Қозоғистон Молия вазирлиги Россия ва Белорусссияда санкциялар остида қолган товарларни етказиб беришни деярли имконсиз қиладиган буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига ташлади.
«Айрим турдаги товарларни Қозоғистон Республикаси ҳудудидан Россия Федерацияси ва Белоруссия Республикаси ҳудудига олиб чиқишда уларнинг ҳаракатини ҳисобга олиш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа асосан, интернетдаги товарлар рўйхати эълон қилинади ва уларни етказишга нисбатан чекловлар қўлланилади.
Фармонда таъкидланганидек, давлат даромадлари органлари товар учун электрон ҳисоб варақ-фактура нусхаларини бир кун муддатда тасдиқлаши, агар товар келиб чиққан давлат айрим турдаги товарларни олиб чиқиш тақиқланган давлат бўлса, сертификатлаштиришни рад этиши керак.
Ҳисоб-фактураларнинг тасдиқланган нусхаларисиз Қозоғистондан товарларни олиб чиқишга йўл қўйилмайди, давлат органлари Россия билан чегарадаги пунктларида буни ўз назоратларига олишади.
Қозоғистоннинг миллий темир йўл юк ташувчиси буюртмага кўра, электрон счёт- фактураларнинг тасдиқланган нусхалари ёки сертификатлаш шарт эмаслиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирдагина экспорт қилади.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Қозоғистоннинг Россияга қарши санкцияларга қўшилиш режалари йўқлигига ишонмоқда. Песковнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати қозоғистонлик ҳамкасблари билан “доимий алоқада” ва бу алоқа энг юқори даражада амалга оширилмоқда.
«Шунинг учун ҳам ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилингани йўқ. Аксинча, биз ҳамкорликни янада кенгайтириш, четдан келаётган «чақириқларга» биргаликда жавоб бериш ва бу нодўстона хатти-ҳаракатлар оқибатларини минималлаштириш ниятидамиз. Ҳозирча шундай. Биз шу йўналишда давом этамиз”, деди Песков. Бундан ташқари, у Қозоғистон Россия учун дўст давлат бўлиб қолаётганини ҳам тасдиқлади.
15 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Қозоғистон Россияга қарши Ғарб санкцияларини диққат билан кузатишини таъкидлаганди. Бундан ташқари 17 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида нутқ сўзлаган Токаев Қозоғистон “ДНР” ва “ЛНР”ни тан олмаслигини айтиб ўтган эди.