Ҳозирги вақтда бир қатор мамлакатларда ижтимоий етимликнинг асосий сабаби аҳоли турмуш даражасининг пастлиги ва ишсизликдир. Иш излаб, ота-оналар қўшни вилоятларга ёки ҳатто бошқа мамлакатларга кетишга мажбур бўлишади, бу эса болаларнинг ота-онасидан ажралишига олиб келади. Етим болалар ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланади. Ушбу муассасаларда нечта бола борлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Уларнинг сони 10 миллиондан ортиқ эканлиги тахмин қилинмоқда. Келтирилган маълумотлар етимлар сони муттасил ўсиб бораётганини тасдиқлайди.
Мактаб-интернатларда тарбияланаётган етим болаларда шахсий ривожланиш босқичлари бузилиш билан содир бўлади. Агар оилада ота-оналар болани мустақил бўлишга, ўзларига ғамхўрлик қилишга ва ўзларига хизмат қилишга ўргатсалар, мактаб-интернатларда бу иш деярли амалга оширилмайди. Мактаб-интернатда яшовчи болалар “Белгиланган тартиб асосида” яшайдилар (жадвалга мувофиқ овқатланиш, кир ювишда нарсаларни ювиш в.б.). Яна бир психологик муаммо шундаки, мактаб-интернатда яшовчи етимларнинг ўзига хос ижтимоий алоқалари йўқ. Оилада тарбияланган болалар ота-оналари, катта қариндошлари (бобо-бувилари), ака-ука, опа-сингиллар, амакилар, холалар ва бошқалар билан мулоқот қиладилар. Етим болалар бу имкониятдан маҳрум, уларнинг ўзаро муносабатларининг асосий доираси тенгдошларидир. Педагоглар билан алоқа мавжуд бўлсада, уларнинг бандлиги туфайли вақт сезиларли даражада чекланган. Шу муносабат билан етим болалар атрофдаги дунёга нисбатан изоляция ва ишончсизлик билан ажралиб туради, уларда ижтимоий хулқ-атворнинг ижобий шакллари етарли даражада шаклланмаган. Бундан ташқари, бошқа одамлар билан чекланган мулоқот ва ўзаро муносабатлар, айниқса, мактаб-интернатларда тарбияланганлар учун ақлий ривожланишга салбий таъсир қилади ва ижтимоийлашув жараёнини мураккаблаштиради.
Бугун айнан шу жараёнларга бирмунча замонавий методлар асосида ёндашган ва бу борадаги муаммолар кўламини намуна даражасига олиб давлатлар тажрибаси ва унинг Ўзбекистондаги ҳолат билан муштарак ва фарқли томонларини очиб беришга ҳаракат қиламиз.
Бу борада дунёдаги вазият:
Бу борадаги тарихга назар соладиган бўлсак, бугунги кундаги институтсионал марказлар (болалар уйлари, патронат тизими в.б) учун асос дин билан бевосита боғлиқ ҳолда ривожланган. Масалан Европада черков боқувчи сифатида олинган ҳар бир оилага маълум бир тўлов амалга оширганлиги тўғрисида XVII асрдан бошлаб ҳужжатларда маълумотлар мавжуд.
Исломда эса бу масала бошқачароқ йўл билар ҳал этилган. Хусусан шаръий ҳукмларда ўзганинг боласига даҳл қилиш (оталикка даъво) мумкин бўлмаган. Фақиҳларнинг аксари буни номаҳрам шахслар асралиши лозим бола учун қай ҳолатда бўлмасин маҳрам бўла олмаслигини асос қилиб келтиришади. Шу сабаб, етимларга моддий маънавий кўмак уларнинг статусига даҳл қилмаган ҳолда амалга оширилган. Бугунги Ўзбекистонда ҳам ХХ аср бошига қадар бу тизим асосий механизм сифатида ишлаганлигини кўришимиз мумкин.
Дунёвийлик дунё давлатларида устун мавқега эга бўлиб бориши билан вазият ўзгариб, бугунги кўринишдаги институтционал тузилмалар шакллана борди ва бу борада бутун дунёдаги вазият унификациялашган ҳолатда (даврий нуқтаи назардан фарқ бўлсада) ривожланаётганлигини кўришимиз мумкин. Масалан, бугунги кунда 140 дан ортиқ давлат ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари конвенцияси” (1989), болалар уйлари (Ўзбекистонда “Меҳрибонлик уйлари”), ХХ аср ўрталаридан “СОС уйлар” бунга яққол мисол бўлади.
Италия ва Ўзбекистон тажрибаси солиштирма таҳлили:
Ўзбекистон: Бизга маълумки, бизда бугунги кундаги замонавий институтционал тузилмалар ташкил топиши ХХ аср бошида давлатчилик тузумидаги ўзгаришлар фонида юз берди. Хусусан, Ўзбекистонда (ўша даврда Туркистон АССР) 1918 йилда асосан кўчиб кетган бой ва бошқа аҳоли қатламлари уйлари ўрнида ташкил этилган. Улар ёш тоифасига қараб иккига бўлинган
А) Мактабгача бўлган ёшдаги болалар (3-7 ёш);
Б) Мактаб ёшидаги болалар (7-18 ёш).
ХХ аср 20 йилларида соҳага эътибор ортиб “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари учун қишлоқ ҳудудларида 1/10 десятина ер ажратилган (пахта майдонларида бу ўлчов икки баробар кам бўлган). 30 йилларга келиб жисмонан нуқсони бор болалар учун алоҳида масканлар ташкил этилган.
1997 йилдан Ўзбекистонда «Болалар уйлари» билан бир қаторда “СОС болалар қишлоқлари” ташкил этилиши бўйича қадамлар ташланган бўлсада, бу иш амалда 20 йилдан ортиқ вақт чўзилди. Ўтган йилдан бошлаб бу борада манзилли “Меҳрибонлик уйлари”ни тугатиш ва унинг юқоридаги аналогга хос шаклига ўтиш жараёни бошланди.
Италиянинг бу борадаги тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Рим католик черковининг маркази сифатида мазкур тармоқ шаклланишида христиан олами учун шамчироқ вазифасини ўтаган. Дастлабки етимларга ғамхўрлик қилиш марказлари ҳам ушбу юртда вужудга келган. Амалдаги конститутциянинг (1948 йилда қабул қилинган) 4- моддасида (3,10,30,31 моддалар) бола ҳуқуқлари масаласидаги фундаментал нормалар киритилган, унга кўра тенглик ва бу принципга амал қилиш вояга етмаган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлайди. 10- моддада эса Италия ҳукумати бу борадаги ҳалқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этиши кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида Италия бола ҳуқуқлари бўйича жаҳондаги энг яхши тажрибаларни интеграцияси тарафдори деган хулосага келишимизга сабаб бўлади. Италияда етимлар ҳуқуқларининг замонавий шакли мамлакат бирлашувидан кейин (1871) шаклланган бўлиб, унга кўра мериялар ҳузурида масъул кенгашлаш шакллантирилган (бугунги кунда Ўзбекистонда бу тизим ҳали ҳам мавжуд).
Италияда иккинчи жаҳон урушидан кейин Автралияда илк ташкил этилган “СОС болалар қишлоқлари” (кейинги ўринларда қишлоқлар) (дунёда уларнинг сони 553 та) ташкил этила бошланган. Бугунги кунда бу дастур орқали Италияда Остуни, Рим, Монтова, Винченца, Трента, Моросоло, Саронно (жами 7 та) “қишлоқлар” фаолият юритмоқда.
Сўнгги йилларда Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан мингрантлар оқимининг ўсиши бунақанги қишлоқлар учун юклама миқдорини ортишига сабаб бўлди. Аммо ҳукумат ва донор ташкилотлар кўмагида бу масалалар ҳал этилмоқда.
Мазкур тоифа вакилларига жамият ёндашуви Италия ва Ўзбекистон мисолида:
Ўзбекистон: мамлакатимизда мазкур тоифа вакилларига бўлган муносабат ҳақида тўлиқ, аниқ бирламчи хулоса бериш ниҳоятда мушкул. Маълум қатлам орасида уларни кўнглига йўл топиш асосий масала сифатида қаралса, маълум тоифа вакилларида уларнинг кўча безориси, оғир ҳулқли, жиноятчиликка мойил қатлам сифатида стериотип шаклланган. Амалда уларни тоифалаш жараёнида норматив ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган атамалар (боқувчисини йўқотган шахс в.б.) аҳоли орасида кенг қўлланилмайди.
Италияда мазкур қарашлар бирмунча ўзгача ҳолатда шаклланган уларда “етим” сўзи кўп ўринларда қўлланмайди (2000 йилларга қадар қўлланилган) унинг муқобили сифатида “оиласидан узоқлашган болалар”, “ота-она қарамоғидан айро болалар” каби жумлалар қўлланилади.
Италияда Ўзбекистонда мазкур соҳада аналоги бўлмаган яна бир фаолият кенг тараққий этган. Бу ўзга юртлардан болаларни асраб олиш фаолияти. Бу борада Италия дунёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Асосий болалар оқими Шарқий Европа давлатларидан (РФ, Украина, Белорус в.б.) ҳисобланади. Шу билан бирга, бир жинслилар томонидан болаларни асраб олиш борасида Италия нисбатан консерватив давлатлар сирасига киради, яъни улар анъанавий оилавий муносабатлар бола учун тўлиқ қулайлик яратади деган фикрда.
Хулоса: Италияда етимлар ҳуқуқини тизимли равишда ҳимоя қилиш жараёни Ўзбекистондан анча олдин бошланган. Бу борадаги Италия тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этиши, унинг асрлар давомида бу борада Ғарбда энг олди ўринни эгаллаганлиги, оилага бўлган муносабатлар шарқдаги каби консерватив руҳда эканлиги, шу билан бирга, иқтисодий имкониятлари кенглиги боис янги тажрибаларни амалиётган эрта жорий этиши билан боғлиқ.
Шаҳбоз Ҳасанов