Ҳиндистон олимларнинг рухсат бериши биланоқ CОVID-19 га қарши вакцинани катта миқдорда ишлаб чиқаришга тайёр. Бу ҳақда Ҳиндистон Бош Вазири Нарендра Моди 15 августда Мустақиллик куни муносабати билан қилган нутқида айтиб ўтган.
“Ҳиндистонда бир эмас, икки эмас, балки учта вакцина синовлардан ўтказилмоқда. Вакцинани катта миқдорда ишлаб чиқариш билан бирга, уни ҳар бир ҳиндистонликка зудлик билан етказиб бериш учун ҳам режаларимиз тайёр” деди Моди Деҳлидаги 17 асрда қурилган саройда нутқ сўзлар экан.
Ҳиндистонда бу йилги Мустақиллик куни тадбирларида қатнашувчилар сони коронавирус пандемияси туфайли камайтирилди. Нарендра Модини кутиб олган фахрий аскарлар ушбу маросимдан олдин карантинга олинишган бўлиб, тадбирга фақат 4000 тагина меҳмон таклиф қилинган. Улар бир-бирларидан икки метр масофа сақлаган ҳолда ўтиришди, шунингдек, бу ердагиларнинг бирортасида CОVID-19 аломатлари аниқланиб қолса, уларга ёрдам бериш учун тез тиббий ёрдам ҳам шай қилиб қўйилди.
Ҳиндистон Бош Вазири Хитой билан алоқалар ёмонлашгани борасида гапирар экан, мамлакатнинг суверенитети барча нарсадан устун эканлигини таъкидлади. Ҳиндистон ва Хитой чегарасида шу йилнинг июнь ойида сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий тўқнашувлар юзага келган ва унда 20 нафар ҳинд аскари вафот этганди.
“Мамлакатимизнинг суверенитетига кўз олайтирган ҳар кимга армиямиз уларнинг қилган муомаласига яраша жавоб қилди” дейди Моди Хитойга ишора қилар экан.
Шунингдек, Моди Ҳиндистоннинг халқаро майдондаги таъсирини кучайтириш учун мамлакатнинг иқтисодий қудратини ошириш муҳимлигини айтди ва импорт ҳажмини камайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш лозимлигига урғу берди.
Бош Вазир Ҳиндистоннинг инфратузилмасини яхшилаш учун 7000 та лойиҳага 110 триллион рупи (1.47 триллион АҚШ доллари) йўналтирилиши борасидаги режаларни ошкор қилди.
Модининг сўзларига кўра, бу режа янги иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни кўпайтириш орқали мамлакат қитисодиётининг ўсишни жонлантиради.