Камолиддин Беҳзод. У ким бўлган?

0
108
manba: saviya.uz

Мовароуннаҳр ва Хуросонда XV асрдаги Ренессанс (Уйғониш даври) вакилларидан бири, Навоийнинг шогирди, “Шарқ Рафаэли”, улуғ мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзоддир.

Нафақат мусулмон Шарқи халқлари, балки бутун дунё халқлари санъати тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиётига ўзининг баракали ҳиссасини қўшган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод 1455 йилда Ҳиротда камбағал ҳунарманд оиласида дунёга келган. Беҳзод ота-онадан жуда эрта ажралди. Уни болалигидаёқ Ҳиротнинг машҳур мусаввири Амир Руҳилло (Мирак Наққош) ўз тарбиясига олиб, тутинган отаси бўлди ва Камолиддинга туз-нон бериб, кийим-бош билан таъминлаб, ҳар томонлама илмли қилиб вояга етказди. Ёш Камолиддин Мирак Наққош тарбиясида, унинг Ҳиротдаги Нигористонида (санъат академиясида) наққошлик ва миниатюрасозлик ҳунарининг сир-асрорларини ўрганади.

Беҳзоднинг буюк мусаввир, наққош ва миниатюрасоз бўлиб етишувининг муҳим омилларидан бири – бу унинг XV асрнинг иккинчи ярмида машҳур шоир Алишер Навоийнинг назарига тушиб, бадиий ғоявий ва эстетик жиҳатдан улуғ мутафаккир ва ҳомий даҳосидан баҳраманд бўлганлигидадир.

Санъат ва нафосатга иштиёқи ниҳоятда кучли бўлган Беҳзод ғоятда меҳнатсеварлиги, заҳматкашлиги, ўткир ақлу заковати туфайли истеъдоди кундан-кунга ортиб боради ва тез орада Ҳиротда машҳур мусаввир бўлиб танилади. Алишер Навоийнинг мактабдоши ва дўсти, подшоҳ Султон Ҳусайн Бойқаро Беҳзодни ўз ҳузурига – саройига жалб қилади, унга саройдан махсус жой ажратиб, ижодий ишлар билан шуғулланиши учун барча шароитларни муҳайё қилиб беради. 1487 йилда эса Беҳзод Султон Ҳусайн Бойқаронинг шахсий фармони билан Ҳиротдаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинланади.

XV аср охирларига келиб Ҳиротдаги Темурийлар салтанати авж олиб бораётган тожу-тахт учун ўзаро жангу жадаллар туфайли аста-секин емирила бошлайди. Бу даврга келиб Беҳзоднинг Ҳиротдаги энг севимли ҳомийси – Мавлоно Абдураҳмон Жомий (1492 йилда), сўнг устози Алишер Навоий (1501 йилда) бирин-кетин оламдан ўтадилар. 1506 йилда Ҳиротдаги Темурийлар сулоласининг сўнгги қудратли вакили Султон Ҳусайн Бойқаро вафот этади. Шундан кейин шаҳзодалар Ҳирот салтанатини ҳалокат ёқасига олиб келадилар. 1507 йилда кўчманчи ўзбек қабилаларининг хони Шайбонийхон (Шойбекхон) Ҳирот тахтини осонлик ила ишғол этади. Бундай беаёв тўқнашувлар, тожу-тахт учун узлуксиз қонли ур-йиқитлар шароитида ҳам Камолиддин Беҳзод Ҳиротда қолиб, ўзининг ижодий фаолиятини давом эттиради. Беҳзод уч йилча Ҳиротда Шайбонийхон салтанатига қарашли саройда иш олиб бораркан, Беҳзод санъати олдида лол қолган Шайбонийхон унинг ижодий ишларига тўсқинлик қилмайди, аксинча, бу улуғ миниатюрасозга ишлаши учун қулай шароит яратиб беради. Беҳзод Шайбонийхоннинг тасвирини айни ўша йиллари чизган бўлиши керак.

1510 йилда Шайбонийлар лашкари билан Эрондаги кучайиб бораётган Сафавийлар салтанати лашкари ўртасида Марв ёнидаги Тоҳиробод деган жойда шиддатли жанг бўлади. Жанг майдонида Шайбонийхон қўшинлари тор-мор этилади. Шундай қилиб, 1510 йилда Ҳирот Сафавийлар қарамоғига ўтади.

Шоҳ Исмоил Сафавий 1512 йилда Ҳиротдаги бир неча истеъдодли санъаткорларни салтанат пойтахти Табризга олиб кетади. Ҳиротдан Табризга олиб кетилганлар орасида забардаст санъаткор Камолиддин Беҳзод ва унинг бир гуруҳ истеъдодли шогирдлари ҳам бор эди. Бу пайтга келиб Беҳзод ва унинг Ҳиротдаги мусаввирлик мактабининг довруғи бутун Шарққа тарқалган эди. Беҳзоднинг санъатини юксак қадрлаган Шоҳ Исмоил Сафавий ҳам наққошга ижод қилмоқ учун Табризда барча зарур шароитларни яратиб беради. Беҳзод ва унинг шогирдлари Табризда ўзларининг ижодий ишларини самарали равишда давом эттирадилар. Беҳзод Табризда Ҳиротдан кейинги нафис тасвирий санъат (миниатюрасозлик)нинг яна бир улкан мактабини яратади. Ўша пайтларда Табризда, умуман Эрон санъатида ҳам ички сиёсий аҳвол яхши эмас эди. Усмонли турк султони Салим Пошша Эронга кетма-кет таҳдид солиб турарди. 1514 йилда Эрон ва Турк қўшинлари ўртасида Табриз яқинидаги Чолдорон деган кенг текисликда қаттиқ ва даҳшатли жанг бўлиб, бу жангда Сафавийлар салтанати мағлубиятга учрайди. Шоҳ Исмоил Сафавий жанг майдонидан қочиб, зўрға қутулиб қолади. Бир йилча Табриз турклар қарамоғида бўлади.

Беҳзоднинг шўрлик бошига яна оғир мусибатлар тушади. Табриздаги энг эътиборли санъаткор бўлганлиги учун Беҳзодни, бошқа бир атоқли хаттот Шоҳ Маҳмуд Нишопурийни турклар ўз юртига ўлжа қилиб олиб кетмасликлари учун подшоҳ амрига биноан, Табриз атрофидаги бир ғорга мажбуран яшириб қўядилар. Эронда нашр этилган “Саромадани ҳунар” асарида ёзилганидек, ўз саройидаги хазиналар ичидаги энг нодир ва ноёб гавҳар (Беҳзод)нинг турклар қўлига тушиб қолмаслиги учун ишончли жой (бир улкан ғор)га яшириб кетган Шоҳ Исмоил Сафавий жангдан енгилиб чиққач, ўз мулозимларидан бирига берган илк саволлари қуйидагилардан иборат бўлган: “Беҳзод қалай? Унинг жони омонми? Уни, худой нахоста турклар олиб кетмадими?”

1512–1522 йиллар Беҳзод ҳаётида оғир ва мусибатли йиллар бўлди. Бу йиллар орасида у аҳён-аҳёнда она юрти Ҳиротга ҳам бориб келиб турган. 1522 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий махсус фармон чиқариб, Беҳзодни Табриздаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинлайди. 1524 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий вафот этиб, унинг ўрнини ўғли ёш шаҳзода Тахмасп эгаллайди.

1537 йилда (хижрий 942) кексайиб қолган Беҳзод Ҳиротда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганлигидан хабардор бўлиб, уни кўрмоқ учун она шаҳри Ҳиротга отланади. Лекин у Рустам Али дийдорига етиша олмайди. Беҳзод Ҳиротга етиб келгунча у оламдан ўтган бўлади. Бундай жудоликдан қаттиқ қайғурган, кекса мўйсафид Беҳзоднинг ўзи ҳам оғир хасталаниб, 1537 йилда Ҳиротда оламдан ўтади. Уни ҳам Ҳирот аҳолиси чуқур изтироб ила, зўр мотам остида шаҳар ёнидаги Кўҳи Мухтор тоғи ёнбағрига, жияни ва шогирди Рустам Алининг қабри ёнига дафн қиладилар.

 

манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг