Муросасиз профессор

0
214
Фото: ru.wikipedia.org

Йигирманчи асрнинг гуманист мутафаккири, файласуф, психиатрия ва психология фанларига салмоқли ҳисса қўшган немис олими Карл Теодор Ясперс (Karl Theodor Jaspers 1883 йилда туғилган) биографиясининг баъзи саҳифалари билан бўлишмоқчимиз.

Катта обрўга эга бу профессор фан ва таълимга берилган, шу билан бирга, ўткир назари билан атрофида бўлаётган ҳодисаларга беандиша муносабат билдириб турар эди. Ва бу муносабатлар расмийлар, шогирдлари ва ҳамроҳларини карахт ҳолатга солиб қўярди.

1919 йили биринчи жаҳон уруши Германия зарарига якунланди. Немис интеллектуал элитаси ғолиблар талаб қилган тўловни камайтириш ҳақида бош қотирган вақтда Ясперс «Ким бу ишни уюштирди? Бу халқ сайлаган ҳукуматми? Тўласин ўша халқ, ўша ҳукумат!» деди.

Германия университетининг устоз-у талабалари икки тарафга бўлиниб қолган 1920 йиллар: коммунист сўлчилар ва миллатчи ўнгчилар. Ясперс иккала тарафни бир гўр, деб рад этди. Ҳеч ким уни ўз тарафига оғдира олмади.

1933 йил иқтидорга нацистлар келди. Ясперс уларга нисбатан салбий муносабатини яширмади. Германияни бу фашистлар расво қилишини олдиндан таъкидлаб тураверди. Шу аҳволда 1937 йилгача университетда дарс бериб юрди. Алал-оқибат, «давлатга қарши гапиряпти», деб ишидан бўшатиб юборишди, китоблари ва маърузалари ман этилди.

Шу вақтдан бошлаб Ясперс уйида ўтириб ҳеч ким, ҳеч қачон ўқимаслиги мумкин бўлган асарлари устида илмий ижодини давом эттирди… Зиёратига келган одамлар билан суҳбатида Германияда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида фикрларини ҳеч вақт яширмади.

Бир куни уйига Гестапонинг бошлиқ зобити келди (собиқ талабаларидан бўлса керак).

“Профессор, жуда ёмон нарсаларни гапириб юбораётган экансиз. Илтимос, эҳтиёткорроқ бўлинг… Оқибати яхши бўлмайди!» деса, профессор «Мени қамасанг қама, ҳозир хотиним кийимларимни жомадонга жойлайди, кишан солиб олиб чиқиб кетавер!» дебди. Ҳалиги гестапочи уни ҳибсга олиш учун эмас, балки катта олимни ҳурмат қилганидан огоҳлантириш учун келганини айтиб чиқиб кетипти…

Рейхнинг сиёсатига таҳдид туғдирадиган машҳур шахслар ҳибс рўйхатини Ҳитлерга кўрсатишипти. Фюрер ҳужжатни кўздан кечирар экан Карл Ясперс исмида тўхтаб «Бу эсини еган чолни тинч қўйларинг, уйида яккамоховланиб ўтираверсин», деди.

Шундай қилиб, иккинчи жаҳон урушининг охирги йилларига қадар Ясперс хотини билан танҳоликда кун кечираверди…

Ҳеч ким у билан иши бўлмаган, унинг ҳам ҳеч ким билан иши бўлмаган. Чунки Ясперс бу – Ясперс, улар эса бошқа. Улардан унга ҳеч нарса керакмас. Бу икки олам бир бирини қабул қилмайди ва бир бири билан ҳеч қачон кесишмайди.

Нацистлар тузуми йўқ қилингач янги Герман жамияти учун фашистлар билан аралашмай ўз номусини пок сақлаб қолган зиёли қатламга эҳтиёж пайдо бўлди. Ясперс энди миллий қаҳрамонга айланди. Аммо профессор чўрткесарлигидан бу янги либерал, демократик авлод томонда бўлмади.

Либерал нашриётнинг журналистларидан бири Ясперсдан интервью олишга келиб суҳбат мавзуси ҳақида гап очди: «Мана Германиямизда тоталитар тузум ағдарилди. Эндиликда эркин фикрлашга шароит пайдо бўлган вақт…»

Шу жойда Ясперс гапини шартта бўлди: «Нималар деяпсиз, эй аҳмоқ (“idiot” деган дейишади)! Эркин фикр, агар у эркин бўлса, тоталитар тузум бўладими, бошқаси бўладими эркинлигича қолаверади! Сизнинг фикрлашингиз ўша вақтда эрксиз бўлиб, ҳозир озод бўлди, деб ўйласангиз чучварани ҳом санабсиз! Сиз халиям қулфикрсиз!»….

Сўлчилар, социалистлар газетасидан мухбир интервью олгани профессор хузурига келипти. У ҳам нима билан ўйнашаётганини билмай 1945 йилда америкаликлар Хиросима ва Нагасакига ташлаган ядро бомбалари ҳақида муносабатини сўрапти.

Ясперс ўзининг қаттиққўл устоз услубида совуққонлик билан шундай деди: «Эҳ, бекорга увол бўлиб кетипти ўша иккита бомба. Япон шаҳарларига эмас, бирини Пекинга, иккинчисини Москвага ташлаш керак эди. Нима, коммунизм б…и – фашизм б…дан яхшироқми?!»

(Бу ерда тушунтириш керак: Ясперс бекорга гуманист мутафаккирлардан ҳисобланмайди, албатта, у ядро бомбаси қирғин барот ҳужумини ёқламаган. Асосий мақсади сталинизм ва маосизм балоси фашистлардан ёвузликда қолишмаслиги ва улар билан муроса қилиб яшашда барибир яхшилик бўлмаслигини кескин тарбия услуби билан гапирмоқчи бўлган).

Ясперсдан шу каби бир неча жанжаллик мақола ва интервьюлар немис халқи ярасига аччиқ туз бўлиб сепилаверди… Охири жамоатчилик тоқатини профессорнинг яна бир муносабати еб тугатди.

Нацистлар етакчиларининг устидан жарангдор Нюренберг суд жараёнлари ҳақида профессор фикри сўралганда, у шундай деди:

«Нима, бу фақат министрлар, генераллар айбдор жиноятчи деб топилиб, халқ оппоққина, беайбми? Оддий немис солдатидан тортиб, шу фашистларга овоз берган, “хайл!» деб Ҳитлерни қутлаган, фашист тузумига маддоҳлик қилган ҳар бир оддий дўкондор, сартарош, ўқитувчи, ишчини суд қилиш керак! Бутун халқ айбдор! Уни маҳкамага торта олмайсизларми, демак бу судларинг бир тийинга қиммат томошадан бошқа нарса эмас!..”

Ясперс уйи деразаларини тош отиб синдира бошладилар. Тинчгина уйида, ватанда ижод билан шуғулланишга шароит қолмади. Профессор хориж университетларидан келаётган тинимсиз таклифлардан бирини олишга қарор қабул қилди. Германия фуқаролигидан воз кечди ва Швейцарияга кўчиб кетиб, у ернинг паспортини олди ва умрининг охиригача ватанидан ташқарида илмий ижодини давом этди. 1969 йили 86 ёшида вафот этган.

PS… Ясперс ҳақида турли манбалардан ўз таассуротимизни ёздик. Албатта, Ясперснинг сўзма сўз гаплари, интервью, мақолалари келтирилмади. Маълум маънода «адабийлаштирилган» блог пост ҳикоя деса бўлади.

Муаллиф: Jamshid Muslimov

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг