Муносабат. Ўзини «гей» деб эълон қилган шахснинг ўлдирилиши

0
1087
Фото: Шокир Шавкатов. Ozodlik.org

Ўзини «гей» деб эълон қилган шахснинг ўлдирилиши муҳокамасида икки хил мавзу аралаштириляпти.

Биринчидан:
Ноанъанавий жинсий алоқа қилишни жиноятчилик таркибидан чиқариш тарафдорлиги ва унга қаршилик, жинсий озчилик ўз турмуш тарзларини очиқ эълон қила олишга рухсатга интилиш, ноанъаваний жинсий алоқа турмуш тарзини аҳоли орасида, жумладан ёшлар орасида кенг тарғибот қилиниш хавф хатари мавжудлиги мавзулари.

Иккинчидан:
Бирон қонуний ваколатсиз тергов ва «самосуд» асосида инсон устида қийноқ ўтказиш, инсонни ўлдириш.

*

Биринчи мавзу борасида либерал ва консерватив, диний қарашлар ўртасида аргументли бахс олиб бориш хозирги замон жаоматчилик учун бу нормал, адекват ҳолат.

Кишини ноқонуний ўлдириш ва уни ўлдиришни ёқлаб чиқишни биринчи мавзудаги қайси тараф олганликдан қатъий назар, хоҳ либерал, хоҳ консерватив миллиятчи ёки диний тарафлар бўлсин, бирдек қоралашлари айни адекватлик бўларди.

*

«Ўлдириб тўғри қилибди», «бошқаларига ибрат бўлади» ва ҳоказо иддаолар, яъни «бу ноқонуний бўлсада оқланадиган жиноят», деган маънода муносабат билдираётганларга мурожаатим:

«Гомосексуалликни касаллик, жиноят, гуноҳи кабира, жамият иллати», деб ҳар қанча ҳисоблашингиз мумкин ва шу позицияни ҳимоялашингизга ҳаққингиз бор. Аммо ўша шахс ким бўлмасин уни «самосуд» ва «линч» қатли қилишга тарғиб қилишга мутлақо ҳаққингиз йўқ. Бу айни ҳуқуқий хато (кўлами ва оқибатига қараб жиноят ҳам бўлиши мумкин).

*

Бу шунингдек, сиёсий хато. Фаол мусулмонлар қайси жамиятда, қандай ижтимоий қатламлардан ташкил топган аҳоли ўртасида яшаётганини фаҳмлаши зарур.

Ижтимоий қатлам борки, у сиз ҳисоблагандек гомосексуалликни норма бўлмаса ҳам ўзбошимчалик билан ўлдириш учун сабаб, деб ҳисобламайди.

Ижтимоий қатлам борки, гомосексуалликни норма ёки нормага яқин ҳолат, деб ҳисоблайди.

Ижтимоий қатлам борки, гомосексуаллик тарқалишига қарши ва уни легитим қилишга қарши туради.

Аммо айнан фаол мусулмонлар тарафдан гомосексуалликни тутган жойидан ўлдирвориш керак, деган тарғибот ёки ёқлов фикрлари чиққанини кўрганда юқорида айтилган барча қатламларда ва шунингдек, ҳукумат мансабдорларда ушбу реакция пайдо бўлади:

«Буларга гомосексуаллик учун ўзбошимчалик билан жазолашларига йўл қўйиб берсак бошқа яна қанча улар наздидаги катта гуноҳлар бор? Яна кимларни жазолашни истаб қолишади? Шунинг учун ҳам ёшларни диндорлашувини бўғиш керак!»

*

Жиноят ва жазо масалалари шаръий ва жамият қоидалари соҳасида енгил-елпи эҳтиросли нарсалар эмас. Бу мавзуларда сўз очиш, бу дунё ва охиратда жавобгарликни мусулмон киши закийлик билан ҳис қилиши лозим.

Яна қайтараман, гомосексуалликнинг кенг тарқалиб кетишга фикрий, сиёсий ва ҳуқуқий курашингиз «самосуд» ва «линч» жаллодлигини оқлмайди. Энг тўғри йўл – қонунийликни изчил равишда ёқлаш.

Ақл фаросатни ишлатинг.

Jamshid Muslimov

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг