Ким ютади, ким ютқизади?

0
128
Фото: lemarse.spb.ru

Бугун ёзувчи-шоир ким? У чин адабиётга ҳисса қўшиши учун нималар ёзиши керак? “Tashkent City” ҳақида достон ёзса адабиёт хазинасига ҳисса қўшадими ё пароканда бўлаётган давлат тилимиз ҳақида куйинчак шеър ёзсами? Президент номига мадҳия битсами ё қишлоқларда қиш бўйи печка ёқиб, усти-бошидан тутун ҳиди келиб турадиган хокисор оналаримизнинг кўзларидаги ҳасратини куйласами? “Беш ташаббус” ҳақида қисса ёзсами ёки уйи бузилиб, чайлада яшаган юртдошларимизнинг аламлари борасида роман битсами?

Фикримча, ҳаммаси ҳақида ҳам ёзилиши керак. Бировга уни ёзинг, буни ёзманг, деб ақл ўргатиш одобдан эмас. Фақат бу асарлар самимий бўлсин, юракдан ёзилсин!

Аммо бу битиклар самимиятдан йироқ, таъма илинжида битилган бўлса, шавқатсиз вақт ҳаммасини узоқ-узоқларга супуриб кетади.

Масалан, тарихда Ленин ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Самимиятдан узоқ бўлгани учун уларнинг кўпини бугун макулатура ҳузурини кўраяпти.

Лекин Ленин тасвирланган Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим” қиссаси нега ўлмади? Ҳанузгача ўқиляпти? Бугундан кейин ҳам ўқилади. Чунки у самимият билан, асрларга татигулик қилиб ёзилган эди.

Барибир, бугунги ўзбек адабиёти янгиланиши керак. Ёшариши керак. Янги давр руҳини, дардини акс эттирган асарлар битилиши керак.

Юртдаги янгиланишлар билан бирга, тараққиётга тўсиқ бўлаётган ғовлар, ҳалқумини халқ ҳисобидан тўлдириб ва тўйдириб олаётган муттаҳамлар ҳақида ҳам ёзилиши керак.

Энг муҳими, инсонларнинг қувончу ҳасрати, ташвишу дардлари, руҳиятидаги ўзгаришлар ёзувчининг бош мавзуси бўлмоғи лозим.

Фозил Фарҳод,

2019 йил, 10 сентябр, 22:19.

Манба

Матнда хатоликни кўрсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter ни босинг.

Фикр матни

Илтимос, изоҳингизни киритинг!
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг