DEMOSCOPE бюроси жорий йил май ойида ўтказган сўров натижаларига кўра, Қозоғистон фуқароларининг учдан бир қисми Россия ўтган йилнинг февраль ойида Украинага тўлақонли бостириб киришни бошлаганидан бери Россияга нисбатан муносабати ёмон тарафга ўзгарган.
“Фуқароларнинг ярми (51,5 фоизи) Россияга муносабатини ўзгартирмаган. Қозоғистонликларнинг учдан бирида (32,6%) эса ёмонлашган. Сўровда қатнашганларнинг атиги 4,7 фоизи уруш бошланганидан бери Россияга муносабати яхшиланганини айтди”, — дейилади бюро хабарида.
“Жамоатчилик фикрининг энг муҳим белгиси – бу можаро томонларини қўллаб-қувватлаш даражаси. DEMOSCOPE натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 21,1 фоизи Украинани қўллаб-қувватласа, 12,8 фоизи Россия томонида. Фуқароларнинг аксарияти (59,8 фоизи) бетарафликка амал қилишлари характерлидир”, — дейилади хабарда.
Умуман олганда, DEMOSCOPE тадқиқоти шуни кўрсатдики, аввалги сўровдан олти ой ўтгач, Қозоғистон фуқароларининг Украинадаги урушга муносабати сезиларли даражада ўзгармаган.
“Бироқ, Россияни нисбатан муносабат сўралган саволдаги жавобларда салбий тенденция кузатилган. Хусусан, қозоғистонликларнинг 15 фоизи Россиянинг Қозоғистонга ҳужум қилиши мумкинлигига ишонади. Бу 2022 йил ноябрь ойидаги кўрсаткичдан икки баравар кўп. Аввал эса фақат 8,3% бундай эҳтимолни кўрсатган эди.
Шу билан бирга, респондентларнинг 23,3 фоизи бундай прогнозни тан олади, аммо муайян шароитларда. Аввалги сўров натижаларига кўра, 19% шундай фикрда эди. Жумладан, 61,8% эса, аксинча, бундай прогнозни имконсиз деб ҳисоблайди. Ўтган йили бу кўрсаткич 72,7 фоизни ташкил этди”, — дейилади хабарда.
“Таъкидлаш жоизки, ёши бўйича Россияни энг кўп қўллаб-қувватлаганлар 60 ёшдан ошган респондентлар орасида қайд этилган – 22,9%. Бу бошқа ёш тоифаларига қараганда икки баравар юқори. Айнан мана шу ёш тоифаси Украинадаги уруш ҳақидаги ахборотларни телевидение орқали олишни маъқул кўради”, —дея таъкидлайди тадқиқотчилар.
DEMOSCOPE сўрови шуни кўрсатдики, жами қозоғистонликларнинг учдан бир қисми (31,8 фоизи) Кремль нарративлари билан ҳамжиҳат: 13,6 фоизи Россия Украинада нацистларга қарши махсус ҳарбий операция ўтказаётганига ишончи комил, 18,2 фоизи эса Россия Украина ҳудудида Ғарб давлатлари ва НАТО билан уруш ҳолатида, деб ҳисоблайди. Сўнгги олти ой ичида бу кўрсаткичлар унчалик ўзгармаган.
Шу билан бирга, Россия Украинани босиб олиш ва уни янада аннексия қилиш мақсадида унга қарши уруш олиб бормоқда, деб ҳисоблайдиган қозоғистонликлар улуши 22 фоиздан 28 фоизга ошганига эътибор қаратилмоқда. Бу ушбу саволга жавоб беришга қийиналар улушининг камайиши (44,7% дан 39,7% гача) туфайли содир бўлган.
Сўров 3 майдан 12 майгача телефон орқали ўтказилган, унда 1,1 минг киши иштирок этган.