Бойсун”. Бу нима дегани?

Достонлар халқларнинг тарихи, маданияти, дини ва санъати билан бир қаторда тилини сақлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу ўринда достонда келтирилган топонимлар, этноним ва антропонимларга эътибор берсак кўп нарса ойдинлашади.

Ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ вариантларида Алпомишининг ватани сифатида тилга олинадиган “Жийдали Бойсун” топоними олимлар орасида доимо баҳсларни келтириб чиқарган. Жумладан, қозоғистонлик этнологлар томонидан келтирилган манбаларда “Жийдали Бойсун” топонимига нафақат оддий жой, балки миллатнинг бирлиги таъминланган, адолат қарор топган жаннатмонанд ер сифатида қаралган.

Инчунун “Жийдали Бойсун” атамаси Алпомиш достонидан ташқари туркий халқларнинг улуғ шоирларидан бири, файласуф Асан Қайғининг асарларида ҳам тилга олинади. Асан Қайғи ўз асарларида Жийдали Бойсунни тилга олар экан, уни одамларнинг асрий орзуси бўлган “отамакон” сифатида тасвирлайди.

Бугунги кунда ҳаммамиз “Бойсун” топонимини Сурхондарё вилоятида жойлашган Бойсун тумани билан боғлашга кўникканмиз. Буни Қозоғистонлик этнолог олимлар ҳам тасдиқлашган. Аммо шу ўринда айтиш керак, Алпамис Батир достонида “Жийдали Бойсун”, “Жидели Байсын” шаклида келади.

Агар “бойсун”, “байсин”, “байсын” шаклидаги сўзларни бир хил, деб қўллайдиган бўлсак, Байсын овули Қозоғистон Республикасининг Қизилўрда области, Чияли туманида ҳам борлигини инобатга олиш керак бўлади. Қолаверса қозоқ халқида Байсин антропоним сифатида ҳам кенг қўлланилади ва ҳозирги кунда ҳам Қозоғистонда минглаб фамилияси Байсынов бўлган кишиларни топиш мумкин.

“Жийдали Бойсун” топоними достоннинг бошқирд, татар ва олтойча вариантларда тилга олинмайди. Аммо татар, бошқирд, олтой, шунингдек қирғиз халқида ҳам Байсин ёки Байсын исми кўп учрайди. Шунингдек, Россия Федерациясининг Тверь ўлкаси таркибига кирувчи, Қозон-Екатеринбург йўналишидаги Октябрск туманида ҳам 1668 йилдан Байсин қишлоғи мавжуд бўлганлиги ва бу қишлоқ айнан Қўнғир ўрмон-дашти яқинида эканлигини инобатга олсак бойсун топонимининг географияси ҳам анча кенг эканлигини тахмин қилиш мумкин бўлади.

Алпомиш достонларидаги этнонимлар ҳам жуда кўплаб умумийликлар ва фарқларга эгадир. Уларнинг орасида энг кўп тилга олинадиган этнос бу “қўнғирот” уруғи номи саналади. Бу умумийлик ҳам асосан ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқ вариантларига хос бўлиб, улар ҳам маълум фонетик фарқларга эга.

Аслида “қўнғирот” сўзи қипчоқ тили талаффузида “қоңырат” ёки ташдидланган “ң” билан “қоңңырат” шаклида талаффуз қилинади. Бошқирд, татар ва олтой вариантларида қўнғирот уруғи тилга олинмайди. Шунингдек қалмиқ ёки қалмоқ этнонимлари ҳам фақат ўзбек, қозоқ ва қорақалпоқ вариантларида учрайди. Жумладан, айрим қозоқ вариантларида “жунғор” этноними ҳам тилга олинади.

Агар достонларда қалмоқ, мўғул, жунғор этнонимлари ва Тойчихон номининг тилга олинганига эътибор берсак, Алпомиш достони мазмунига XVII асрларда ҳам ўзгартиришлар киритилганини кўриш мумкин бўлади. Чунки, мусулмон туркийларнинг, ойротлар таркибига бирлашган қалмоқ, дербэт, хўшоут ва бошқа қабилалар билан урушлари даври XVII асрга тўғри келади.

Шунинг учун ушбу урушлар даври жунғорлар таркибида бўлган олтойларнинг Алип-манаш достонида қалмиқлар душман сифатида тасвирланмайди. Қолаверса, қалмиқлар тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, улар ҳозирги Қалмиқия ерларига ҳам айнан XVII асрларда боришган, унгача эса шимолий Қозоғистон ва шарқий Сибир ҳудудларида яшашган.

Демак Алпомиш достонларидаги воқеалар ҳам маълум бир тарихий воқеларни ўзида акс эттиради. Қолаверса, Марказий Осиё ва Сибир ҳудудларида “қалмақ қирилған”, “қалмақ қирғин” каби топонимларнинг шу кунгача сақланиб келаётгани ҳам достонларни тадқиқ келишда янгича қарашларни юзага келтириши мумкин.

Достонлардаги антропонимика яъни қаҳрамонларнинг исмлари ҳам жуда ажойиб умумийликларга эга. Жумладан, Алпомиш, Барчин, Бойбўри, Бойсари, Оналиқ, Қалдирғоч, Қултой, Қилтап исмлари ҳам ушбу достонларнинг бугунги месрохўрлари аслида ким эканлигини билдириб туради.

Достоннинг татар ва бошқирд вариантларида Бойбўри, Бойсари исмлари тилга олинмайди. Шунингдек татар вариантида Барчин ўрнида Сандуғоч исми қўлланилади. Бироқ шуниси қизиқки, ҳар учала исмлар татар, бошқирд ва олтой халқларида сақланиб қолган. Бугунги Бойбуринлар, Бойсаринлар, Барсинхилулар аслида ўз исмлари билан бизга Алпомиш достонини эслатаверади.

Энди Барчин исмининг этимологиясига тўхталамиз. Ўзбек исмлар китобида Барчин исмига қўйидагича таъриф берилган.

Келиб чиқиши: ўзбекча

Маъноси: шойи мато, ипак мато, парчин ёки барчин-гўзал, зебо қиз..

Аммо шундаймикан?

Достонлардаги Барчин исмининг таҳлили қизиқарли хусусиятга эга. Барчин исми бошқирд вариантида Барсин (хилу), қозоқ вариантида (Гул) Баршин, қорақалпоқ вариантида Баршин шаклида келади. Биз қозоқ, қорақалпоқ ва ўзбек вариантларини қўя туриб, бошқирд вариантидаги Барсинхилу исмининг этимолгияси билан қизиқиб кўрдик.

Бошқирд вариантидаги “барсин” сўзи “барс” ўзагидан олинган. Бу сўз этимологиясини ўрганиш шуни кўрсатадики, “барсин” қадимги туркий тилда ҳам мавжуд бўлган ва ўзаги “барс” зооними билан боғлиқдир.

“Барс” асли туркий сўз саналади. Бу ҳақда Макс Фасмернинг этимологик луғатида “барс” сўзи ёввойи ҳайвон номи эканлиги келтирилади. Олим шунингдек, сўзнинг келиб чиқиши туркий эканлиги ва“қоплон” маъносини беришини ҳам тасдиқлаб ўтади. (Қаранг: Макс Фасмер. Этимологический словарь русского языка. Москва «Прогресс» 1986. стр-128)

Энди туркий тиллардаги ўзакдан исм ясаш хусусиятига кўра қараб чиқамиз. “Барсин” сўзи антропоним сифатида шаклан ўхшаш “Балхин”, “Ойдин”, “Ёрқин”(қипчоқ вариантида “Жорқин”) сўзлари каби “барс” ўзагидан олинган бўлиши керак. Балхин сўзи – “балхлик аёл”, “Ойдин” –ой юзли аёл, “Ёрқин” – ёруғ юзли аёл маъносини бергани каби, “барсин” сўзи ҳам барсдек, қоплондек аёл маъносини беради.

Шу ўринда бошқирд, қозоқ ва ўзбек тилларида “с”, “ш” ва “ч” ҳарфларининг ўзгаришини қўйидаги мисолларда кўрамиз:

№  Бошқирдча     Қозоқча     Ўзбекча
1.   Сәй                  шай          Чой
2.   Эскән               ишу         ичмоқ
3.   Сәс                   шаш          соч
4.   Суртан            шортан     чўртан
5.   Барсин           Баршин      Барчин

Халқ оғзаки ижодида сўзларнинг фонетик ўзгариши ҳодисаси кўп кузатилади. Чунки оғзаки ижодда асл сўзларнинг сақланиши учун ёзма манбалардаги каби ўзгармаслик имконияти бўлмайди. Шундан хулоса қилинса, “барсин”нинг қозоқ тилида “баршин”га айланиши ҳам табиий холат саналади. Қозоқ тилидаги “ш” товушининг ўзбек тилида “ч” тарзида талаффуз қилиниши ҳам барчага маълум. Мисол учун: Шимкент-Чимкент, шангарақ-чангароқ, ширақ-чироқ ва ҳк.

Барсин исмининг ўзбек тилида “барчин” ёки қозоқ тилида “баршин” шаклида талаффуз қилиниши ҳам туркий тилларнинг ўзига хос фонетик хусусиятларига тўла мос келади. Демак, юқорида келтирилган далилларга таяниб, “Барчин” исмининг “Барсин” исми билан бир хил эканини ва этимологиясига кўра соф туркий сўз “барс” ўзагидан олинганлигини айтиш мумкин бўлади.

Алпомиш достонлари инсоният тарихининг илк даврларидан шаклланган мерос саналади. Узоқ ўтмишдан шу кунгача етиб келган бу улкан мерос сюжети ва воқеаларнинг тасвирланишига кўра ўзгаришларга учраганлигини табиий ҳол сифатида қабул қилиш мумкин.

Энг асосийси эса орадан асрлар ўтса-да бу достон ўз мазмуни ва моҳиятини ўзгартирмагани, ҳамон ёш авлодни тарбиялашда, уларда инсон камолоти учун зарур бўлган қаҳрамонлик, ботирлик, жўмардлик каби хислатлар, шунингдек меҳнатсеварлик, аҳиллик, ҳалоллик каби аҳлоқий сифатларни шаккллантиришда кўмак бўлаётгани қувонарлидир.

Энг асосийси эса Алпомиш достонида бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, қадриятларимиз, тилимиз сақланиб қолган. Биз ҳали Алпомиш достонини кўп тадқиқ қиламиз. Кўп нарса ўрганамиз. Кўп нарса кашф қиламиз..

Муалли: АНВАР БЎРОНОВ

Муалифдан қўшимча изоҳ: Ўтган декабрь ойида Бошқирдистон Республикасининг бошкенти Уфа шаҳрида “Этнолингвистические общности и различия в эпосах “Алпамыш”” мавзусидаги мақолам босилди. Ушбу мақолада мен Алпомиш достонининг олтой, бошқирд, татар, қозоқ, қорақалпоқ ва ўзбек вариантларини тарихий-қиёсий таҳлил қилишга уриндим. Натижалар ёмон эмас. Айниқса бошқирдистонликлар томонидан ушбу мақола янгилик сифатида қабул қилинди. Қозоғистонлик ономаст-олимлардан ҳам чиройли гаплар эшитдик. Ушбу мақолани оммабоп тарзда таҳрир қилиб, Фейсбук орқали беришга қарор қилдим. (Мақолани аслини researchgate.net илмий ишлар портали орқали ҳам излаб топса бўлади).

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг