11 апрел куни Ҳиндистон ҳукумати коронавирусга қарши ишлатиладиган ремдесивир дорисини ва уни тайёрлашда ишлатиладиган моддаларни чет элга экспорт қилиш тақиқланганини маълум қилди. Ҳозирда Ҳиндистонда коронавирус авж олиб, кунлик касалланишлар сони рекорд даражада ошаётгани сабаб ушбу дори воситасига талаб кескин ортиб кетди.Шунинг учун ҳукумат ушбу қарорни қабул қилди.
«Ҳозирги вазиятни инобатга олган ҳолда, Ҳиндистон ҳукумати эпидимиологик ҳолат яхшиланмагунча ремдесивир ва унинг таркибий қисмларини экспорт қилишни тақиқлади» дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.
Бугунги кунда Ҳиндистоннинг етти компанияси ушбу препаратни ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлиб, улар ҳар ойда 3.9 миллион дона ремдесивир дорисини ишлаб чиқариш қувватига эга.
Сўнгги ҳафталарда Ҳиндистонда коронавирус тарқалиши кескин кўпаймоқда. Бу мамлакатда 10 апрел куни 152 682 кишига CОVID-19 ташхиси қўйилган, яна 838 киши ушбу касаллик асоратларидан вафот этган.