«Улар мени ва дунёимни вайрон қилдилар»

0
965
Foto: Iskra-islama.net

2006 йил 13 ноябрь куни Бағдодда 24 ёшли ироқлик талаба АҚШ аскарлари томонидан ўққа тутилган. У тирик қолди, аммо бошидаги жароҳат 10 йил ўтиб ўз асоратларини намоён эта бошлади. Қизда эпилептик тутқаноқ аниқланган.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган қаҳрамонимиз 2003 йилда АҚШ томонидан Ироққа уюштирилган интервенциянинг гуноҳсиз қурбонларидан бўлган минглаб Ироқликнинг биридир.

«Ўша куни ўқишга кетаяётгандим. Мен санъат коллежида таҳсил олардим. Ўша вақтларда Боғдод кўчаларида юриш жуда хавфли бўлиб қолганди, чунки деярли ҳар куни портлашлар содир бўлар, ҳар куни қандайдир фожеага гувоҳ бўлардик», дейди у.

«Қанбар Али трассаси бўйлаб кетаётганимизни тиниқ хотирлайман. Шунда йўлнинг иккала томонида АҚШ ҳарбийлари пайдо бўлди. Машина секинлашди, тўхташ ҳақида буйруқ ҳам бўлган бўлиши мумкин, лекин кекса ҳайдовчи бу кўрсатмани эшитмади назаримда. Шундан кейин барчаси тез содир бўлди. Ҳарбийлар тўсатдан ўт очдилар. Мен орқа ўриндиқда эдим – нақ ҳайдовчининг орқасида. Ҳайдовчига аталган ўқ тўғри менга келиб тегди… Мен ҳушимдан кетдим… Кейинчалик менга айтиб беришларича, бутун ўриндиқ қон билан қопланган экан. Кейин улар мени касалхонага оборишади. Узоқ даволандим. Аҳволим оғир эди…

Бир куни палатамга америкалик аскарлар кириб келишди. Улар мени Боғдоддаги АҚШ махсус касалхонасига олиб боришлари мумкинлигини айтишди. Отам эса мени шу ҳолга туширганлар билан ёлғиз қолдиришдан бош тортди. Шунда унга менга ҳамроҳ бўлиши учун ижозат беришган. Кечқурун ўша пайтдаги АҚШ ҳарбий госпитали – Ибн Сино шифохонасига келдик.

Касалхонадан чиққач ҳам кўп қийналдим. Баъзан бутун кеча ухлолмасдим. Устига бошимда бир неча ўқ парчалари қолиб кетган, шифокорлар жуда хавфли ҳисобланганлиги учун ушбу парчаларга тегинишга жазм қила олишмаган эди…
Ҳаёт давом этарди. Ўқишга қайтдим ва кейинги йил таҳсилни тамомладим. Кейинроқ, ўз муҳаббатимни топдим. Ҳозирда икки шириндан шакар фарзандларим бор.
Бу воқеаларга 15 йил бўлди, аммо миямдаги ўқ парчалари ҳанузгача менга азоб беради, ўтган йилдан бери менда эпилепсия аниқланди.

Болаларим онаси қаттиқ ғалати товушлар чиқариб полга йиқилганда ва оғзида кўпик пайдо бўлганида нақадар даҳшатга тушишини мен сизларга сўзларда ифодалаб беролмайман…

Дунё учун мен Ироқдаги урушдан жабр кўрган миллионлар орасидагилардан бириман, холос. Биз ироқликлар ўзимиз ҳеч қачон истамаган урушнинг қурбонларига айландик. Менинг айбим нима эди? Менинг эрим ва болаларимнинг айблари-чи? Гуноҳи нима эди уларнинг?

Улар мени шу кўйга солдилар, дунёимга, покиза орзуларимга ўт қўйдилар… Қачонлардир, 15 йил олдин барчасини енгиб ўтишга, азоблардан ўтишга куч топа олган эдим. Энди-чи? Бардошим етармикан?… Қачонгача дунё халқлари ўзлари ҳеч бир қисмига даҳл қилолмаганлари манфаатлар уруши қурбони бўладилар? Қачонгача?»

манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг