Илтимос, “қовун” туширманг ёхуд ўйланиб гапиринг!!!

0
225
Фото: islam.ru

Бизнинг қадим мадрасаларимизда нотиқлик санъати алоҳида ўқитилган. Балоғат ва фасоҳат илми, бадиий санъатлар, аруз санъати, мантиқ илми албатта ўргатилган. Халқ олдида хутба қилиш сирлари эса муҳовара ва хатоба, деб аталган фанлар доирасида англатилган.

Бугун риторика деб аталган балоғат ва маоний фанидан “Талхис”, “Мухтасар ал-маоний”, “ал-Мутаввал”, логика деб аталган мантиқ фанидан эса “Исоғучи”, “Шамсия”, “Қутбий” ва ҳоказолар махсус ўргатилган. Бу бўлажак олимлар, имом домлалар, раҳбар ходимларга сўзлашув одоблари, сўзни фасоҳат билан гапириш усуллари, мантиқли гап билан омма олдига чиқиш зарурлигини билдириб борилган. Афсуски, бу фанларнинг ҳеч бири бизнинг бугунги олий ўқув юртларимизда ҳам, мадрасаларимизда ҳам тузук ўқитилмайди, ўргатилмайди.

Дунёга машҳур нутқларнинг донғи кетган. Дунёга машҳур нотиқлар ҳам жуда кўп. Қайсидир нутқ бутун бошли мамлакатларни тўғри йўлга солиб юборган, қайсидир нутқ қанчадан-қанча одамларга жуда катта таъсир кўрсатган. Нотиқлик санъати ҳам ўзига хос тайёргарлик, малака ва маҳоратни талаб қилади. Ўз-ўзидан, дабдурустдан чиқиб гапирилган билан нутқ кўзлагандек самара бермайди.

Охирги ўн йилликларда имом-домлаларимизга маъруза матнлари ёзиб берилган тезислар асосида маъруза қилиш мажбурияти юкланган эди. Ҳатто тезис матнидан чиқиб кетган бир-икки имом-домлаларимизни лавозимидан озод қилинганини ҳам кўрдик. Тезис эса ҳеч бир имом-домлани нотиқ қила олмаслиги ўз-ўзидан маълум.

Тўй-маъракаларда маъруза қилинадиган бўлса, “Нима сеники исломий тўй-у, бизники кофирий тўйми?!” деганга ўхшаш хитоблар натижасида домлалар маъруза қилишдан тийилганини ҳам эшитганмиз. Бу хилдаги нохуш ишлар натижасида бугун гапиришга рухсат берилган, тўйларда маъруза қилишга ижозатли, телевидения, радио ҳамда ижтимоий тармоқ ва интернетларда гапиришга чақирилган имом-домлалар кутилгандек, биз кутгандек маъруза қила олмаётганига, нутқ қила олмаётганига, мазмунли суҳбат уюштира олмаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Нафақат улар, балки давлатнинг раҳбар ходимлари ҳам омма олдидаги чиқишларида бот-бот “қовун” тушириб қўяётганининг сабаби ҳам аввалдан тайёргарликсиз, фасоҳат илмидан ва мантиқдан хабарсизлик натижасидир.

Янги Зеландиянинг бош вазири Жасинда Ардерн ҳар йили ўз давлатининг ҳукуматининг бир йиллик тўлиқ ҳисоботини 2 дақиқада гапириб бераётган бир пайтда бизнинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов фақатгина ўз идорасининг ҳисоботини қарийб 4 дақиқада гапирганлиги ҳақиқий ҳолат ушбу идора жамоасининг ишни кўп ва хўп қилганида эмас, балки ана ўша биз айтган илм-фанлардан бехабарлик натижаси, десак тўғрироқ бўларди.

Дунёда ҳамма ҳам нотиқ бўла олмаганидек, ҳамма ҳам ёзишни эплай олмайди. Нутққа ҳам, ёзувга ҳам Худо берган иқтидор, алоҳида талант, узоқ йиллик маҳорат керак бўлади.

Омма олдида ҳар- хил мавзуларда чиқиш қилиб турадиган имом-домлалар секин-асталик билан нотиқлик санъатини эгаллаб борадилар. Ҳаммани бирдек гапиришга мажбурлаб бўлмайди. Ҳаммани мақола ёки китоб ёзишга ундаб ҳам бўлмайди.

Ёзишга мажбур қилинаётган бир қанча домлалар ўзлари ёзмасдан бировларга китоб ва мақолалар ёздираётганига, уларга кимлар ёзиб бераётганига, ҳатто мақола ёзиб беришнинг ҳам ўз ставкаси шаклланиб улгурганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бировга китоб ёздириб, ўз номидан эълон қилиб, керилиб юрган инсофсизлар ҳам бор.

Ҳеч бўлмаса, ўзларини лойиҳа раҳбари, таржимонлар гуруҳи раҳбари, ҳаммуаллифлар жамоаси аъзоси қилиб қўйишга ҳам кўнмасдан, бировлар ёзиб берган китоб ёки мақолаларга фақат ўз номини қўйдириб эълон қилаётганлар ҳам бор. Умуман, бу хилдаги ишлар ҳисоботларни гуллатган тақдирда ҳам, иш бўлаётганини кўрсатиб турса ҳам, лекин хайрли натижа бермаслиги, файзли самара келтирмаслиги аниқ. Афсуски, инсоф йўқолган жойни зулм эгаллаб олади.

Бугун кўпчилик имом-домлалар илмий дарслар уюштириб, ижтимоий тармоқларда дарслари тарқатилмоқда. Буни ҳам оммавий домлаларга уюштириб бўлмайди, балки илмий дарсларни узоқ йиллар дарс бериб юрган, малакали аҳли илмларга топшириш керак. Акс ҳолда, айрим дарсларда баъзи бир арабий ибораларнинг хато таржима қилинаётганига, айрим масалалар нотўғри талқин этилаётганига гувоҳ бўлдик.

Бундай ихтиёрий-мажбурий ишлар ўрнига эркинлик бериб қўйилса, Аллоҳнинг иродаси ва ёрдами билан нотиқлар жамоаси ҳам, муаллифлар жамоаси ҳам, оммавий равишда илмий дарс берувчи мударрислар жамоаси ҳам ўз-ўзидан шаклланиб қолади. Аслини олганда, имом-домлаларга ҳам, давлатнинг масъул мансабларида фаолият олиб бораётган ходимларига ҳам нотиқлик санъати ва ёзиш услублари мажбурий ўргатилиши керак.

Охирги вақтда ҳоким бувалар, давлат идораларида масъул лавозимларда ишлаётган мансабдор ходимларнинг омма олдига чиқишларида, шунингдек, имом-домлаларнинг ҳар-хил мавзуларда гапириб, “қовун” тушириб қўйганларига одамлар гувоҳ бўлишди.

Ҳамма ҳақ гапларни ҳам айтиб бўлмаслигини эслатишни ўзимга лозим, деб биламан. Саҳоба Абу Ҳурайра ҳазратлари: “Мен шундай ҳадиси шарифларни биламанки, уларнинг бир қисмини айтадиган бўлсам, мана бу ҳалқумим кесилган бўларди!”, деганлари ҳақиқатдир. Яъни, ҳамма ҳақиқат бўлмиш гаплар ҳам айтилавермаслиги мумкин. Бу илмни яшириш эмас, балки айни илм талаб қилган услуб ҳисобланади.

Шов-шувли маърузалар қилишга устаси фаранг Раҳматуллоҳ Термизий домламизнинг Аҳмад Рифоъий ҳазратларининг кароматларини гапиргани ажойиб бўлди. Яланг бош ўтириб олиб, журналистлар ва дунёвий одамлар даврасида бу кароматни гапириб берганлари гап ўз ўрнида айтилмаганини исботлаб бера олади.

Ҳар бир мақомнинг ўз гапи, ҳар бир гапнинг ўз ўрни бўлади. Кароматлар кароматларга ишонганлар даврасида айтилса, яхши бўларди, албатта. Бу йил 1441 ҳижрийда яшаётган одамларнинг, қадим 555 ҳижрий йилнинг ҳаж мавсумида бўлиб ўтган, дейиладиган ушбу воқеанинг инкор қилиниши табиийдир. Воқеани инкор қилиш асло кароматни инкор этиш эмас! Фазлиддин домланинг унга нисбатан раддияси кароматни инкор қилишга асосланган эмас, балки воқеанинг бўлиб ўтганига шубҳа натижасидир, холос.

Муроджон домламизнинг гапириб берган Нажмиддин Кубро ҳазратлари билан бўлган ит воқеаси ҳам ажойибдан ажойиб ҳикоя бўлди. Унинг Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларини тушида кўришлари ҳам ишонарсиз чиққан.

Билиш лозимки, айрим каромат дейилган нарсалар аслида бўлмаган, уни муридлар ўйлаб топишган бўлиши мумкин. “Пирлар учмайди, уни муридлар учиришади!”, деган гап шу жиҳатдан айтилган бўлса керак.

Ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтган кароматларга эса ишонмасдан иложимиз йўқ. Зотан, кароматлар мантиққа асосланмайди, ҳаммаси ҳам ақлга тўғри келавермайди. Ҳар бир авлиёнинг авлиёлиги ўз давридаги зоҳир уламоларнинг уни тан олиши билан белгиланади. Ўлчов – шариат олимларининг тасдиғидир, мурид ва мухлисларнинг у ҳақидаги ҳикоят ва ривоятлари эмас.

Бир муршид муридлари билан ўтирганида, “Қор ёғишни бошлади!”, дебди. Муридлар ўзаро шивирлашиб, “Ҳазрат каромат қилдилар, ғайбни билдилар”, дейишибди. Уларни эшитиб қолиб, пири бузрук: “Мен ғайбни билмайман, Аллоҳ ғайбни билади. Мен ташқаридан хонага кириб келган мушукнинг устида қор парчаларини кўрганим учун шуни тахмин қилувдим”, десалар, муридлар яна бир-бирига шивирлашиб, “Ҳазратимиз жуда ҳам камтар-да, ўзларини Худо олдида камтар тутаяптилар”, дермиш.

Бизнинг “Ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтган кароматларга эса ишонмасдан иложимиз йўқ. Зотан, кароматлар мантиққа асосланмайди, ҳаммаси ҳам ақлга тўғри келавермайди”, деганимизнинг сабаби ишончли, тақводор одамларнинг айтиб берган ривоятлари албатта тасдиқ қилиниши кераклигини эслатишдир.

Кароматлар фақат Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобалар даври билан чекланган эмас, ундан олдин ҳам бўлган ва яна у қиёматгача кўринаверадиган ҳолатдир. Зотан, авлиёлар қиёматгача боқий экан, уларнинг кароматлари ҳам боқийдир. Ҳамма эшитилган ноодатий, ғайриоддий, фавқулодда хирақи одат бўлган ишларни мантиқ ва ақл тарозисига солинавермайди, барчасидан нақлий далил сўралавермайди. Уни кўз билан кўриш ёки ўз кўзи билан кўрган ишончли кишилардан нақл қилинишининг ўзи ишонишга кифоя қилади. Акс ҳолда, инсон ҳақ кароматларни ҳам инкор қилиш даражасига етиб қолади.

Масалан, Фазлиддин домла раддиясида зикр қилган “ан-Нақд ал-мубрам” асарида бир ажиб гап айтилган. Унинг муаллифи Абдуллоҳ ал-Ғуморий бўлиб, у Фазлиддин домла айтганларидек сўфий эмас, балки муҳаддис ва фақиҳ сифатида танилган аҳли суннат ва жамоатнинг машҳур уламосидир. У зот бўлар-бўлмас айтилган, ақлга тўғри келмайдиган каромат сифатида халқ орасида урчиб кетган воқеаларни инкор қилар экан, уларнинг айримларини бирма-бир санаб ўтганлар.

Жумладан, у зот исломнинг энг таниқли мутасаввифларидан бири Имом аш-Шаъронийнинг ўз устози 4 (тўрт) ёшида “Қуръон”ни тўлиқ ёд олгани ҳақидаги ривоятни инкор қилганлар. “Бу ақлга тўғри келмайди. Ҳали тўрт яшар бола гапиришни ҳам яхши билмайди. Бизнинг давримизда саккиз яшар болалар зўрға “Қуръон”ни ёд олишаяпти. Бу каромат эмас, ўз пирининг обрўсини кўтариш учун тўқилган ёлғон гап”, деган шубҳа билан унинг хабарини инкор қилган.

Ҳолбуки, бизнинг бугунги давримизда икки ярим яшар боланинг “Қуръон”ни ёд олгани ҳақидаги хабар тарқаб кетди. Тўрт-беш яшар болаларнинг “Қуръон”ни ёд олганлари ажабланарли бўлмай қолди. Менинг ўзим бу ёшда қори бўлган бир неча одамларнинг болапон ва қизалоқларини биламан. Бу каромат ҳам эмас, оддий мусулмоннинг ўз фарзандига эътиборли бўлгани, кўпроқ маънавий парвариши натижасидир, холос. Нимага уни инкор қилиш керак?! Имом аш-Шаъронийнинг ишончлилиги у келтирган ривоятнинг асли борлигини билдирмайдими?!

Муроджон домла айтиб берган Нажмиддин Кубро ҳазратлари билан бўлган ит воқеасини Алишер Навоий бобомиз бир эмас, иккита китобларида – “Лисон ут-тайр” ва “Насойим ул-муҳаббат” асарларида келтирганлар. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари эса “Нафаҳот ал-унс”да зикр қилганлар. Албатта, фақат мантиқ ва шубҳа эвазига ривоятни инкор қилиш қийин. Фақат улар келтирган бу ривоят бадиий ижод маҳсулими ёки ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеами? Инкордан олдин бу борада илмий изланишлар олиб боришга тўғри келади.

Муҳаммад Абдуҳ деган Мисрнинг катта муфтийси бўлган. У XIX аср охири – XX аср бошларида мусулмон ўлкаларига жуда катта ихтилофлар солинишига сабабчи бўлган муфтийлардан бири ҳисобланади. Унинг “Тавҳид” асари бор. Ваҳҳобийлар раҳнамоси Ибн Абдулваҳҳоб ҳам шу номда рисола битган. Имом Мотуридий ҳазратларининг ҳам “Китоб ат-Тавҳид” асарлари мавжуд. Муҳаммад Абдуҳ ва унга эргашган покистонлик Мавдудий каромат тўғрисида ёзар эканлар, мўъжиза ва кароматлар ҳам ақлга тўғри келиши керак, деган хулосани берадилар.

Масалан, Мусо алайҳиссалом харсанг тошга ҳассасини уриб, ундан булоқлар отилиб чиқарганини “Аслида булоқларнинг оғзи тош билан тўсилиб турган. У асоси билан булоқларнинг оғзидаги харсангларни туртиб, сургани сабабли булоқлар оғзи очилиб, сувлар отилиб чиққан”, дейди. У ҳолда, Мусо алайҳиссалом ўз қавми билан денгизни ёриб ўтгани-ю, Фиръавн ўз қавми билан унда ҳалок бўлганини қандай изоҳлашади?

Яҳудийлар ишлаган Мусо алайҳиссалом ҳақидаги кинофильмдагидек денгиз суви камайган пайтда, денгизнинг энг сой жойидан ўтиб кетишган, Фиръавн аскарлари билан келганда эса денгиз суви кўтариладиган пайти бўлган ва у шунинг оқибатида ҳалок бўлган, деб тушунтирадилар. Мана сизга, ақл ва мантиққа суянаверишнинг оқибати! Бундайларнинг гаплари ҳадислар бу ёқда турсин, Аллоҳнинг каломини – Унинг хабарларини, оятларни ўз мантиғи қолипига солиб туриб, инкор қилиш бўлиб туйилмаяптими?! Ақлга кўра инсон зоти Асҳоби Каҳф бўлиб уч юз йил ухлаши мумкинми? “Каҳф” сурасидаги қиссани яна бир бор ўқинг. “Қуръон”га кўра уч юз йил ухлаб турган одамлар бўлганига ишонамиз. Сиз-чи?!

Уламолар ва муҳаддислар “Саҳиҳи Бухорий”ни энг саҳиҳ ва энг ишончли, шу билан бирга, сирли китоб дейишади. Ҳали унинг жуда кўп сир-асрорлари очилмаган бўлса ажаб эмас. Унда ақл ва мантиққа зид кўринадиган бир қанча ривоятлар ҳам мавжуд.

Масалан, Амр ибн Маймун деган кишининг ривоятини олайлик. Бу ривоят 3849-тартиб рақами билан келтирилган. У саҳоба бўлмаса ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида яшаган, яманлик киши бўлган. Увайс Қараний каби у ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўра олмай қолганлардан. Унинг Имом Бухорий ҳазратлари ва бошқа муҳаддислар келтирган, шарҳларда батафсил зикр қилинган ҳикояси жуда ажабланарли.

У зот Яманда қўйларини ўтлатиб юрганида, эркак ва урғочи маймунни кўриб қолган. Улар эр-хотин бўлиб ётишган бўлган. Урғочисининг қўлини эркак маймун ёстиқ қилиб ётибди. У роса ухлаганини билиб, урғочи маймун аста-секинлик билан қўлини тортиб олибди. Кейин у нарроққа кетиб ёшгина бир маймун билан айш-ишратга киришибди. Ишратдан сўнг келиб, ухлаб ётган ҳақиқий эрининг бошига билдирмай қўлини тиқаётганида эркаги уйғониб қолибди. Қўрқиб уйғонган эркак маймун хотинини ҳидлаб кўриб, унинг хиёнатини сезибди. Қийқириб, бақир-чақир қилиб, бошқа маймунларни чақирибди. Дод-вой солиб, уларга бир нималарни тушунтирган бўлибди, имо-ишоралар билан қайсидир томонларни кўрсатибди. Бир неча маймунлар у ёққа, бу ёққа бориб-келиб изланишибди. Охири, ўша ёшгина “зинокор” маймунни топиб келишибди. Эркак маймун ҳидлаб кўриб, хиёнаткорни танибди. Маймунлар бир чуқурга уни ташлашиб, тошбўрон қилиб ўлдиришибди. Мазкур ҳикоя ровийси ҳам маймунларга қўшилиб, “зинокор”ни тошбўрон қилибди.

Тўғри, ҳайвонларда ҳам рашк туйғуси борлигини биламиз, фақат чўчқа (тўнғиз)да рашк ҳисси бўлмайди, дейишади. Бироқ, ақлсиз ҳайвонлар ўз “зинокор”ларини тошбўрон қилишлари нимаси?! Қизиқ, уни ўқиган ёки эшитган Фазлидин домла-ю, Мусанниф Адҳам кабилар буни эртак дейишармикин ёки “Саҳиҳи Бухорий” ва бошқа ҳадис китобларидаги бу хилдаги ривоятларни заифга (заифроққа, шубҳалига) чиқарармикин?!

Нима бўлганда ҳам, такрорлаймиз: ҳамма эшитилган ноодатий, ғайриоддий, фавқулодда хирақи одат бўлган ишларни мантиқ ва ақл тарозисига солинавермайди, барчасидан нақлий далил сўралавермайди. Уни кўз билан кўриш ёки ўз кўзи билан кўрган ишончли кишилардан нақл қилинишининг ўзи ишонишга кифоя қилади. Акс ҳолда, инсон ҳақ кароматларни ҳам инкор қилиш даражасига етиб қолади.

Гапимиз чўзилиб, бошқа мавзуларга ўтиб кетилди… Бу гапларни айтишдан мақсад тез-тез “қовун” тушириб қўяётган имом-домлаларимиз-у раҳбарларимизни айблаш эмас. Уларга ўз вақтида раддиялар бериб, ақл ва нақлни пеш қилаётганларга ҳам таъна қилиш эмас.

Мақсадимиз: ҳар бир гапнинг ўз ўрни, ҳар бир жойнинг эса ўз гапи борлигини эслатиб ўтмоқдир, холос. Нутқ ийрод қилмоқчи бўлган киши унга пухта тайёргарлик кўрмоғи лозим. Айниқса, ҳозирги саводхонлик ошган, одамлар моддиятга кўпроқ эътибор қаратган бир даврда ўта ишончли гапларни керакли ўринда, керакли оҳанг ва услубда етказишга ҳаракат қилиш керак.

Нутқ ва маъруза қилувчи киши нотиқлик санъатини ўрганиши, махсус тайёргарликлардан ўтиши лозим. Нотиқ кишиларнинг назарий билим ва кўрсатмаларига амал қилсинлар, уларнинг нимани гапирганлари-ю қандай гапирганларидан ўрнак олсинлар.

Одамларни қойил қолдириш учун эмас, ҳақиқатни билдириш учун гапириш керак. Ҳамма гапни ҳам ҳақиқат деб айтавериш ярамайди. Саҳобалар давридан бери қанчадан-қанча ҳақ гаплар айрим мулоҳазаларни деб айтилмай қолиб кетди.

Гапирувчи ҳамиша холис ва масъулиятни ҳис қилувчи бўлиши лозим. Акс ҳолда, гапирувчи инсон кулгуга қолиши, одамларнинг ишончсизлигига сабабчи бўлиши мумкин. Ҳар бир гапнинг салмоғи, миқёси, масъулияти ва жавобгарлигини ҳис қилиш бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ зарур бўлиб турибди.

Аллоҳ таоло мусулмонларни икки оламда ҳам шарманда қилмасин, Ўзи обрўли ва юзи ёруғ айласин. Гапимиз шу эди, узр аммо….

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг