Ўзбек тилига доимий «прописка» берилармикин?

0
153

Бугун ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Президент иштирокида давлат тадбири бўлиб ўтди. Агар 90-йилларнинг бошида бўлган бўлмаса, унда эсимни таниганимдан буён ўзбек тилига оид тадбирда шахсан давлат раҳбари иштирок этганини эслолмайман. Буниси менимча, биринчи марта.

Президент ўз нутқида ўзбек тилининг мавқеини ошириш кераклиги ҳақида сўзлади. 21 октябрь «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атамашунослик комиссияси тузиладиган бўлибди.

Хуллас, фақат ва фақат одамга умид берадиган яхши гаплар. Президент матбуот хизматининг таъбири билан таъкидласак, «она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди».

Энди шу гаплар амалиётга ҳам кўчармикин? Чунки амалиётда ўзбек тилининг аҳволи ҳавас қилгудек эмас.

Республика даражасидаги аксарият давлат ташкилотларида иш юритув фақат рус тилида. Қонунлар ва қонуности ҳужжатлар одатда рус тилида ёзилади, кейин ўзбек тилига таржима қилинади. Айрим ташкилотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжжатлар лойиҳаларини уялмасдан фақат рус тилида эълон қилишади, худдики рус тилини билмайдиган ўзбекларга бу қонунлар тааллуқли эмасдек. Йирик тадбирлар рус тилида бошланиб, рус тилида тугайди. Ҳамма ўзбекча гапирадиган жойда ҳам қайсидир амалдор албатта русча маъруза қилишга ҳаракат қилади. Ташкилотлар бир-бирига рус тилида хат ёзади. Жавобни ҳам рус тилида олишни истайди.

Кўчалар ва интернет рус тилидаги реклама баннерлари билан тўлиб-тошган. Тошкентку майли, ҳатто вилоятлар ва чекка туманларда ҳам русча баннер жойлаштириш одатга айланган. А, барака топгур, у ерда фақат ўзбеклар яшайдику, деярли бутун туман ўзбек тилида гаплашадику, деб ўзларига савол беришмайди.

Ўзбек тилини худди Тошкентда яшаётган, лекин доимий пропискаси йўқ вилоятликка ўхшатаман. Яъни, у ўз пулига уй сотиб олган, аммо пропискаси йўқлиги учун бировнинг номига уйни расмийлаштиришга мажбур бўлган. Қонунчиликка кўра, ўша уйда яшаши учун ижара шартномаси ҳам тузиб қўйган. Шу сабабли у ўз пулига сотиб олган уйда ўзи ижарада яшашга мажбур. Ўз уйида ўзи хўжайин эмас.

Ўзбек тили ҳам ўз уйида ижара яшаётганга ўхшайди худди. Баъзан айрим масалаларни кузатиб, беихтиёр шунақа фикр пайдо бўлади.

Бугунги хабарлар ортидан вазият яхши томонга ўзгаришига илинж пайдо бўлди. Бунинг учун ўнлаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниши ўз йўлига, лекин энг асосийси юқоридан кучли хоҳиш ва сиёсий ирода бўлиши керак эди.

Тез орада ўзбек тилига доимий прописка берилади ва ўз уйида ўзи хўжайин бўлиб яшайди, деган умиддамиз.

 

Муаллиф: Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг