Энди жамиятда қаровсиз одам бўлмайди

0
2237

Жамиятда шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, бирон манзилда вақтинча ёки доимий пропискаси йўқ ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобда турмаган, ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар ҳам учраб туради.

Лекин улар ҳам инсон, бошқаларга қараганда кўпроқ ҳимояга муҳтож. Шу мақсадда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими – реабилитация марказлари ташкил этилган.

Бу тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилнинг 26 декабрдаги “Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори билан янада такомиллаштирилди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс, деганда кимлар тушунилади? Бу саволга жавобан айтиш керакки, шахсини тасдиқловчи ҳужжати, шунингдек, бирон-бир манзилда вақтинча ёки доимий пропискаси бўлмаган ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобда турмаган, ғайриижтимоий хулқ-атворли, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган 18 ёшдан ошган шахс назарда тутилади.

Уларни реабилитация қилиш – муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этганда унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги, туғилган вақти ва жойи, қаерда яшагани, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар мавжудлиги ёки йўқлиги, ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари, аввалги доимий прописка қилинган манзили ҳақидаги маълумотларни аниқлаш орқали ўрганиб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси ёки бошқа давлат фуқаролигига мансублиги аниқланмаган тақдирда, туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари шахсини тасдиқловчи вақтинча маълумотномани белгиланган тартибда беради. Маҳаллий хокимликлар билан биргаликда доимий пропискани расмийлаштириш, яшаш гувоҳномасини ҳужжатлаштириш чоралари кўрилади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти билан аввал ҳужжатлаштирилган, аммо уни йўқотиб қўйган ва доимий пропискаси бўлмаган муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга истисно тариқасида вақтинчалик прописка асосида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти қайта расмийлаштирилади.

Ўз навбатида, эндиликда юқорида назарда тутилган ҳолларда фуқаролик паспортларини расмийлаштиришда ички ишлар органлари уларни маъмурий жавобгарликдан озод этиш чоралари кўриладиган бўлди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг фуқаролик паспортларини расмийлаштириш учун давлат божлари туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг талабномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Бу тоифадаги шахсларни маъмурий жавобгарликдан озод этиш ва паспортни расмийлаштиришда давлат божини қоплаш учун тегишли хужжатларни расмийлаштириш ҳамда судларга ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этиш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Қонунчиликка киритилган янгиликлардан яна бири реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни доимий яшаш жойларига жўнатиш билан боғлиқ. Эндиликда зарур бўлганда, реабилитация марказининг буюртманомасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан уларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йўл харажатлари учун пул ажратилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, қонунчиликка киритилган юқоридаги янгиликлар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Уларни реабилитация қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасидаги фаолият қамрови кенгайгани жамиятда қаровсиз одамлар бўлмаслиги учун замин яратади.

Иброҳим ҚОСИМОВ,
ИИВ Ташкилий департаменти
юридик таъминлаш бошқармаси
бош юристконсульти

манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг